Тафаккур қаноти

    “Президент совғаси” – “Спарк” автомашинаси билан тақдирланиб келмоқда. 5 йил давомида 11 нафар ёш китобхон ушбу юксак совғага мушарраф бўлди.

    Китоб мутолааси одамларни ҳамиша эзгуликка чорлайди ва маърифатга ошно этади. Ёшларнинг қалбида юксак маънавиятни шакллантиришда китоб ва китобхонликнинг ўрни беқиёс. Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, Президентимизнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги, 2018 йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидан.

    Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, юртимизда китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига, натижада жамиятда китобга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, келажак авлоднинг маънавий савиясини янада юксалтиришга замин яратди.

    Бу борада, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови муҳим аҳамият касб этди. Танловнинг мамлакат босқичида биринчи ўринни эгаллаган ғолибларнинг ҳар бири, “Президент совғаси” – “Спарк” автомашинаси билан тақдирланиб келмоқда. 5 йил давомида 11 нафар ёш китобхон ушбу юксак совғага мушарраф бўлди.

    Президент совғаси

    Хўш, давлатимиз раҳбарининг юксак совринини қўлга киритган ушбу ғолиб ёшлар айни кунларда нималар билан банд? Бу мукофот уларнинг ютуқлари, интилишлари, келажагига қанчалик таъсир кўрсатди? Кўнглимиздан кечган ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида ғолиб бўлган ёшлар, уларнинг ота-оналари ва танловда ҳакамлик қилган адабиётшунос олимларни суҳбатга чорладик...

    “Ёш китобхон” танловининг 2017 йилда ўтказилган илк босқичида Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги 17-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова биринчи ўринни эгаллаб, Президент совғаси билан тақдирланган эди. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг талабаси.

    — Қизим Моҳинисо “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлганида 16 ёшда эди, — дейди унинг отаси Шавкат ака Дўланов. — Биласизми, бу танлов нафақат қизимнинг, шу билан бирга, менинг ҳаётимдаги ҳам энг қувончли воқеалардан бири бўлди. Ўзим асли ўқитувчиман. Уйимдан олисроқда жойлашган ишхонамга велосипедда қатнардим...

    Қизимнинг муваффақияти билан велосипедим “Спарк” автомобилига айланди. Қизим совға қилган машинани миниб юрар эканман, қалбим фахрга тўлади. Аслида мен ҳам ёшлигимда кўп китоб ўқирдим, китоб ўқишга жуда қизиқардим. Бироқ, бизнинг давримизда бугунги ёшларга қаратилаётган эътиборнинг ўндан бири ҳам бўлмаган. Президентимизнинг ғамхўрлиги ва рағбати туфайли бугунги ёшлар улкан имкониятларга эга бўлиб, билим ва иқтидори билан юксак муваффақиятларни қўлга киритишда давом этмоқда. Мен уларга жуда ҳавас қиламан!

    “Ёш китобхон” танлови, мутолаага, маърифатга бўлган рағбат, шарт-шароит Моҳинисонинг илм олишида, мақсадларига етишишида ижобий таъсир кўрсатди. Ана шу эзгу мақсадларга интилиш самараси ўлароқ у жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бу эса, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва бебаҳо бойлиги, ҳаётини ўзгартиришга қодир бўлган буюк мўъжиза эканидан далолатдир.

    Умр йўлларини ёритувчи ёғду

    — Китоб — қалбимизни покловчи, умидларимизни юксалтириб, руҳиятимизни тозартирувчи ажиб бир мўъжиза, — дейди 2018 йилда “Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичи ғолиби, Қўқон давлат педагогика институти талабаси Шарофатхон Исмоилова. — Китоб туфайли одам ва олам гўзаллигини янада теран ўрганиб бораётгандайман. Болалигимдан китобга ошно бўлиб, улар ичида улғайдим. Танловда ғолиб бўлганим, орзуларимга учқур бир қанот берди. Ҳозирда институтда ўқиш билан бирга, Алишер Навоий лирикасини чуқурроқ ўрганиш мақсадида илмий изланишларимни ҳам олиб боришни мўлжаллаяпман. Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ қон-қонимга сингиб кетган. Мен бугун шу нарсани англаб етдимки, китоб ҳаётнинг улуғворлигини англаб олишга ёрдам бериш баробарида, инсонни улуғлик сари етакларкан...

    Саодат манбаи

    Дарҳақиқат, китоб — умр йўлларимизни ёритувчи сўнмас нур, ҳаётимизга мазмун бахш этувчи саодат манбаи. “Ёш китобхон” республика танловининг ҳайъат аъзолари, таниқли адабиётшунос олимларнинг танлов ва китоб мутолааси ҳақидаги фикрларини тинглар эканмиз, Президентимизнинг “Китобсиз тараққиётга ва юксак маънавиятга эришиб бўлмайди” деган сўзлари замирида улкан маъно-мазмун мужассам эканига яна бир бор амин бўлдик.

    — Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва ғамхўрлиги остида ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови нафақат ёшларимизни, балки бутун халқимизни китоб ўқишга ва ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорламоқда, — дейди филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов. — Мен қарийб 4 йилдан бери ушбу танловда иштирок этиб келаман. Шу жараёнда амин бўлдимки, ёш китобхонларнинг савияси, дунёқараши, фикрни ифода этиш тарзи йилдан-йилга ижобий тарафга ўзгариб бормоқда. Танловнинг Низоми такомиллашиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим. Дейлик, бу йил шартларга яна 2 та янги шарт қўшилди. Биринчиси “Тезкор савол-жавоб” ва иккинчиси ”Эркин мавзу”. Бунда иштирокчининг мантиқий фикрлаши, воқеа-ҳодисаларни бадиий адабиётга боғлаши ҳамда адабий тилда силлиқ гапириши мезонлар асосида баҳоланади. Бу танлов келажакда ўзининг юксак натижасини бериши, шубҳасиз. Бугунги рағбат фақат ўқувчи ва талабаларни эмас, балки ота-оналарни ҳам ­қизиқтирмоқда. Ота-оналар фарзандларини билим олишга, китоб ўқишга янада рағбатлантиряпти. Энг муҳими, улар ҳам китобнинг инсон шахсининг шаклланишидаги кучини, таъсирини янада чуқур ҳис этишмоқда.

    — Чиндан ҳам китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк кучдир. Ана шу буюк куч туфайли инсоният тафаккурида эзгу ғоялар ривож топади, комиллик ва яхшиликка интилади, — дейди филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқулов. — Шу боис, бугун мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида залворли натижаларга эришилаётганини бугун барчамиз кўриб гувоҳ бўлиб турибмиз.

    Қарор, факт ва рақамлар

    Вазирлар Маҳкамасининг “2020–2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим ишлаб чиқиш мақсадида 2020–2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

    Юксак манзиллар сари

    — “Ёш китобхон” танловини ташкил этишдан асосий мақсад — буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришдан иборат, — дейди ­Республика Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттахонова. — 2017 йил 250 минг, 2018 йил 720 минг, 2019 йилда 1 миллион 210 минг, 2020 йилда 300 минг нафар ёш “Ёш китобхон” танловида иштирок этиш истагини билдирган. 2017–2021 йиллар мобайнида жами 3 миллионга яқин ёшлар шу истак йўлида ариза билан мурожаат қилган. “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида эса, 3 миллион 200 мингдан зиёд китоб ёшларга етказиб берилди. Мазкур китоблар учун 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Шунингдек, “Ёшлар нашриёт уйи” ташкил этилиб, 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 59 номдаги 590 минг нусха бадиий адабиёт чоп этилиб, юртимиздаги барча таълим муассасалари кутубхоналарига бепул тарқатилди. Танлов доирасида маҳаллий, ҳудудий ва республика босқичи ғолиблари 30 мингдан ортиқ бадиий адабиётлар билан тақдирланди. Албатта, мазкур танлов Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусни амалга оширишда ҳам асосий куч ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, китобхонлик борасида сўнгги 4-5 йил ичида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак манзилларни кўзлаган ўзига хос саодат манзили, дея баралла айтишимиз мумкин.

    Танлов ғолиблари ва муваффақиятнинг иккинчи довони

    Мақолани тайёрлаш жараёнида сўнгги йилларда “Ёш китобхон” танловининг ғолиби бўлган 11 нафар йигит-қизнинг исм шарифини бирма-бир қайд этиб, газетхонлар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.

    Шундай қилиб, танловнинг илк босқичи, яъни 2017 йилда, самарқандлик Моҳинисо Шомуродова ҳамда фарғоналик Шарофатхон Исмоилова Республика босқичида биринчи ўринга сазовор бўлди.

    2018 йилда самарқандлик Маҳлиё Ўроқова, қорақалпоғистонлик Нурсулу Коканова, тошкентлик Шоҳсанам Холбоева ана шундай муваффақиятга эришди. 2019 йилда Тошкент шаҳридан Отабек Эшпўлатов, Қорақалпоғистон Республикасидан Шаҳзода Каримбоева, Қашқадарё вилоятидан Сурайё Шодиева, 2020–2021 йилларда эса, фарғоналик Муҳаммадфозил Исмоилов, пойтахтдан Мафтуна Умарова, андижонлик Фотимахон Маматалиева “Ёш китобхон” танлови ғолиблари, деб эътироф этилди.

    Бугунги кунда “Ёш китобхон” танлови ғолибларининг 2 нафари — Маҳлиё Ўроқова ва Шоҳсанам Холбоева “Келажак бунёдкори” медали билан, Фотимахон Маматалиева “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлса, Моҳинисо Шомуродова ҳамда Шаҳзода Каримбоева “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бу эса, китобхон ғолибларимиз Президент билдирган юксак ишончни оқлаш баробарида, янада юксак марраларни забт этиш учун жиддий изланаётганидан дарак беради.

    Китоб – тафаккур қаноти

    Дарҳақиқат, “Ёш китобхон” танлови келажакнинг нурли манзилларига олиб борувчи ёруғ йўллар сари чорлар экан, ўз бағрига эзгуликнинг истиқболли лойиҳаларини ҳам қамраб олади. Жумладан, жорий йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасида ўтказилиши белгиланган “Китобхонлик ҳафталиги” инсонларнинг қалбига маърифат ёғдусини олиб кирса, 30 ёшгача бўлган ёш оилаларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида ўтказилиши режалаштирилаётган “Ёш китобхон оила” танлови оилаларнинг янада бахт ва саодатга бурканиб яшашида бахтли бир бекат ҳисобланади.

    Инсонга китобдан қимматли дўст йўқ. У туфайли инсон тафаккурида эзгу ғоялар улғаяди, комиллик ва яхшиликка интилади.

    Севимли адибимиз Ойбек ёзганидек, “Китоб тафаккур қанотидир”.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates