Танзила Нарбаева: «Гендер тенглик Янги Ўзбекистон устувор йўналишининг ажралмас қисмига айланди»

    Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги интервьюси Қозоғистоннинг «Курсив» бизнес-нашрида эълон қилинди.

    Танзила Нарбаева: «Гендер тенглик Янги Ўзбекистон устувор йўналишининг ажралмас қисмига айланди»
    Олий Мажлис Сенати Раиси Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастурлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб берди.

    2021 йилда Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган Гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Ҳужжатда бошқарувда хотин-қизлар сонини кўпайтириш, гендер номутаносиблигини камайтириш, таълим олишга имконият яратиш, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қарши курашиш назарда тутилган. Бугун республикада гендер тенглик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Унинг аҳамиятини Президент тилга олмоқда, мамлакатимизда халқаро ташкилотлар кўмагида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича турли дастурлар амалга оширилмоқда. Бугун Ўзбекистонда ва бутун минтақада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастурлари қандай амалга оширилаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти раҳбари Танзила Нарбаева билан суҳбатлашдик.

    Хотин-қизлар учун ислоҳотлар

    – Танзила Камаловна, бугун давлат томонидан гендер тенгликка қандай эътибор берилмоқда?

    – Анъанага кўра Ўзбекистон жамиятида аёл, энг аввало, меҳрибон она, уй бекаси, биринчи тарбиячи ва устоздир. Бу пахта яккаҳокимлиги даврида сунъий равишда бузилди. Ўшанда далаларда асосий ишчи кучи аёллар эди, улар ойлар давомида белларини букиб, бўлажак ҳосил ҳақида енг шимариб ғамхўрлик қилар эди. Қишлоқ аёли таълим олиш ва лавозими кўтарилиши ҳақида ўйлай олмасди. Касб-ҳунари йўқлиги уларнинг барқарор даромад олишига имкон бермасди, шу туфайли аёллар ожиза бўлиб қолган эди.

    Бугун Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга, давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жараёнларида уларнинг ролини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўз хотин-қизларнинг алоҳида мақоми ва уларга нисбатан ҳурматни тиклаш ҳақида бормоқда. Бу тамойиллар гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосига айланди.

    Бу вазифаларни амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилган. Бироқ энг муҳими кучли сиёсий ирода бор.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инаугурациядаги нутқида хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсатининг ажралмас қисми бўлишини, бу борада тегишли Миллий дастур қабул қилиниши кутилаётганини таъкидлади.

    – 2021 йил май ойида Сенат Гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлади. Ушбу ҳужжат қандай амалга оширилади?

    – Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши давлатимизда гендер сиёсатини ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Стратегияда хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш, қизларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига, шу жумладан, вақтинчалик квота тизими орқали кўрсатиш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда давлат тузилмалари фаолиятининг 2021-2030 йилларга мўлжалланган муҳим жиҳатлари акс эттирилган. Бу йўналишлар яқин истиқболда устувор йўналишларга айланади, Стратегияда эса ушбу жараёнларни амалга оширишда, қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёллар ва эркакларнинг тенг иштироки назарда тутилмоқда.

    Зўравонлик ва одам савдосининг олдини олиш Стратегиянинг яна бир асосий хусусиятидир. Ўзбекистон хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни назарда тутувчи асосий халқаро шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Бу масалаларда биз халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиб, турли дастурларни амалга оширяпмиз, бу эса ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

    – Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида хотин-қизлар ҳуқуқлари қандай акс эттирилган?

    – Бугунги кунда аёллар ва эркаклар мутлақо тенг ҳуқуққа эга. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Гендер омили Меҳнат кодексида анча батафсил акс эттирилган. Давлат томонидан аёллар учун меҳнат меъёрлари, туғруқ таътиллари, вояга этмаган болаларни тарбиялаётган оналар учун иш тартиби белгиланган. Иш берувчиларнинг касаба уюшмалари билан тузган меҳнат шартномаларида ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг турли нормалари мустаҳкамланган.

    Масалан, ип-калавани қайта ишловчи корхоналардаги пахта-тўқимачилик кластерларида ходимларга хизмат транспорти тақдим этилади, уларга бепул озиқ-овқат ва махсус кийим берилади, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштиришда кўмак берилади. Бу масалаларнинг барчаси иш берувчи томонидан ҳал қилинади. Ишловчи аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсати амалда татбиқ этилаётганига бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.

    Бизнесга хуш келибсиз

    – Бугун аёллар тобора кўпроқ бизнесда ўзларини намоён қилмоқда. Давлат аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қандай кўмак бермоқда?

    – Бугун республикада тадбиркор аёлларнинг бизнесдаги улуши 39 фоизни ташкил этмоқда, бу ҳозирги замон ўзбек жамиятининг алоҳида тоифаси бўлиб, уни ҳам қўллаб-қувватлаш зарур.

    Тадбиркорлик тузилмаларига раҳбарлик қилаётган ташаббускор аёллар туфайли янги корхоналар очилиб, иш ўринлари яратилмоқда. Бу аёллар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларни ободонлаштиришда, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Энг муҳими, улар ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган бошқа қизлар ва аёлларга ўрнак бўлмоқда. Шу боис мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашишни ташкил этиш мақсадида аёллар тадбиркорлиги марказлари ташкил этилди. Биргина 2021 йилнинг ўзида 53,8 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик хотин-қизлар уларда турли касб-ҳунарларга ўқитилди.

    Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун 100,3 миллиард сўмдан ортиқ (9,2 миллион доллар) кредитлар ажратилди. Мазкур чора-тадбирлар туфайли 34,5 минг нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.

    Кредитлар, имтиёзлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг бошқа кўринишлари мамлакатимиз иқтисодиётининг жаҳон миқёсида ривожланишига қўшилаётган ҳиссадир. Boston Consulting Group экспертларининг фикрича, агар тадбиркор аёллар сони бизнесдаги эркаклар сонига тенглашса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти икки баробар ортади.

    – Бундай лойиҳалар давлат томонидан молиялаштирилишни талаб қилади. Бундай ташаббусларни тарғиб қила оладиган хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки қанчалик кенг ёйилган?

    – Бугун хотин-қизлар турли соҳаларда ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришлари мумкин. Давлат бошқарувида аёллар вакилларини кўпайтириш учун сиёсат, иқтисодиёт ва жамият ҳаётида етакчи лавозимларни эгаллашга қодир 15 минг нафардан ортиқ хотин-қизлардан кадрлар захираси шакллантирилди. Лидер аёллар тайёрлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

    2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон тарихида илк бор миллий парламентдаги аёллар сони 32 фоизга етди. Парламентлараро иттифоқнинг «Миллий парламентларда аёллар» рейтингига кўра (2020 йил бошига кўра) Ўзбекистон парламенти 193 та давлат орасида 44-ўринни эгаллади. Сиёсий партияларда хотин-қизларнинг улуши 46 фоизга, олий таълимда 47 фоизга етди. Мамлакатда раҳбарлик лавозимларида аёллар ва эркаклар нисбати мос равишда 27 фоиз ва 73 фоизни ташкил этмоқда.

    Манзилли ёрдам

    – Лидер бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, кўплаб ўзбекистонлик аёллар ҳаётида қийин вазиятларга тушиб қолади. Давлат уларга қандай ёрдам бермоқда?

    – Бундай мураккаб масалаларни ҳал этишда, биринчи навбатда, жойларда мақсадлилик тамойилига амал қилинади. «Аёллар дафтари» ноёб лойиҳаси доирасида 2021 йилдан бошлаб амалга оширилаётган ишлар буни яққол кўрсатиб турибди.

    Ушбу дастур ҳаётида қийин вазиятларда аёлларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган. Энг муҳими, бу жараён имкон қадар шаффофдир. Муҳтожлар рўйхати жойлардаги масъул идоралар томонидан шакллантирилади, уларнинг бажарилиши эса депутатлар томонидан назорат қилинади, улар ўз туманларида бундай ёрдам олувчилар билан алоқада бўлади.

    «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар турмуш шароитини, жумладан, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва бандлигини таъминлаш орқали яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 98 минг нафарга яқин хотин-қиз 1 трлн 197 млрд сўмдан ортиқ (қарийб $112 млн) имтиёзли кредит олди.

    Самарали мулоқот

    – Сиз Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти раҳбарисиз. Бу қандай ташкилот?

    – Бирлашма 2020 йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари етакчи аёллари ўртасидаги ҳамкорлик платформаси ҳисобланади.

    Мулоқот доирасида минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, мамлакатларимизда гендер дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш борасида фикр ва тажриба алмашамиз. Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва БМТТДнинг Минтақавий бюроси кўмагида ташкил этилган. Ушбу бирлашма ишлаган биринчи йилда унга раислик қилиш Ўзбекистонга юкланган эди.

    – Жорий йилда ушбу ташкилотга раислигингиз доирасида қандай йўналишлар ишлаб чиқилишига эришилди?

    – Бу йил Мулоқот доирасида қатор тадбирлар ўтказдик. Биз эътиборимизни қаратган асосий мавзулар аёллар етакчилиги ва тадбиркорлик масалалари бўлди. Боз устига, мазкур учрашувлар нафақат долзарб масалаларни муҳокама қилиш майдонига, балки мамлакатларимиз турли давлат тузилмалари, нодавлат ташкилотлар, бизнес тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун майдонга айланди.

    Июнь ойида Тошкентда «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» Мулоқотининг биринчи форуми бўлиб ўтди, унда минтақадаги тадбиркор аёлларнинг ҳамкорлиги бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди. Сентябрь ойида Бишкек шаҳрида ўтказилган «Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти» бизнес-форуми ушбу дастурни амалга оширишнинг дастлабки босқичларидан бири бўлди. Унда икки давлатдан 100 дан ортиқ ишбилармон аёллар иштирок этди. Умумий қиймати 21 млн доллардан ортиқ бўлган 20 дан ортиқ шартнома ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши Қирғизистонда ўтказилган тадбиркорлар учрашувининг асосий натижаси бўлди.

    Сентябрь ойи охирида Тошкентда Марказий Осиё тадбиркор аёллари ўртасида В2В-учрашувлари форматида кооперация биржаси ўтказилди. 250 дан ортиқ ишбилармон аёллар ўзлари ҳақида сўзлаб бериш ва қўшни республикаларда ҳамкасблари нима билан шуғулланаётганини билиш учун Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюрди. Форум якунида умумий қиймати 20 млн доллардан ортиқ 21 та ҳамкорлик шартномаси тузилди.

    Октябрь ойи охирида биз БМТ тузилмалари билан биргаликда Тошкентда «Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва аёллар етакчилиги» мавзусида конференция ўтказдик. Ноябрь ойида эса Тошкент вилоятида маҳаллий қизлар учун етакчилик, мураббийлик ва гендер тенглик масалалари бўйича минтақавий ўқув оромгоҳи ташкил этилди. Унда ўз ҳаётини бизнес, давлат бошқаруви, илм-фан, сиёсат ва бошқа соҳалар билан боғламоқчи бўлган 30 дан ортиқ қизлар иштирок этди.

    Ўзбекистон раислиги доирасида биз ўзаро ҳамкорликнинг ушбу форматини имкон қадар фойдали қилишга ҳаракат қилдик. Мулоқот доирасидаги тадбирларда турли соҳадаги аёллар иштирок этгани эса гендер тенглик муаммоларига турлича қараш ва бу муаммоларни ўз давлатларида тўпланган тажриба ва билимларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш имконини беради.

    Иш ва оила учун илҳом

    – Сиз сиёсатда анчадан бери фаолият юритиб, фаолиятингиз давомида муваффақиятга эришдингиз. Сизнингча, Ўзбекистонда аёл кишининг раҳбар бўлиши қийинми?

    – Мамлакатимизда аёлларнинг раҳбарлик қилиш анъанаси нисбатан яқинда пайдо бўлган. Бир пайтлар аёл кишининг раҳбар бўлиши истисно сифатида қабул қилинар эди. Бироқ тартиблар ўзгармоқда ва бугун аёллар бизнес соҳасида ўзларининг қадр-қимматини исботлади.

    Аёл кишининг бошқарув услуби хотиржамроқ, мувозанатлироқ, юмшоқроқдир. Ўз ишида қатъиятлилик, сабр-тоқат ва нарсаларни охирига етказиш қобилияти етакчи аёлга муваффақиятга эришишга ёрдам беради. Агар компания аёл томонидан бошқарилса, ривожланиш одатда изчил бўлади.

    Масъулият ва кичик масалаларга ҳам эътибор қаратиш биринчи ўринга чиқади. Қарор қабул қилувчи тузилмаларда аёлларнинг фаолият олиб бориши сиёсатнинг ижтимоий йўналтирилишини таъминлайди.

    Мен масъулиятни ўз зиммасига олишга ёки етакчи бўлишга қарор қилган аёллар учун алоҳида қийинчиликлар бор деб айтмаган бўлардим. Асосийси, ўзингизга бўлган ишонч.

    – Танқид ҳақида нима дейиш мумкин? Сиз бунга иш давомида дуч келган бўлсангиз керак? Бу халал бермайдими?

    – Соғлом ва конструктив танқидни оддий қўполлик ва ҳурматсизликдан ажратиш муҳимдир. Афсуски, бугун Интернет ва ижтимоий тармоқларда бу жуда кенг тарқалган. Фаолиятим ва ҳокимият органлари фаолияти тўғрисида фактларни нотўғри талқин қилмасдан, контекстдан алоҳида ибораларни кесиб олмасдан, моҳиятан очиқ гапираётган одамларнинг фикрини ҳурмат қиламан ва уларга қулоқ соламан.

    Соғлом танқид шахсан менга масалага бошқача қарашга, хулоса қилиб олишга ва турли фикрларни ҳисобга олиб, энг тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради. Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ва энг долзарб масалаларни, жумладан, гендер тенгликни очиқ ва холисона кўтараётган хорижий оммавий ахборот воситаларининг савияси кейинги пайтларда сезиларли даражада ошганини мамнуният билан қайд этаман. Бу жамиятимиз етуклиги ортиб бораётганидан далолат беради.

    – Ўзбекистонда хотин-қизлар учун ижтимоий кўтарилиш шартлари ҳозирги ва аввалги йиллардагидан фарқ қиладими?

    – Бугун яратилаётган шарт-шароитлар, қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, ҳар хил танловлар, таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш учун берилган имтиёзлар, молиявий воситалардан фойдаланиш имконияти яратилгани – буларнинг барчаси ва яна кўп бошқа нарсалар хотин-қизларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзини намоён қилиши учун кенг имкониятлар очмоқда.

    Оддий қишлоқ меҳнаткашлари хусусий сектордаги турли тузилмаларни муваффақиятли бошқариб келаётганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, яқин вақтгача Ўзбекистонда болалар боғчалари билан қамров даражаси 26 фоиздан ошмас эди. Ҳозир бу кўрсаткич аллақачон 60 фоиздан ошиб кетган. Гап шундаки, аксарият болалар боғчалари хусусий ёки давлат-хусусий шериклик асосида аёллар томонидан очилади.

    – Аёл илҳомни қаердан излайди? Сизнинг лайфхакингиз.

    – Албатта, ҳар бир аёл бахтни ўзига хос тарзда тушунади. Уни орзу билан солиштириш мумкин. Мўътадилликка эришиш, яъни оила, муҳаббат ва иш ўртасида мувозанат яратишга ўрганиш муҳимдир ва аёлларимиз орасида бундайлар кўп. Бу оддий туюлиши мумкин, лекин ишдан, оиладан илҳом олиш, кун беҳуда ўтмаганлигини тушунишдан завқланиш лозим. Буларнинг барчаси ҳаётга маъно беради.

    – Келажакда Ўзбекистон ва Марказий Осиё аёлларини қандай тасаввур қиласиз?

    – Одатда барчамизда келажак билан боғлиқ ёрқин режаларимиз бор, инсон шундай яратилган. Давлат ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ҳамда тузилмалар даражасида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатлар эса ўз самарасини бериши керак. Асосийси, аёллар нафақат оилада, балки жамиятда ҳам эътирофга эришишга интилмоқда. Бу оптимистик прогнозлар қилишга асос беради.

    Мен келажакда Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари аёлларини албатта соғлом ва бахтли аёллар сифатида тасаввур қиламан. Ҳозир ҳақиқатга айланган эркин танлов имконияти бундай бахтга эришишга ёрдам беради, деб ўйлайман. Мамлакатимиз ва минтақамиз хотин-қизлари турли соҳаларга тобора кўпроқ жалб этилмоқда, уларнинг ўрни фақат ошхонада, деган эскича қарашларга барҳам берилмоқда.

    Бундан кейин ҳам юртдошларимиз муҳим қарорлар қабул қилишда олдинги сафда бўлишади. Давлатларимиз жамиятда тотувликни таъминлашни мақсад қилиб қўйган, буни гендер тенгликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ишончим комилки, тез орада бу иш доимий ва узоқ муддатли натижалар беради.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates