Таржимонлик  мундарижаси: ҳар тил билган мутаржим бўлмас

    Бир тилни билган — бир одам, икки тилни билган икки одам, дейишади. Шу маънода, кўнгил тилининг тилмочлари асарларини она тилимизда мутолаа қилиш, улардан маънавий озуқа олишда таржимонларнинг ўрни беқиёс.

    Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрь куни “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини она тилимизга таржима қилиш, ўзбек китобхонларини жаҳон сўз санъати дурдоналари билан янада кенг таништириш, ёш авлодда болаликдан бошлаб китоб мутолаасига рағбат уйғотиш вазифаси ҳам белгиланган. Хўш, бугун ушбу вазифалар қай даражада бажарилмоқда, айнан бадиий таржима соҳасида аҳвол қандай?

    Соҳадаги ютуқлардан бири тўғридан-тўғри, яъни аслиятдан таржима асарларнинг кўпайганидир. Бу учинчи тил орқали берилган тасвирдан кўра аниқлиги ва асл ҳолидан узоқлашмагани билан аҳамиятли. Айниқса, шеърий асарларда бу жиҳат жуда муҳим. Чунки шеъриятда сўзнинг турфа товланишлари, синонимик қатордаги энг хос бирликлар ўз аксини топади ва буни учинчи тил орқали мутолаа қилиш аслиятдан қилинган таржимачалик завқ бермайди.

    Шу ўринда ўзбек таржимачилигининг улкан истеъдод соҳиби, танқидчи Иброҳим Ғафуровнинг “Таржимада аниқлик керакмасми?” номли мақоласидаги фикрлар ёдга тушади. Бунда атоқли адиб Асқад Мухторнинг ўтган аср 50-йилларидаги бир мақоласида билдирган “Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!” деган сўзини тўғри қабул қилиш ҳақида фикр билдириб, шундай ёзади:

    Таржимани ижодкорлик деб қараш ундан аниқлик талаб қилмаслик керак эканда, деган маъно чиқаришга ҳеч қачон асос бермайди. Таржимадан агар аниқлик, назария тили билан айтганда, адекватлик талаб қилинмаса, бу таржимонни бутунлай нотўғри йўналишга олиб кириб кетади. Аниқлик талаб қилмаслик таржимада истаганча йўрғалашлар ва “олиб қочишларга (айниқса, шеърий таржималарда) сабаб бўлади ва йўл очади. Аниқлик ҳар қандай таржиманинг бош мезони. Аниқлик бўлгандагина эквивалентлик ва унинг турлари равшан тус олади. Аниқлик билан эквивалентликлар бир-бирларига ғоятда нозик боғланишлар билан чирмашиб кетади…”.

    Дарҳақиқат, аниқлик мезони таржима учун ғоятда муҳим. Асар бир тилдан бошқа тилга ўгирилар экан, мутаржим икки тилнинг ҳам маъно нозикликлари, бадиий-ифодавий хусусиятларидан хабардор бўлиши лозим. Синонимик жуфтликлардаги қайси сўз асл матндаги жумланинг моҳиятини очиб бера олишида, контекстдаги мақсаддан чалғимасликда таржимондан катта тажриба, билим ва синчковлик талаб этилади.

    Таржимага оид назарий қонун-қоидалар ХIХ асрдан эътиборан ишлана бошлади. ХХ асрнинг йигирманчи йилларидагина тўла назария тусини олди. Таржима назарияси ва таржимашунослик фан соҳаси сифатида шаклланди ва шу асрда жуда шиддат билан равнақ топди. Ҳозирга келиб, дунёда таржима назариясининг лингвистика, социолингвистика, когнитив лингвистика билан чамбарчас боғланган йўналишлари ривожланмоқда. Университетларда, илмий марказларда қизиқарли тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бироқ амалдаги жараён булар сифатли таржима асарлари учун етарли эмаслигини кўрсатмоқда.

    Гоҳида Достоевский, Пушкин, Гёте, Бальзак, Ремарк асарларини она тилимизда ўқиганда уларнинг таржима эканини унутиб қўямиз, яъни улардаги текис ва пухта жумлалар ўгирмани асарнинг сифати ҳақида фикр билдиришдан кўра мазмун, қаҳрамонлар кечинмалари, бадиий ният ҳақида ўйлашга йўл очиб беради. Аслида ҳам ўқувчи учун матннинг ҳолатидан унинг мазмун-моҳияти муҳимроқ бўлиши керак.

    Лавҳаси осон, сарлавҳаси сарсон бўлган ўгирма

    Иброҳим Ғафуров Достоевский оламини, Маркес фалсафасини ўзбек адабиётига маҳорат билан олиб кирган забардаст таржимон экани барчамизга маълум. Яқинда Фёдор Достоевскийнинг ўзбек тилида “Айрилмас эр” деб номланган асари чоп этилди. Асар аслида 1869 йилнинг кузида ёзиб тугалланган ҳамда “Вечный муж” деб номланган бўлиб, унда эр, хотин, жазман муносабатлари ёритилган.

    – Ўзбекча “Айрилмас эр” дейилганда ҳам, русча “Вечный муж” деганда ҳам андак нозик киноялар ҳамда чексиз, туганмас оилавий, инсоний, ахлоқий фожиалар тажассум этади, – дейди Иброҳим Ғафуров асар муқаддимасида таржима ҳақида сўз юритар экан. – Ёзувчи ўз пайтида нега айнан шундай ном танлаганини тушунтириб кетмаган, гарчи асарда алданган эр маъноси ёритилган, аммо Европа адабиётларида алданган эр маъноси “Вечный муж”, яъни ўзбекчага тўғридан-тўғри “боқий эр” деб олинганда, бу адабий анъана тушунчаларимизда учрамагани учун туб маъно чиқарилиши қийин. Аслиятда ҳам, таржимада ҳам сохта бир ибора ҳосил бўлади.

    Бу ғаройиб асар таржимаси учун ҳақиқий адекват ном қидириш осон кечмайди ва таржимонда вақт ўтиши билан бир қанча ўзбекча вариантлар пайдо бўлади. Бироқ у номларнинг ҳеч бири асарда баён қилинган воқеалар ва кўтарилган масалалар, инсон характерлари, қаҳрамонлар табиатига тўла мос келмайди.

    “Охири бизга “Аёлманд эр” деган ном энг муносиб бўлиб туйилди. Аммо ундан ҳам вақт ўтиши билан тўла қаноатланолмадик. Кейин излай-излай “Умрбоқий эр” деган ном хаёлимизни эгаллаб олди. Унда аслиятга яқин ажиб бир бадиий киноя маъноси зуҳурланмоқда эди. Аммо мен асар ўзбекчасини якунлаётганимиз сари бу ном ҳам асар мундарижаси ва мазмундорлигини етарли ифодаламаётганига амин бўлдим”, дейди таржимон.

    Шундан кейин ҳам И.Ғафуров “Хушбоқ эр”, “Доимий эр”, каби бир қанча номлар устида ўйланади. Сўнгги лаҳзалардагина хаёлига “Айрилмас эр” ибораси келади ва бу таржима тақдирини белгилайди. Гарчи аслиятнинг баайни ўзи бўлмаса ҳам бу номни ўзбек ўқувчиси тушуниб, қабул қилиши ва ўзига яқин олиши, анъаналар ичига табиий кириб бориши мумкин.

    Профессионал таржимон илҳом келишини кутмайди, фақат...

    Таниқли инглиз шоири ва ёзувчиси, Америка адабиётида фантастик-детектив жанрга асос солган ижодкор Эдгар Понинг 1827 йилда нашр этилган “Темирбек” достони яқинда интернет тармоғида ўзбек тилида илк марта тақдим этилди. Достон шоир ва таржимон Фахриёр томонидан аслиятдан ўгирилган. Достоннинг она тилимизга таржима қилишдаги машаққатлар, жараёнда фақат ўзга тилни билишнинг ўзи етарлими ёки бунда ҳам илҳом келишини кутиш, ўша шоир-ёзувчининг “руҳиятига тушиш” керакми, деган саволлар билан шоир Фахриёрга юзландик:

    — Йўқ, ўзга тилни билишнинг ўзи етарли эмас. Ижодкорнинг руҳиятига тушиш, услубини бошқа тилдан ўз тилингга кўчиришдан қийин иш йўқ дунёда, — дейди Фахриёр. — Профессионал таржимон илҳом келишини кутиб ўтирмайди. Тажриба билан кўникмасига асосланиб, таржима қилаверади, фақат ишига ижодкорона (креатив) ёндашиши шарт, чунки бир тилдан бошқасига Google таржимонга ўхшаб, сўзма-сўз таржима — “калька” қилишга унинг ҳаққи йўқ. Бир тилдаги сўз ёки ибора сўзма-сўз таржима қилинганда, асар руҳини бермаслиги мумкин.

    Бироқ мени ташвишга солаётгани бошқа нарса. Бу соҳада бошбошдоқлик бор. Ҳар ким ўзича нималарнидир таржима қилиб ётибди. Таржимонлар ўртасида мулоқот, тажриба алмашув йўқ. Бу, айниқса, дарсликлар, турли фанларга оид китоблар таржимасида билинади. Назаримда, таржимонлар уюшмаси ташкил этилиб, турли конференциялар ўтказилиб, уларда ўқилган маърузалар ва бошқа материаллар алоҳида альманах, журнал ёки китоб шаклида чоп этилиши ҳамда улар ҳар бир таржимон қўлига етиб бориши керак.

    Афсуски, бизда четдан кириб келаётган атамаларни назорат қиладиган, уларни муайян тизим орқали стандартлаштирадиган ташкилот йўқ. Шу сабаб уларни ҳар ким билганича таржима қилмоқда. Бу чалкашликлар одамни қийнайди. Тарихда бир сўзнинг бошқа маъноси билан таржима қилинган ташхис беморларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳоллар учрайди. Тил аниқликни, битта атамани Эшмат ҳам, Тошмат ҳам бир хил тушунишини талаб қилади.

    Фахриёрнинг фикрича, энг қийини — шеърий асарнинг руҳини бир тилдан бошқасига кўчириш. Шеърдаги сўз ўйинлари, оҳанг, қочирим каби унсурларни бошқа тилга олиб ўтиш деярли имконсиз — кўпинча маъно таржима этилади, қолган нарсалар эса унга қурбон қилинади. Албатта, насрий асарнинг ҳам руҳини баъзан тўлиқ таржима қилиб бўлмайди. У ҳам оғир меҳнат, тажриба ва қунт талаб қилади.

    Таржимада, аввало, аслиятдаги материал билан яхшилаб танишиб чиқиш, унинг мазмуни ва услубини аниқлаб олиш ва шунга яраша ўз она тилида унинг адекват вариантини яратиш керак бўлади. Масалан, аниқ фанларга оид матнни бадиий таржимага ўхшатиб таржима қила олмайсиз-ку.

    — Мен Эдгар Понинг ёшлигида ёзган “Темирбек” достонини устоз Маҳмуд Саъдийнинг илтимоси билан инглизчадан ўгириб берган эдим, — дейди Фахриёр. — Уни таржима қилишда мени қийнаган жиҳат 17 яшар шоирнинг инглиз драматурги Метю Люиснинг “Татар Темур” драмаси асосидаги театрда қўйилган спектаклдан илҳомлангани ва у тарихий фактларни эмас, ўз ҳиссиётларини ёки иккаласини қориштириб юбориб ифода қилишга интилганидир. Бу ерда ҳиссиётлар билан Амир Темур шахси ҳақидаги фикрлар қоришиқ келади. Шу сабаб унинг спектаклдан илҳомланиб ёзган достонида шоирнинг шахсий кечинмалари ёки Темур шахси ҳақида гап кетаётганини англаш мушкул бўлиб қолади.

    Сара сўз, бирикма ва иборалардан иборат ягона луғат бўлиши керак

    Таржимада ҳам фурсат танлаш ёки асар оламига кириш ҳодисаси ҳар бир ижодкорда ҳар хил кечади. Умумий тарзда айтадиган бўлсак, асл нусха руҳиятига тушиш ҳолати махсус тайёргарликни, тайёргарлик эса маълум бир фурсатни талаб этади. Қора меҳнат билан завқ орасидаги нейтрал масофанинг, яъни ўзга бир олам чегарасидан қонуний йўл билан ўтиш фурсатининг нечоғлик узун-қисқалигини белгилайдиган ҳолат — илҳом инжиқ ҳодиса бўлиб, ташқи ва ички сезгилар каби даъват этилмаган манзилга борадиган туйғулар тоифасидан эмас...

    — Олтмиш минг сўз ва бирикмалардан қарийб учдан бир қисми байналмилал сўзлардан иборат “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” мазкур тил “имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш”га изн бермайди, — дейди шоир ва таржимон Одил Икром. — Менимча, ҳар бир таржимоннинг мумтоз ва замонавийга ажратмаган ҳолда ХI асрдан ҳозирга қадар қўлланилган сара сўз, бирикма ва иборалардан иборат ягона луғати бўлиши керак.

    Ёш таржимонлар ишида сўнгги пайтларда кўзга кўринарли таржималарни кўряпмиз: Нодирабегим Иброҳимованинг Ёзувчилар уюшмасининг “Энг яхши китоб” танловида мукофотга лойиқ топилган “Дунёлар жанги” (Герберт Уэллс) романи, шунингдек, “Шахсий хона” (Виржиния Вулф) асари, Мирзоҳид Музаффарнинг “Азизим Пўртахол” (Жозе Мауро Васконселос) романи, “Бепушт замин” (Томас Стернз Элиот) достони, “Нью-Йорк трилогияси” (Пол Остер), “Кирка” (Мадлен Миллер), “Ўлик шоирлар жамияти” (Ненси Клейнбаум), “Рангин қушча” (Ежи Косинский) асарлари, “Тахтлар ўйини” (Жорж Р.Р.Мартин) эпопеяси, “Шамоллар исми” (Патрик Розфусс) фантастик романи, Шоҳрух Усмоновнинг “Девонанинг ривоятлари”, “Дарбадар”, Қум ва кўпик” (Халил Жуброн) асарлари, “Узунпайпоқ Пеппи”, “Пеппи саёҳатга отланди” (Астрид Линдгрен) қиссалари, “Жеймс ва улкан шафтоли” (Роальд Даль) асари шулар жумласидан.

    Шунингдек, устоз таржимон ҳозирги кунда Қандилат Юсупова, Алишер Файзуллаев, Сожида Самандароваларнинг инглиз, Алишер Сабрий, Башорат Отажонова, Шоҳрўз Мўминзода, Ирода Раҳмоналиеваларнинг форс-тожик, Муслимбек Мусалламнинг турк, Раҳмат Бобожоннинг озар, Феруз Неъматуллаевнинг рус тилидан қилган таржималарини бу соҳадаги ижобий ҳодиса сифатида эътироф этади.

    — Илгари жаҳон тиллари бўйича етук мутахассислардан иборат Таржима ва адабий алоқалар маркази мустақил фаолият юритарди, — дейди Одил Икром. — Қолаверса, ҳар бир нашриёт ва матбуотда устоз мақомидаги малакали ходимлар ишларди, ҳар қандай таржимани аслият билан солиштирадиган мактаблар мавжуд эди. Энди эса аксарият нашриёт, матбуот ходимлари имловий хатолар қидиришдан нарига ўтолмайди. Турк, инглиз, рус, озар, форс-тожик тилидан бевосита таржима қиладиган ука-сингилларимиз Тоҳир Қаҳҳор, Фахриёр, Карим Баҳриев, Мирзали Акбаров, Олимжон Давлатов каби устоз таржимонлар атрофида бирлашсалар, улар амалга оширган ва оширадиган таржималар тармоқларда лаҳза сайин акс этаётган хилма-хил кўринишдаги сувратлари каби гўзал ва бенуқсон бўлишига ишонаман.

    Устозларнинг соҳадаги фикр-мулоҳазалари ёшлар учун жуда муҳим. Улар томонидан йиллар мобайнида тўпланган тажриба ва мисоллар кейинги авлод учун дастуриламал бўлиши шубҳасиз. Тарозининг палласини тенглаштириш мақсадида жараёнда фаол бўлган ёшларга ҳам қулоқ тутиб, уларнинг бугунги кундаги таржима фаолияти ва фикрлари билан қизиқдик.

    Унинг қора меҳнатига ҳаммаям чидамайди

    — Ижодкор учун таржимачилик катта маҳорат мактаби вазифасини ўтайди, — дейди ёзувчи, таржимон Нодирабегим Иброҳимова. — Таржимонлик менга насрда қалам тебратишимга туртки бўлган, бошқа ёзувчиларнинг услубини таништирган, сўз билан ишлашни ўргатган, сабр-тоқатни шакллантирган, ижоддан завқ олишга имкон берган. Мен учун ўз асарларимни ёзишдан кўра, албатта таржима жараёни осонроқ — муаллифнинг ғояси изидан борасан, сюжет аниқ, якун маълум, ўз тилингни ва чет тилини яхши билсанг, мароқ билан ишлайсан.

    Китоб таржимон танлайди. Н.Иброҳимова ҳам ўзига мос ёзувчиларни излайди, қалбан яқинлик сезса, таржимага киришади. Айрим буюртмаларни руҳиятига тушолмагани учун рад этади. Бугунги кунда унинг таржима китоблари сони ўнтага етиб қолди.

    — Таржима учун илҳом кутмайман, бу кундалик кўникмага айланган — ҳар куни бир неча соат вақтимни таржимага бағишлайман. Бошқа таржимонларнинг ҳам ишларини кузатиб бораман. Бу соҳа ўтган йиллардан кўра ривожланяпти, нашриётларнинг доимий ўз таржимонлар жамоаси бор, китобхон ҳам янги асар чиқса, таржимони ким эканига қизиқа бошлаяпти. Таржимонларни ўқувчига таништириб бориш керак деб ўйлайман. Улар бўлмаса қанчадан-қанча жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқишдан бебаҳра қолардик. Таржиманинг қора меҳнатига ҳаммаям чидамайди, фақат шу соҳани севган, роҳатланган фидойи инсонларгина охиригача боради, — дейди Н.Иброҳимова.

    Болалар асарининг мукофот пули ҳам болаларга сарфланди

    — Очиғини айтсам, ҳозир бизда таржима мактаби бормикан деб ўйланаман, — дейди ёш таржимон Шоҳрух Усмонов. — Мен ҳам, бошқа таржимон тенгдошларим ҳам, асосан, ўзимиз ўқиб, асарлар таржимаси ва аслиятини солиштириб, устозлардан маслаҳат олиб турамиз. Шу мактаб саналса, демак, мактаб бор. Аммо ривожланиш ҳозирча жуда кўзга кўринаётгани йўқ.

    “Узунпайпоқ Пеппи”нинг дунёга келишига ҳам, ўзбек тилига ўгирилишига ҳам болалар сабабчи. Астрид Линдгренга ушбу асарни ёзишга қизи илҳом берган бўлса, менинг таржимамга икки ўқувчим ​​— Забаржад ва Ибодулла деган болажонлар асосий туртки бўлган. Қизиғи, бу асарнинг ўтган йили эълон қилинган “Болалар учун энг яхши асар” танловида “Энг яхши таржима” номинациясини олиши ҳам кутилмаган ҳодиса бўлди. Ўша куни мен шунчаки томоша учун тадбирга борган эдим. Мукофот пулини ҳам болажонларга сарфлашни ният қилиб, танловга нашриёт номидан қатнашган эдик.

    Қийинчилиги бўлмаса, ҳамма таржимон бўлиб кетарди. Таржимонлар прагматик, стилистик, синтактик муаммолар билан бирга сўз танлаш билан боғлиқ қийинчиликка дуч келади. Баъзида биз кундалик ҳаётда деярли ишлатмайдиган, ишлатсак ҳам ўзбекча атамайдиган нарса-буюмлар отлари учрайдики, бу сўз ўзбекчада бўлмаса керак, деб ўйлайсиз.

    — Бир гал таржима қилаётган асаримда шарбат солинадиган идиш номи учради, — дейди Ш.Усмонов. — Графин десам, ўзбекча эмас, идиш десам, бу ўта кетган умумлаштириш бўлади... Ахийри, бир куни музейга йўлим тушдию, “тунча” деган идиш борлигини билдим, шакли ва ишлатилиш мақсадига кўра айни мен хоҳлаётган сўзга яқин эканидан хурсанд бўлиб кетдим.

    Нега мени қилдинг таржима?!

    Таржима ҳам худди ижод каби машаққатли иш, масъулиятли жараён. Унда ҳам шоир-ёзувчи сингари юракдаги ҳисни ифодалаш учун неча кунлаб мувофиқ сўзни излашга, кутишга тўғри келади. Ҳар бир ёзма асар алоҳида санъат, шунинг учун таржимада шоирга хос ижодий ифодаларни сақлаш муҳим.

    Гоҳида янгидан нашр этилган китобларни ўқиб, одамнинг тили ғализликларга “тўқнашиб” кетади. Баъзи таржимонларнинг таржима ижодий жараён эканига ҳаддан ташқари урғу бериб, асл матндан узоқлашиб, ноаниқ, мужмал жумлаларни қалаштириб ташлаши ҳам бор гап.

    Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг шундай мисралари бор:

    Ой ўртанар, кўзларида ёш,

    Кўкси доғу юраги қийма.

    Дер: “Эй фалак, мен эдим қуёш,

    Нега мени қилдинг таржима?!”

    Шеърда ой аслида қуёш эканини иддао қилиб, нега мени аслим каби кўрсатмадинг, деб осмондан ранжимоқда. Бугун чет элда машҳур бўлган, ғоявий-бадиий жиҳатдан мукаммал, миллионлаб ўқувчисига эга шундай асарлар борки, таржимонидан хафа: улар ҳам аслим каби намоён эта олмас экансан, нега мени таржима қилдинг, деяётгандек гўё.

    Истагимиз — соҳага шиддат билан кириб келаётган ёшлар устозлар этагидан тутиб, бу йўналишнинг сир-асрорларини пухта эгалласин. Ўзбек китобхонлари қўлида дунёқарашни кенгайтирадиган, фикрлашга ўргатадиган яхши таржима асарлар кўпайсин.

    Рашид ХЎЖАМОВ,

    “Янги Ўзбекистон мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates