Талаба парламент раиси бўлди

    Кейинги авлод 10 август 2020 6101

    Ўзбекистонда Ёшлар парламенти ўз фаолиятини бошлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ёшлар масалалари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган янги тузилманинг биринчи йиғилиши онлайн форматда бўлиб ўтди. Унда Ёшлар парламентининг келгуси фаолиятига доир ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

    Ёшлар парламенти қуйи палатанинг маслаҳат органи бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритадиган жами 250 нафар депутатдан ташкил топган. Шундан 46 нафари Ёшлар парламенти Республика комиссиясининг тавсиясига асосан тайинланган, қолгани халқ депутатлари шаҳар (туман) кенгашларининг вакили ҳисобланади.

    Дастлабки йиғилишда Ёшлар парламентининг раиси сайланди. Ушбу масъулиятли вазифага Тошкент давлат юридик университети талабаси Жамшид Бобоев лойиқ топилди.

    Жамшид 1994 йилда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида туғилган. Айни вақтда жиноий одил судлов факультетининг 4-босқичида таҳсил олади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг курс етакчиси. БМТ Тараққиёт дастури, USAID халқаро ташкилотлари лойиҳаларида иштирок этган. Ўқиш баробарида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳам ишлаб келмоқда.

    Ёшлар парламентининг тузилишини мен юртимиз қонун ижодкорлиги соҳасидаги уникал ҳодиса, деб биламан — қайд этди Ж.Бобоев. — Бугундан бошлаб кўп миллионли Ўзбекистон ёшларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ишончли вакилига айландим. Зиммамдаги вазифалар залворини тўлиқ ҳис қилиб турибман. Биз, депутатлар ёшларнинг қонуний манфаатларини ифода этиб, талаб-истакларини ҳукуматга етказишимиз, муаммолари ечимида кўмаклашишимиз керак. Ишонаманки, Ёшлар парламенти ўзимиз учун-да катта мактаб бўлади. Илло, келгусида қонунчилик жараёнида бевосита иштирок этиб, ҳуқуқий онгимизни оширамиз, сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмамизни амалда бойитамиз. Шахсан ўзим учун бу юрт корига яраш, Президентимиз бошлаган улкан ислоҳотларга камарбаста бўлиш учун қулай имкониятдир.

    Тошкент давлат юридик университети

    Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими