Такрорий экин  қўшимча даромад, тўкинлик манбаи

    Агросектор 27 июл 2023 1786

    Қишлоқ одамлари танти, жўмард, меҳнаткаш бўлади. Айни саратон жазирамасига қарамасдан, бозорларимиз тўкинлиги учун ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экяпти.

    Биласиз, қишлоқларда “бекорчи”ни топиш қийин. Деярли барчанинг томорқаси бор. Қолаверса, мамлакатимизда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлардан самарали фойдаланиш мақсадида янги тизим йўлга қўйилдики, бу оиласи учун қўшимча даромад топиш истагида бўлган, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз учун айни муддао бўлмоқда. Шунинг учун ҳам бундай жойларда ишсизлик масаласи деярли муаммо эмас. Бу борада энг мақбул ечим, юқорида айтганимиздек, ердан унумли фойдаланиш.

    Ёз фасли келиб, буғдой ўрими бошланадиган аввалги йилларни яхши эслаймиз. Қишлоқдаги қариндош-уруғлар доим бир муаммодан ёзғириб қоларди. Такрорий экин мавсумидаги ер тақсимоти тор доирада, пала-партиш ҳал қилиб юбориларди. Ер эгаси ерни танишларига ёки бошқаларга шерикликка берарди. Табиийки, шериклик келишуви доирасида олинган ҳосил иккига бўлинарди, яъни кетмон чопиб тер тўккан деҳқон даромадининг ярмини ер эгаси билан бўлишишга мажбур эди.

    Бугунги кунга келиб эса вазият тамоман ўзгарди. Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ер муносабатлари тартибга солиняпти.

    Жумладан, жойларда аҳолига ер майдонлари 3+1 дастури асосида ажратилмоқда. Тизим орқали халқимиз, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар, ерга эҳтиёжмандларга такрорий экин етиштириш орқали қўшимча даромад топиш имконияти яратиляпти. Мазкур хайрли ташаббус камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятли.

    Кузи илиқ — ҳосили бўлиқ

    Ғалла ҳосили йиғиб олингандан кейин асосий экиндан бўшаган майдонларга ўз вақтида ишлов бериш ва улардан такрорий экин учун фойдаланиш бугуннинг муҳим вазифаларидан бири. Кузи илиқ ва узоқ давом этадиган, сернам жойларда бу усул айниқса, қўл келади.

    Сурхондарё иқлими ердан унумли фойдаланиш, йил давомида икки, ҳатто уч марта ҳосил олиш имконини беради. Вилоят ғаллакорлари 15–20 июнгача ҳосилни йиғиштириб олган тақдирда ҳам, ундан кейин қарийб тўрт, қуёш саҳоватини заминдан аямайди. Бу эса донли экинлар, сабзавот, полиз ва картошка етиштириш учун айни муддао.

    Маълумотларга кўра, жорий йилда ғалладан бўшаган майдонларни такрорий экин учун аввало, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 15 минг 453 нафар ишсиз, шунингдек, 14 минг 171 нафар меҳнатга лаёқатли, лекин бандлиги таъминланмаган фуқаролар ҳамда 961 нафар мигрант ва уларнинг оила аъзоларига бериш режа қилинган.

    Деҳқон учун ҳар дақиқа ғанимат. Буни тўғри англаган фермер хўжаликлари ва кластерлар ҳосили йиғиб олинган ерларни тезда шудгорлаб, фойдаланиш учун аҳолига ажратиб бермоқда. Денов туманида ҳам тасдиқланган манзилли режа ва йўл харитасига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 6 минг 400 нафардан ортиқ аъзоларига деҳқончилик хўжаликлари ташкил қилиш учун 9 минг 77 гектар ер майдони ажратиб берилди. Аҳамиятли томони, мавсумий фойдаланиш учун ер олган ҳар бир фуқаро ортидан унинг ўзи каби ишсиз камида беш нафар қариндошининг ҳам бандлиги таъминланади.

    Такрорий экин сифатида дуккакли дон, мойли ва ем-ҳашак етиштириш тавсия қилинади. Экинларнинг “бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида жойлаштирилаётгани ҳам юқори ҳосил олиш имконини беради. Бундай жараён бир хил агротехник тадбирлар қўлланиши, экинга сув беришнинг узлуксизлигини таъминлайди.

    Ҳаражатсиз даромад олиш имкони

    Юртимизда аёлларга қартилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрлик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу боис, ҳар бир соҳада улар учун қатор имкониятлар яратиб берилмоқда. Такрорий экин етиштириш жараёнида ҳам ишсиз аёлларниниг мавсумий бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Денов туманининг Тасмасой маҳалласида яшовчи Маҳлиё Нарзуллаева “Аёллар дафтари”да рўйхатда туради. У қандолат маҳсулотлари оилавий корхонасини очишни режа қилган. Ер ажратилиши эса унинг орзулари рўёбга чиқишида асқотади.

    — Маҳалламиздаги ҳосилдор жойдан ер ажратиб берилди, — дейди М. Нарзуллаева. — Тайёр шудгорланган ер, экин уруғи билан бирга берилаётгани ҳаражатларсиз даромад олиш имконини яратади. Такрорий экиндан мўмайгина фойда олиб, уйда қандолатчилик билан шуғулланиш учун кичик корхона очишни ният қилганман. Меҳнат қилган, ҳаракат қилган одам даромад ҳам кўрар экан. Ўтган йили ҳам такрорий экиндан катта фойда олиб, тўй қилган эдик. Бу далалар менга бегона эмас. Шундоққина кўчамизнинг боши. Бу ернинг “иссиқ-совуғи”ни яхши биламан.

    Ўз Ватанимда меҳнат қилмоқчиман

    Музработ туманида жорий мавсум ғалладан бўшаган 10 минг 700 гектар майдонга такрорий экин экиш режа қилинган. Аҳамиятли томони, туманда “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи 13 оила, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 189 нафар ёшлар, “Аёллар дафтари”даги 109 нафар хотин-қизга, шунингдек, 152 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз, миграциядан қайтган 11 нафар фуқарога ер майдони ажратиб берилган.

    — Ишсизлигим туфайли чет давлатларга бориб ишлаб келардим, — дейди Муҳаммадали Абдураҳмонов. — Мусофирчиликнинг нони қаттиқ бўлар экан. Кўп қийинчилик кўрдик. Аризамга кўра менга ер ажратиб беришди. Ердан оладиган даромадим ҳисобига маҳалламизда тадбиркорликни йўлга қўймоқчиман. Бундан кейин хорижда эмас, ўз Ватанимда меҳнат қилишни ният қилдим. Ўзга юртда, зах ерларда соғлигингни йўқотиб ишлаш, юракда хадик билан тонг оттириш азоб. Ўз маҳалламдан ажратилган ер мен учун катта имконият. Шу дала нафасидан тўйиб катта бўлганмиз. Қолаверса, маҳалла фаоллари ҳам қараб турмайди. Ҳосил мўл бўлиши учун маслаҳатини аямайди.

    Жорий йилда Сурхондарё вилоятида такрорий экин майдони ўтган мавсумдагига қараганда икки ҳиссага ортган. Бу ички истеъмол бозорини ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар билан барқарор тўлдириш, қайта ишлаш корхоналарини доимий хомашё билан таъминлаш, шунингдек, дунёда кузатилаётган озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ мураккаб даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

    Такрорий экин етиштириш мавсуми бир қарашда у қадар муҳим жараёндек кўринмагани билан юртдошларимиз даромадини кўпайтиришда ҳам, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис, юртимизда мўл-кўлчилик манбаига айланган соҳани қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратиляпти.

    Феруза ЖЎРАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates