Татаристон компаниялари билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди

    Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг мамлакатимиз ҳукумати ва ишбилармон доиралари билан музокаралар ўтказиш учун амалий ташриф билан келган Татаристон Республикаси Президенти Р.Минниханов билан учрашуви бўлиб ўтди.

    Учрашув чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг масалалари, шунингдек, Татаристон ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

    Олдин эришилган келишувлар ҳаётга жорий этилаётганлиги ҳамда устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришнинг улкан истиқболлари қайд этилди. Ўзбекистон ҳудудлари ва Татаристон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар саноат, савдо, маданият, таълим, шаҳарларни ободонлаштириш, ёшлар сиёсати ва спорт каби соҳаларда жадал ривожланмоқда.

    Автомобилсозлик, махсус техника ва автомобиль эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, углеводородларни чуқур қайта ишлаш, кам тоннажли кимё ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришиш учун Татаристон компаниялари билан мулоқотни давом эттиришга келишилди.

    Томонлар Қозоннинг «Ҳимград» технополиси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Чирчиқ» кимё-саноат технопарки қурилиши бошланганини олқишлаб, бу қадам саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликнинг катта ютуғи эканлигини таъкидлади. Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда бўлажак инвесторлар 200 миллион долларга яқин лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этишган ва технопарк ҳудудида биринчи саноат объектларнинг ишга туширилиши жорий йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган. Татаристон инвесторлари ва ишлаб чиқарувчиларини қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишга қаратилган «роуд-шоу» ўтказиш мақсадида «Чирчиқ» технопарки раҳбарияти делегациясининг Татаристонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

    Учрашув якунида эришилган келишувлар ва ташаббусларнинг амалий ижроси бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.