Сув — улуғ неъмат, бутун олам тириклиги манбаи. Президентимиз қанчалик қийин бўлмасин, халқимизни сув билан таъминлаш, деҳқонларимизга зарур шароитлар яратиш учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Одамларни рози қилиш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бераётганини кўриб, билиб турибмиз. Давлатимиз раҳбарининг “Деҳқон бой бўлса, давлат бой бўлади” деган сўзлари замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад мужассам.
Бундан ўн йил олдин халқаро экспертлар билан мулоқотда иқлим ўзгариши, ёғингарчиликлар ва асрий музликлар камайишининг Марказий Осиёга таъсирини муҳокама қилдик. 2025 йилга келиб, минтақада сув ресурслари 5 фоизгача, 2030 йилларда 10 фоизгача камайиши мумкинлиги, аҳолининг сув танқислигидан азият чекиши ҳақида ташвишли башоратлар билдирилди.
Давлатимиз раҳбари сув хўжалиги соҳаси олдига, биринчи навбатда, халқимиз эҳтиёжи учун сувни етказиб бериш, иқлим ўзгариши ва бошқа таъсирлар туфайли сувнинг етишмаётган қисмини қоплаш вазифасини қўйган.
Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 2023 йилда 7, 2024 йилда 8 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди. 2025 йилда эса ушбу кўрсаткични 10 миллиард куб метрга етказиш кўзда тутилган. Бу етишмаслиги башорат қилинган ўша сув миқдорига тенг, десак хато бўлмайди. Яъни иқтисод қилиш орқали бизга етмаётган сув миқдорини қоплаяпмиз.
2030 йилгача йилига 15 миллиард куб метр сувни иқтисод қилишга эришиш мақсад қилинган.
Нукус шаҳрида зах сувлари туфайли кўча четлари ва йўлак бўйларидаги ерларни туз қоплаб, гулу райҳон тугул дов-дарахт ҳам кўкариши қийин эди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Нукус шаҳридан ўтувчи “Дўстлик” каналини бетонлашга киришилди. “Нукус” коллекторини босқичма-босқич қуриш ишлари бошланди. Қисқа фурсатда натижа бўй кўрсатди. Каналдаги сув фильтрацияси камайиб, сизот сувлари сатҳи пасайди. Бугун Нукус кўчаларини бориб кўрсангиз, гуллар яшнаб турганига гувоҳ бўласиз.
Ёки бир пайтлар Гулистон шаҳрида ер ости сувлари меъёрдан ошиб кетаверганидан Сирдарё вилояти марказини Янгиер шаҳрига кўчириш масаласи ҳам кўрилган эди.
Масаланинг ечимига Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бош-қош бўлди, зарур маблағлар топилди. Гулистон шаҳридан ўтувчи канални реконструкция қилиш ва бетонлаш натижасида сув фильтрацияси камайди. Вертикал дренаж қудуқлари қурилди, ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилиб, сизот сувлари сатҳи сезиларли даражада пасайтирилди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Урганч шаҳрида “Шовот” каналининг бетонланиши туфайли ёки бўлмаса деярли ботқоққа айланай деган Норин туманида тик қудуқлар қурилиши натижасида ер ости сизот сувлари сатҳи билан боғлиқ муаммолар барҳам топди.
Президентимизнинг эътибори туфайли сув хўжалиги соҳасига ҳам катта сармоялар киритиляпти. Ислом тараққиёт банки иштирокида Хоразм вилоятидаги “Тошсоқа” каналлар тизими, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Фарғона водийси вилоятларидаги каналлар, Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Бухоро вилоятидаги, Ислом тараққиёт банки кредитлари эвазига Cурхондарё вилоятидаги каналлар бетонланиши натижасида ушбу каналлар ҳудудида ер ости сувларининг сатҳи ўртача кўп йиллик кўрсаткичдан 0,3- 0,5 метрга пасайди, каналларнинг фойдали иш коэффициенти ошди.
Энг асосийси, суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, сув ўзи оқиб келиши ҳисобига минглаб кичик насос станциялар фаолияти тўхтатилди. Электр энергияси ва эксплуатацияга кетадиган маблағлар иқтисод қилинди.
Президентимиз 2023 йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида канал ва ариқларни бетонлаш масаласига алоҳида урғу берди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув исроф бўляпти. Шу боис, 2024 йил — сув хўжалигида “Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”, деб эълон қилинди. Давлат бюджетидан 676,7 миллиард сўм ажратилиб, 555 километр каналлар реконструкция қилинди. Кластер, фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг километр ички суғориш тармоқлари бетон қопламага ўтказилди.
Булар шунчаки айтиб ўтиб кетиладиган рақамлар эмас. Бинобарин, буларнинг ортида халқ фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкин- сочинлиги масаласи турибди.
Яқин-яқингача томчилатиб суғориш технологияси Ўзбекистон шароитига тўғри келмайди, бизнинг иссиқ иқлимга ариқлардан анъанавий усулда суғориш мос деган нотўғри қараш бор эди.
Ўзбекистонда 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдони бўлса, шунинг қарийб 40 фоизи охирги беш-олти йилда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинди.
Кейинги йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этганларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимизнинг 7 та фармон ва қарори қабул қилинди.
Илгари сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуна ва бутловчи қисмлари чет давлатлардан келтирилган. 2019 йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар билан шуғулланадиган икки ё учта корхона бор эди. Ҳозирга келиб, бундай корхоналар сони 60 тадан ошди. Ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиши ҳисобига бир гектар учун маҳсулот таннархи 20 фоизгача арзонлашиши билан бирга жойларда сервис хизмати йўлга қўйилди. Биргина сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобидан 2024 йилда 2,5 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди.
Агар давлатимиз раҳбари қатъий талаб қўймаганида, давлат томонидан кредит, субсидиялар ажратилмаганида ҳали ҳам сув тежовчи технологияларнинг баъзи усуллари бизнинг шароитга мос келмас экан деб ўзимизни овунтириб юрган бўлардик.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида мамлакатда суғориладиган майдонларни сувни тежайдиган технологиялар билан 100 фоиз қамраб олиш вазифаси қўйилган. Яна 4-5 йилда улкан марранинг қолган қисми ҳам уддаланади.
Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида минтақа давлатлари орасида ташаббускор бўлмоқда. “Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бу соҳада минтақавий дастурни ишга туширишга чақирамиз”, деди Президентимиз Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида.
Айтганча, яратилган шароитлар эвазига бу йилдан илғор фермерларимиз ўртасида янги ҳаракат пайдо бўлди. Сув тежовчи технологияларни ишлатиш учун қуёш панелига ўтаётганлар сафи кенгаймоқда.
Очиғини айтиш керак, сув хўжалиги соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағнинг 70 фоизи 1700 га яқин насос станцияси учун сарфланадиган 7 миллиард киловатт-соат электр энергиясига йўналтирилади. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда 8,3 миллиард киловатт-соат электр энергияси сарфланган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 6,5 миллиард киловатт-соатга тушди.
Президентимиз томонидан 2024 йил 7 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму- Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилингани, лекин ўрта ва майда насослар эскилиги сабабли сув таннархи ошиб кетаётгани таъкидланганди. Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда галдаги вазифалар белгиланди. 2025 йил — сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилинди.
Президентимиз таъкидлаганидек, сув хўжалиги соҳасида кескин ўзгариш қилишнинг бирдан-бир йўли — рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик, аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, охирги тўрт йилда онлайн режимда 13 минг 174 та сув омбори ва ирригация тизимининг сув ўлчаш постларида сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, 10 минг 296 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER”, 1748 та насос станцияда сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди. 96 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқаруви автоматлаштирилди.
Вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилди. “Suv hisobi”, “Nasos stansiyalari” каби ахборот тизимлари яратилди.
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори халқимизга кўрсатилган катта ғамхўрлик намунаси бўлди. Бинобарин, ҳужжатда 2024-2025 йилларда энг оғир аҳволдаги мингта маҳаллада томорқа ерларини суғоришни яхшилаш ёки уларда электр энергияси барқарор етказиб берилишини таъминлаш, интернет сифатини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа инфратузилмани яхшилаш мақсадлари учун 3,2 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшасин деган ғояни илгари сурмоқда. Бугун томорқасига экин эксин, даромад олсин, бой яшасин, деяпти.
Шу мақсадда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 2025 йилда 864 та объект бўйича умумий қиймати 1,1 триллион сўмлик 1882 километр суғориш тармоғи бетонланди, 185 километр лоток тармоғи, 380 километр қувур, 818 та суғориш қудуғи қурилди, 421 та насос агрегати ўрнатилди.
Сув таъминотида муаммо бўлган маҳаллалардаги 467 мингта хонадоннинг 77,5 минг гектар томорқа майдонида сув таъминоти яхшиланди.
Бугун сув хўжалиги тизимидаги ишлар кўлами кенг. Буларнинг бошида, энг аввало, соҳани ич-ичидан яхши биладиган, билими ва узоқ йиллик тажрибаси билан бизга йўл- йўриқ кўрсатиб келаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев турганини алоҳида эътироф этамиз.
Қийинчиликсиз ҳаёт йўқ. Йиллар ўтар, сув танқис бўлар, даврлар келар сув яна кўпаяр. Нима бўлмасин, Ўзбекистон халқи хотиржам яшашга ҳақли. Чунки уларни ўйлайдиган, бу заминда яшаётган одамлар учун қайғурадиган юрт раҳбари, бедор қалбли инсон бор. У кишининг олдиндан кўра билган ҳолда, узоқни кўзлаб амалга ошираётган тадбирлари туфайли бу ўлка тараққиёт изига тушиб олган, халқимиз ҳаёти йилдан йилга фаровонлашиб бормоқда.
Шавкат ҲАМРОЕВ,
сув хўжалиги вазири









