Тасвирий санъат – рассомлик, ҳайкалтарошлик, графика ва бошқа йўналишлар инсон тафаккури, туйғулари ҳамда ҳаётий қарашларини ифода этувчи бадиий восита сифатида қадимдан инсоният ҳаётида чуқур маънавий ва маданий аҳамият касб этиб келади. Айниқса, миллий тасвирий санъат асарлари тарихий воқеалар, қадриятлару жамиятдаги ўзгаришларни, шунингдек, халқнинг ўзига хос дунёқараши ва маданий меросини эстетик жиҳатдан тараннум этади. Амалий санъат асарлари эса кундалик ҳаётда фойдаланиладиган буюмлар бўлиш билан бирга, халқ ҳунармандчилигининг заргарлик, кулолчилик, каштачилик ва ёғоч ўймакорлиги каби тарихий анъаналарини давом эттириб, келажак авлодга етказишга хизмат қилади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти республикамизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳаларида олий маълумотли, етук ва малакали мутахассис кадрлар тайёрлайдиган ягона, етакчи бадиий таълим муассасасидир.
Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш ва жаҳон миқёсида оммалаштириш, истеъдодли ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш, бадиий таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, шунингдек, янги замонавий технологияларни қўллаган ҳолда креатив лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида институтимизда Ўзбекистон Бадиий академиясининг 16 академиги ва Ўзбекистон халқ рассомларининг илмий мактаблари очилган. Уларнинг шогирдлари бугун ўз ижодий асарлари билан юртимиз шаҳарсозлигини янада бойитиш ва эстетик кўрк бағишлашга ҳисса қўшмоқда.
Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий олий ўқув юртларида, жаҳон музейлари ва галереяларида малака ошириш имкониятига эга. Шунингдек, илмий салоҳиятни юксалтириш мақсадида институтда олий таълимдан кейинги таълим изчил йўлга қўйилган. Санъатшунослик фанлари бўйича диссертациялар ҳимояси кенгаши ҳам фаолият юритмоқда. Институт профессор-ўқитувчилари, докторантлари, мустақил изланувчилари ва иқтидорли талабаларининг долзарб мавзулардаги илмий мақолаларини халқаро ва республика илмий журналларида нашр этиш чоралари кўрилган.
Президентимизнинг шу йил 1 июлдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа учун узоқ кутилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қарордан рассом, ҳайкалтарош, амалий санъат усталари, санъатшунос, музейшунос ва дизайнер кадрлар тайёрлаш бўйича муҳим бандлар ўрин олгани Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси зиммасига қатор долзарб вазифаларни юклайди.
Хусусан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари стандартларига асосланган таълим дастурлари жорий этилади. Бу янгилик орқали ОТМ талабалари илғор билим ва амалий кўникмаларни халқаро мезонлар асосида тўғридан-тўғри эгаллаш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, талабаларнинг академик ҳамда касбий имконияти кенгайиб, халқаро майдонда рақобатбардош мутахассисларга айланишига замин яратилади. Янги дастурлар орқали нафақат назарий билимга, балки амалиётга асосланган таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу эса инновацион ёндашув, ижодий тафаккур ва глобал миқёсда фикр юритиш қобилиятини шакллантиради.
Бундан ташқари, институтимизда ташқи ўриндошлик асосида фаолият юритаётган, илмий даража ва унвонга эга ижодкор педагог кадрлар (асосий иш жойи бошқа олий таълим ташкилотларида бўлган ходимлар бундан мустасно) мазкур таълим ташкилотининг илмий салоҳияти кўрсаткичида инобатга олинади. Ушбу ёндашув олий таълим муассасасининг илмий салоҳиятини ошириш, етук мутахассисларни кенг жалб этиш ва ўқитиш сифатини оширишга хизмат қилади. Ижод майдонида ўз ўрнига эга, таниқли мутахассисларни таълимга кенгроқ жалб қила оламиз. Шунингдек, бу орқали институт ўз таркибида тажрибали ва нуфузли кадрларни жамлаб, халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаши мумкин.
Энди институтда фаолият юритаётган педагог кадрларнинг юксак бадиий асарлари институт кенгаши қарорига асосан монографияга тенглаштирилади. Ушбу тартиб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ишлаётган педагог кадрларнинг ижодий меҳнатини қадрлашга қаратилган бўлиб, улар яратган эстетик, концептуал ва профессионал даражадаги аҳамиятли ижодий ишлар илмий монография билан тенг эътироф этилади. Бу амалий-ижодий фаолиятни илмий фаолият билан бир хил даражада баҳолаш имконини беради. Шунингдек, ижодкор педагогларга нисбатан адолатли ёндашувни таъминлаб, уларнинг илмий унвон ва даража олишдаги имкониятини кенгайтиради ҳамда санъат ва дизайн соҳасидаги тажрибавий фаолиятни рағбатлантиради.
Аксарият ижодкорлар илмий даража олишда муаммоларга дуч келар эди. Гарчи юртимиз, ҳатто жаҳон миқёсида эътирофга сазовор асарлар яратган бўлса-да, вақт ва бошқа сабабларга кўра илмий тадқиқотлар билан шуғулланишда оқсаш кузатиларди. Бу амалиётнинг жорий этилиши ижодкор меҳнатининг яна бир муҳим эътирофи бўлди.
Ққарорга асосан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг ўқув дастури доирасида психология ва педагогика фанларидан таҳсил олган рангтасвир, амалий санъат ва дизайн бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари битирувчиларига умумий ўрта таълим муассасаларида тасвирий санъат фанидан дарс беришга рухсат этилади.
Ушбу банднинг киритилиши, бир томондан, кўплаб ёшларимизни иш билан таъминлаш учун катта имкониятлар эшигини очади. Шу вақтгача битирувчиларимиз фақат ихтисослаштирилган мактабларда дарс бериши мумкин эди. Натижада айрим битирувчиларимиз яқин атрофда бундай мактаб топилмагани ёки у ерда бўш иш ўрни мавжуд эмаслиги сабабли иш топишда муаммоларга дуч келарди. Энди бу муаммога ҳам самарали ечим топилди.
Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектларининг қурилиш сметасига бадиий-ижодий ишларни харид қилиш харажати киритилади. “Янги Ўзбекистон манзаралари”, “Буюк алломалар” ва “Замон қаҳрамонлари” каби туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тизими йўлга қўйилади. Бу эса институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан янги илмий-ижодий, амалий, инновацион ва фундаментал лойиҳаларнинг бажарилишида муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш фақат миллий меросни асраш эмас, балки жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизнинг кучли маданий имижини шакллантириш демакдир. Президентимиз қарорида белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда бадиий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва умумий маданий муҳитни юксалтириш баробарида, хорижий алоқаларни кенгайтириш орқали маданий мулоқот ривожига ҳам хизмат қилади.
Бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир давлатнинг маданий нуфузи дунёга тақдим этаётган санъaти, маданияти ва маънавий қадриятлари билан белгиланар экан, Ўзбекистон ана шундай юксак маданий салоҳиятга эга мамлакат сифатида ўзининг ноёб санъат мактабини яратиш йўлида дадил илгариламоқда.
Бу ғамхўрлик ва эътибор юксак самара беришига ишончимиз комил. Ўзбек санъати ва маданияти янада ривожланиб, юксак марраларни забт этишда давом этади. Шу маънода, мазкур қарор Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти сингари таълим масканларининг илмий, ижодий ва маданий юксалиши учун мустаҳкам пойдевор, истиқболли тараққиёт дастури бўлиб хизмат қилади. Институт профессор-ўқитувчилари ва жамоаси ушбу вазифаларни юксак масъулият билан бажаришга тайёр.
Омонулла СОЛИҲОВ,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик
ва дизайн институти ректори









