Ҳаракатлар стратегияси доирасида, аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ташкилотларининг фаолияти, масъулияти ва шаффофлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш борасида улкан тадбирлар амалга оширилди.
Ҳақиқий бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсати либераллаштирилди, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш тизими яратилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантириш таъминланди.
Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни камайтириш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида тан олиниб, янги ва муносиб иш ўринлари яратиш, аҳолини малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш ҳолати яхшиланди.
Мухтасар айтганда, 2017–2021 йиллар мобайнида амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси натижасида янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.
Натижада мамлакатимизда жамиятимиз ривожининг кейинги босқичига ўтиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Яъни, халқимиз турмуш даражасини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларини трансформация қилиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
Тараққиёт стратегияси 2021 йилда ўтказилган Президент сайловида Шавкат Мирзиёев томонидан “Инсон қадри учун”, “Давлат – инсон учун”, деган ғоялар ҳамда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”, тамойилига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, у ўтган давр мобайнида оммавий ахборот воситаларида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди ва унда билдирилган 17 минг 500 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар эътиборга олинди.
Инсон қадри ва уни улуғлаш мазкур стратегиянинг туб моҳияти ва унинг пировард мақсадини ташкил этади. Ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш айнан ана шу вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган.
Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат.
Жумладан:
— инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
— мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
— миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
— адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
— маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
— миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
— мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби йўналишларни қамраб олган.
Тараққиёт стратегиясида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга жуда катта эътибор берилган. Унда 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиниши режалаштирилган. Бунинг учун Ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ишлаб чиқилади, ижтимоий суғурта тизими, жумладан, ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизматларни ижтимоий шартнома асосида тақдим этиш йўлга қўйилади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базаси яратилади, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилинади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш йўлга қўйилади. Натижада мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож барча аҳолини давлат томонидан тўла ҳимоя қилишнинг барқарор тизими яратилади.
Пенсия соҳасида жиддий ўзгаришлар назарда тутиляпти. Жумладан, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади. Аёлларга пенсия ҳисоблашда улар болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш жорий этилади. Бу пенсионерлар ҳаётида катта ижобий ўзгаришлар, уларда эртанги кунга ишонч ҳиссининг ошишига сабаб бўлади.
Маҳалланинг аҳамиятини янада кўтариш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш мақсадида 2022 йилдан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари тизими ташкил этилди. Барча даражадаги раҳбарлар маҳаллага тушиб, ўз йўналиши бўйича муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиш тартиби жорий этилиб, маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идора ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашнинг бош мезони сифатида белгиланади. Маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилиб, ушбу мақсадда маҳалланинг алоҳида жамғармаси тузилади. Маҳаллалар аҳолисини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлиги оширилади. Маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Бу чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳалла институтларининг аҳамиятини янада фаоллаштириш ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилиши шубҳасиз, албатта.
Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш масалаларига жуда катта эътибор берилган. Негаки, ҳар қандай жамият келажагини, биринчи навбатда, айнан таълим сифати белгилаб беради. Шу боис, келгуси беш йилда мактабларда қўшимча 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратилади. Давлат ва хусусий боғчаларни кўпайтириш орқали мактабгача таълим қамрови 80 фоизга етказилади. Олий ўқув юртларининг нуфузли халқаро рейтингларга кириши, хусусий шериклик асосида 100 минг ўринли талабалар турар жойи барпо этилади.
2022 йилда ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 605 миллиард сўм ажратилади. 141 мингта янги ўқув ўринлари яратилиб, уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионга етказилади.
Тараққиёт стратегияси доирасида 2022 йилда аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланган:
а) ҳудудларда бирламчи тиббий хизмат “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйилиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилади;
б) хусусий тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволашга йўллашнинг электрон ахборот тизими орқали уларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш механизми жорий қилинади.
Иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда қўшимча ошириш чоралари кўрилади.
Тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган:
а) 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоиз ҳамда фискал тақчилликни 3 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилади.
б) 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача ҳамда банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15 фоизгача туширилади.
в) “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги 20 фоизга оширилади ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажми 10 фоизга қисқартирилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани учун махсус солиқ ставкаларини ўрнатиш тажрибаси асосида шароити “оғир” бўлган туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилади.
Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлатимиз иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлайди ва халқимиз турмуш даражасининг ошишига мустаҳкам замин яратади.
2016 йилдан бошланган янги иқтисодий сиёсатда қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Натижада тадбиркорлик билан шуғулланаётган одамлар сони кескин кўпайди. Тараққиёт стратегиясида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган одамларга янада қулай шароитлар яратиш мақсадида 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни ягона электрон реестрга киритиш тартиби жорий этилади. Такрорловчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилиб, ягона реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларида лицензия ва рухсат этувчи ҳужжатларни олиш тартибини кескин соддалаштириш кўзда тутиляпти. Жумладан:
– айрим фаолият турларига фақат малакавий талабларни белгилаш орқали бино ва иншоот, хона, асбоб-ускуна, техника воситалари, бошқа жиҳозлар ҳамда уларга бўлган шартларни бекор қилиш;
– фаолият йўналишидаги эҳтиёждан келиб чиқиб мутахассисни танлаш ҳуқуқини бериш орқали штатида мавжуд бўлиши шарт бўлган ходимларга бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш;
– муайян фаолият билан кўчма тартибда, шу жумладан, автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда шуғулланиш имкониятини яратиш;
– тегишли ташкилотлар билан шартномаларнинг мавжудлиги бўйича талабларни қайта кўриб чиқиш;
– хизмат кўрсатиш мамлакат ҳудудидан ташқарисида амалга оширилиши сабабли хориждан келган буюртмалар бўйича миллий стандарт ва талабларни бекор қилиш;
– масофавий хизматни кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари (агрегаторлар) фаолиятига доир махсус шартларни белгилаш орқали айрим лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш бўйича талабларни бекор қилиш чоралари ишлаб чиқиляпти.
Мамлакатимизда сўнгги 5 йил мобайнида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди. Лекин шунга қарамасдан, ҳали бу борада ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар мавжуд. Шу сабабли, мазкур масала Тараққиёт стратегиясида устувор вазифалар қаторига киритилди. Бу вазифани муваффақиятли бажариш учун эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш, сертификатлаштириш, нефть маҳсулотларини сақлаш, темир йўлларда ташишда қўшимча хизматларни кўрсатиш, аэровокзал ва вокзал олди комплексларини юритиш хизматлари ҳамда қайта ишлаш хизмати, темир йўлда экспедиторлик хизматлари каби 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади.
Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожининг тақдири ҳудудларда ҳал бўлади. Қолаверса, давлатни бошқариш тизимини халққа янада яқинлаштириш кун тартибида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис, Тараққиёт стратегиясида ҳудудлар билан ишлашни такомиллаштириш бўйича қатор тадбирлар белгиланган:
а) 2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар асосида ҳар йили барча туман ва шаҳарнинг муаммо ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда ҳудудлар кесимида тараққиёт дастурлари ишлаб чиқилади;
б) ҳар чорак якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан халқ депутатлари Кенгашларига, Бош вазир ўринбосарлари ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари эса Олий Мажлис палаталарига ҳисобот беради;
в) ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш ва устувор тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган муҳим лойиҳалар барча ҳудудларнинг талаблари ва маҳаллий ташаббускорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинганидан кейин қабул қилинади.
Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
— янги жорий этилган туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари томонидан доимий равишда маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасига кўра, уларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади;
— барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш ва уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади;
— давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар (туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурлар ишлаб чиқилади ва эълон қилиб борилади;
— давлат бошқарув органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш, жумладан, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш тизими яратилади;
— ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.
Аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш тизими фаолияти такомиллаштирилади. Жумладан, фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштиришда, шунингдек, ўзаро боғлиқ давлат хизматларини мурожаатни кутмасдан таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилади. “Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади.
Адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш инсон қадрини улуғлаш сари йўл олган жамият олдида турган энг муҳим вазифалар сирасига киради. Шу мақсадда 2022 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши; қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбурияти, уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартиби; ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона онлайн электрон реестр юритилиши йўлга қўйилиши каби қатор чораларни жорий этиш белгиланган.
Жазони ўтаб қайтган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий қилинади. Тадбиркорлик соҳасида аниқ лойиҳаларга эга бўлган жазони ўтаб қайтган шахсларга бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Ривожланган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш бўйича махсус дастур тайёрланади. Бунда йўл инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш, ҳаракатни бошқариш тизимини тўла рақамлаштириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун барча иштирокчиларга муносиб шароитлар яратиш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлашга ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали йўналтириладиган маблағлардан айнан мазкур йўналишда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.
Президентимиз фармонида Тараққиёт стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг устувор вазифаси ҳисобланиши алоҳида қайд этилгани унда белгиланган чора ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилади. Тараққиёт стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.
Тараққиёт стратегиясининг умумий рақамларига мурожаат қилсак, келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 баравар кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 баравар қисқартириш режалаштирилганлиги кўринади. Бунинг учун келгуси шу даврда иқтисодиётга 120 миллиард доллар, шу жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар пухта тайёрланган, чуқур асосланган, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган чора-тадбирлардан иборат. Уларни 2022 йилда амалга ошириш учун давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та лойиҳа амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, Тараққиёт стратегияси жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида маҳалла институтлари иштирокини янада фаоллаштириш ва инсон қадрини улуғлаш учун мустаҳкам замин яратади.
Обид Ҳакимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори








