Таълимдаги одимлар юксалиш йўлидаги марраларга етакламоқда

    Таълим 5 июл 2023 1177

    Шу кунларда пойтахтимизда «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусида халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон — соғлом ва билимли жамият» халқаро конференцияси мамлакатимизда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбиянинг ўрни мавзусига бағишланди.

    Анжуманда таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга татбиқ этиш ва унинг самараси борасида фикр алмашилди. Кенг жамоатчилик юртимизда таълим, илм-фан соҳасида кечаётган ислоҳотлар билан таништирилди.

    «Сифатли таълим — янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори», «Инсон капитали: глобал муаммолар ва ривожланиш тенденциялари» мавзуларида ўтказилган мулоқотда мактабгача ва мактаб таълимига доир ислоҳотлар мазмуни ҳамда соҳадаги кенг ўзгаришлар таҳлилига атрофлича тўхталиб ўтилди.

    Мухбиримиз анжуман иштирокчиларининг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди.

    Ҳилола УМАРОВА, мактабгача ва мактаб таълими вазири:

    — Ҳар қандай жамиятнинг келажаги таълим билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон замини икки буюк Уйғониш даврига бешик бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ҳудуддан кўплаб даҳолар етишиб чиққани дунёга маълум ва машҳур. Бугун мана шу буюк аждодларимизга муносиб ворисларни тарбиялаш учун юртимизда таълимга катта эътибор берилмоқда. Зотан, аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи 29 ёшгача бўлган ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистон учун эса таълим, ҳеч шубҳасиз, стратегик масаладир.

    Бу борада қатор ютуқларга эришган бўлсакда, инсон капиталини ривожлантириш учун ҳали қилишимиз зарур бўлган кўплаб вазифалар бор. Уларни уддалашда халқаро тажриба ва ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Айнан шунинг учун барча маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг ягона платформаси — Маҳаллий таълим гуруҳи фаолияти йўлга қўйилиб, таълим ислоҳотларига доир масалалар бирдамликда ҳал этилмоқда.

    Айнан шу мулоқот майдонида Таълим бўйича глобал ҳамкорлик, УНИСEФ, УНEСCО каби ҳамкор ташкилотлар иштирокида Таълим – 2030 концепциясидан келиб чиқиб, Миллий йўл харитаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Бу орқали яқин келажакдаги асосий эҳтиёжларимиз аниқланиб, зарур ишлар кўлами белгилаб олинди.

    Кейинги йилларда мактаб таълимига илғор хорижий методика ва тажрибаларни олиб кириш, барча учун қулай ҳамда инклюзив таълим муҳитини таъминлаш, мактаб инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳани тўлақонли рақамлаштириш каби ўта долзарб, масъулиятли вазифалар зиммамизда турибди.

    Конференция эришган натижа ва ютуқларимиз бўйича фикр алмашиш, олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб олиш учун қулай платформа вазифасини ўташи шубҳасиз.

    Мунир МАМEДЗОДА, УНИСEФ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

    — Конференцияда Ўзбекистондаги таълим ислоҳотлари ҳақида фикр алмашдик. Мулоқотда, хусусан, инклюзив ва сифатли таълимга урғу берилди. Бу борада сўнгги йилларда кўп иш қилинди. Мактабгача ва мактаб таълимига қамров кенгайди. Таълим сифати, педагогларнинг малакаси оширилди. Ўзбекистон бу ривожланишнинг бошланғич палласида турибди.

    Мамлакатингиз бугун тарих чорраҳасида туриб, таълим ривожида янги марраларни забт этишга интилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати халқнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлиги учун сифатли таълим муҳимлигини англаган ҳолда ўқитиш соҳасида катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Бироқ бу ишлар халқаро ташкилотларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги ва кўмагини талаб қилади. Биз бу жараёнда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз.

    Метю ГОЛДИ-СКОТТ, таълим бўйича халқаро эксперт, 2023–2026 йилларда Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси:

    — Таълимнинг юқори сифат даражасига эришиш учун ислоҳот ва ўзгаришлардан чўчимаслик керак. Ўзбекистон бу йўналишда қатъий ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этиш, ўқув дастурларини янгилаш, сифатли ўқув материалларини ишлаб чиқиш ва илғор технологияларни қўллаш сифатли таълимнинг ажралмас таркибий қисмидир.

    Ўзбекистон аллақачон таълим ва илм-фан соҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Бироқ таълимнинг қулайлигини ва ўқитиш сифатини ошириш, барча фуқаролар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришимиз керак.

    Аслан ИБРОҲИМ, Бирлашган Араб Амирликларидаги Миллий мактаб раҳбари, таълим бўйича халқаро эксперт:

    — Юртингиз мактабларида таълим сифатини ошириш мақсадида маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида Миллий ўқув дастури яратилганидан хабардорман. Унга асосан 420 номдаги янги авлод дарсликлари яратилиб, Кембриж, Клетт нашриётлари ва Герцен университетининг дарсликлари маҳаллийлаштирилмоқда. Инглиз, немис ва рус тили фанларидан халқаро доирада тан олинган 79 номдаги ўқув-методик қўлланма ва дарсликлар амалиётга татбиқ этилгани ўқувчиларнинг янги билимларни ўзлаштиришида катта аҳамият касб этади.

    Шунингдек, илк бор халқаро баҳолаш тадқиқотлари (ПИРЛС, ТИМСС, ПИСА, ТАЛИС) ва индексларда (Инсон капитали индекси – 2020) Ўзбекистон умумтаълим муассасалари иштироки таъминланиб, халқаро рейтингларда мамлакатингизнинг мавқеи юқорилаётганини кузатиш мумкин.

    Стив КИНГ, «Cамбридге Ассессмент» ташкилотининг таълим хизматлари департаменти директори:

    — Ўзбекистонда таълим-тарбиянинг замонавий усуллари йўлга қўйилган. Мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг малакасини ошириш борасида ҳам ижобий ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлдик. Юртингизда барча болалар, жумладан, имконияти чекланганлар учун ҳам қулай шароит яратишга эътибор қаратиляпти.

    Ўзбекистонда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ўқитиш сифатини ошириш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар таҳсинга лойиқ. Шунингдек, таълим олиш учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилаётгани ҳам эътиборга молик жиҳат.

    Хиромитсу САКАТА, «КEИ Адванcэд» таълим ташкилоти директори ва ижрочи менежери:

    — Таълим соҳасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (ЖИCА) билан бирга Ўзбекистонда ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Улардан бири математика фанидан мактаб ўқувчиларининг билимини баҳолашга қаратилган «Япония услубидаги академик ютуқларни баҳолаш модели» лойиҳасидир.

    Ушбу лойиҳа доирасида 40 та умумий, 10 та хусусий ва 2 та Президент мактабининг 8, 9, 10-синф ўқувчилари билан 4 маротаба тест ўтказдик ҳамда натижаларни таҳлил қилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этдик. 2021 йилдан бери ўтказилаётган лойиҳа доирасида биринчи ва тўртинчи синов натижалари орасида катта ўзгаришлар бўлгани бизни ҳайрон қолдирди.

    Мамлакат ривожи кўп жиҳатдан истеъдодли ёшларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятини намоён қилишига кўмак бера оладиган таълим тизимини яратишга боғлиқ. Ана шундай тизимнинг яратилгани бугунги натижаларда яққол кўриниб турибди.

    Виджай КУМАР, Массачусетс технология институтининг Таълим инновация ва технологиялари департаменти директори:

    — Массачусетс технология институти «Янги Ўзбекистон» университети билан тайёр ўқув жараёнини ташкил этиб бериш эмас, балки мутахассислар малакасини ошириш орқали энг илғор тажрибани жорий эта оладиган жамоани шакллантириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйган.

    Фикримча, мактаб таълими борасида ҳам, энг аввало, инсон капиталига, жумладан, педагоглар малакасини ошириш, уларни халқаро стандартлар асосида баҳолашга катта эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон айнан шу йўлдан бормоқда. Мисол учун, вазирлик тизимида педагогларни баҳолашга қаратилган алоҳида тузилма, жумладан, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ташкил этилгани гапимнинг исботидир.

    Биз нафақат таълимга, балки ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришга ҳам сармоя киритиш лозим бўлган дунёда яшаяпмиз. Бунда энг муҳим жиҳат педагогик инновациядир. Ўқитувчи таълимдаги ислоҳотлар марказида турсагина катта ютуқларга эришиш мумкин.

    Лазиз ХЎЖАМҚУЛОВ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи:

    — Конференцияда юртимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар, ўзгаришларга хорижлик экспертлар, мутахассислар назари билан баҳо берилди. Бу нима учун муҳим? Энг холис фикр четдан берилган баҳодир. Таъкидланганидек, таълимдаги ислоҳотлар фақат ислоҳот учун эмас, фаровон ҳаёт, инсон капиталини ривожлантириш учун амалга оширилмоқда. Энг муҳими, биз ҳали йўлнинг бошидамиз. Бошлаган ишимизни охирига етказиш учун, албатта, салоҳиятли кадрлар керак.

    * * *

    Ҳафталик доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Сифатли таълим ва инновациялар — барқарор келажак асоси» мавзусида халқаро конференция ҳам ташкил этилди.

    Тадбир аввалида ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда таълим сифати ва қамровини ошириш ҳамда ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш, илмий-инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мамлакатнинг инновацион салоҳиятини шакллантириш ва янада такомиллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали механизмлар яратилгани таъкидланди.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, олий таълим, фан ва инновациялар вазири:

    — Ислоҳотлар натижасида таълим сифати ва қулайлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. Барча соҳада илмий-инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиз инновацион салоҳиятини шакллантириш ва юксалтиришнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилди.

    Сўнгги йилларда сезиларли натижалар қўлга киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 2015 йилдагига нисбатан 40 поғона кўтарилиб, 2022 йилда 82-ўринни эгаллади. 2019–2022 йилларда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар томонидан қиймати 40,4 миллион долларлик 627 та лойиҳа тижорийлаштирилди. 31,6 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 23,6 миллион долларлик маҳсулот сотилди ва 7 миллион долларлик хизмат кўрсатилди.

    Мамлакатимизда креатив иқтисодиётни шакллантиришда янги иш ўрни ташкил этишдан иқтисодий қиймат (капитал) яратишгача бўлган «тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот» узлуксиз экотизимини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилинди. Унга асосан, 2030 йилга бориб Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингида дунё бўйича илғор 30 мамлакат қаторига киритиш белгилаб берилган.

    Башир ЧАНБАША, энергетика ва янги материаллар соҳасида халқаро эксперт (Ҳиндистон):

    — Таълим соҳасида Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексдаги ўрнини яхшилайдиган бир қанча аниқ йўналишлар мавжуд. Булар ОТМларнинг рейтинги, халқаро аккредитация, индексланган журналларда нашрлар сонининг кўпайиши ва бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда янги ўқув дастурларининг жорий этилишидир.

    Кўникмаларга асосланган иш ўринларини яратиш ва меҳнат бозори эҳтиёжини таъминлаш университетларнинг энг муҳим вазифасидир. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш университетлар, саноат корхоналари, сиёсатчилар ва тегишли манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда ҳамкорликдаги ёндашувни талаб қилади.

    Тадқиқот ва ишланмаларни оммалаштириш жараёни тадқиқотчилар, олимлар ва институтлар ўртасида тадқиқот ўтказиш, билим алмашиш ва инновацион ечимларни ишлаб чиқишда глобал ҳамкорликни англатади.

    Ерик АЖУЛАЙ, «Нехус Инноватион Ҳуб анд Инcубатор» директори ва асосчиси (АҚШ):

    — Ўзбекистонда кўплаб илмий тадқиқот институтлари ва университетлар мавжуд. Ушбу ташкилотлар технологиялар трансферини рағбатлантирадиган ва осонлаштирадиган сиёсатга таяниши муҳим. Инновациялар ва технологиялар бозорга чиқарилмаса, улардан ҳеч кимга фойда келмайди.

    Қўшма инновацион лойиҳалар орқали давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш ҳар икки томоннинг бошқа томон дуч келадиган эҳтиёж ва муаммоларни тушуниши учун ажойиб қадамдир.

    Ўзбекистон ёш тадбиркорларни қўллаб қувватлаш мақсадида бизнес инкубатор ва акселераторлар яратиши керак. Қонун-қоидаларни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлов ва рағбатлантириш орқали маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш, янги ғоялар ёрдамида корхоналар яратиш мумкин. Бу Ўзбекистонга салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, инновациялар соҳасида минтақавий етакчига айланиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш имконини беради.

    Сардор ДОНАЕВ, Тошкент давлат техника университети проректори, физика-математика фанлари доктори, профессор:

    — Жамият тараққиёти амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами ва мантиғига боғлиқ. Таълим тизимидаги, жумладан, олий таълимдаги ислоҳотлар натижасида юз берган ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга. Ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда катта ижобий ўзгаришларга олиб келди, ҳатто халқаро майдонда ҳам юртимиз обрў-эътиборини кўтарди.

    Таълим тизимини ривожлантириш педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, инновацион таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини таълимга жорий этишга жиддий ёндашиш билан бирга, профессор-ўқитувчилар ойлигини ошириш ва рағбатлантириб бориш зарурлигини кўрсатди.

    Глобал ва миллий даражадаги ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсирида ОТМ бошқарув тизимида трансформацион жараён кучайиб бормоқда. Ушбу жараён фақат бошқарув тизими билан чекланмасдан, ОТМларнинг барча функционал йўналишларини қамраб олаётир. Шуни эътиборга олсак, бугун ОТМлар фаолиятини ташкил этиш моделида жиддий ўзгаришлар юз бермоқда, деган хулосага келиш мумкин. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси асосида ОТМда бошқарувга оид йўналишларни такомиллаштириш олий таълим муассасаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Рисолат МАДИЕВА тайёрлади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates