Тарих хулоса чиқаришга ундайди

    Маданият 30 август 2021 2867

    Дарҳақиқат, ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.

    31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан бир гуруҳ давлат хизматлари марказлари ходимлари Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги музей ҳамда Қўқон шаҳридаги «Буюк алломалар музейи»да бўлди. Давлат хизматчилари музейда ташкил этилган қатағон қурбонлари бўлимида тарихга қайтди. Ўша давр талотўпларига осори атиқалар ёрдамида бевосита гувоҳ бўлди.

    Жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мустаҳкамлашда, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда музейларнинг алоҳида ўрни бор. Музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси, деб таърифлашмайди. Уларда турли-туман ноёб ва қимматбаҳо ашёлар жамланганки, халқнинг ўтмиши акс этган бу экспозициялар бизни аждодлар ҳаёти, кураши ва бой мероси билан таништиради. Музейларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бажарадиган вазифаларидан бири таълим ва тарбия ўчоғи эканлигидир.

    Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида энг машъум фожиалардан бири бўлди. Собиқ Иттифоқ таркибига кирган халқлар қатори ўзбекистонликлар ҳам фашизмга қарши урушга жалб этилди. Аммо шундай оғир кунларда ҳам собиқ совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати тўхтамади. Япония, Туркия, Полша каби мамлакатлар билан чегарадош ҳудудларда яшовчи корейс, Қрим татарлари, месхети турклари, поляклар, Волга бўйи немислари ва бошқа халқлар мутлақо асоссиз, мажбурий тарзда бошқа ўлкаларга депортация қилинди.

    Ўзбекистонга 1937 йил октябрь-ноябрь ойида 74 минг 500 нафар корейс (16 307 оила), уруш арафасида 35 000 нафар поляк, 1943 йил 2 ноябрдан бошлаб Қорачой автоном вилоятидан 353 нафар қорачойлар, 1945 йилнинг бошида 538 нафар қалмиқ, 1944 йилнинг қиши ва баҳорида 175 нафар чечен ва 159 нафар ингуш, 1944 йил 5 мартда 419 нафар болқор, 1944 йил 11 майида 151 609 нафар Қрим татарлари кўчириб келинди. 1945 йил бошида эса Ўзбекистонга Грузиядан олиб келинганлар (месхети турклари, курдлар ва хемшинлар) сони 53 827 кишига етди.

    Ўша вақтларда ўзбек халқи таҳқирланган, ватанидан жудо этилган кишиларга беқиёс меҳр-шафқат кўрсатди. Бу даврда халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик, меҳрибонлик, раҳмдиллик каби эзгу фазилатлари ёрқин намоён бўлди. Бироқ уларнинг бошига тушган мана шундай қатағон сиёсати ўзбек маърифатпарвар зиёлилари бошига тушди. Мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотади, албатта.

    Элёржон Эҳсонов, ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати ходими.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates