Жаҳон ҳамжамиятига интеграция жараёнида, дунё меҳнат бозорига дадил ва фаол кириб борилаётган паллада хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмага эга бўлишни даврнинг ўзи тақозо этаётир. шу боис, бугунги кунда она тили қаторида бир неча чет тилларни билиш зарурати юзага келаётгани табиий ҳол.
Хорижий тилларни ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантиришга қаратилган ушбу эътибор замирида дунё меҳнат бозорида рақобатбардош, ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлашдек эзгу мақсад ифодасини топган. Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ташкил этилгани ана шу эзгу мақсад рўёби йўлидаги хайрли тадбирлардан бири.
Жорий йилда танловнинг туман (шаҳар) босқичида 34 минг 375 ўқувчи (6 минг 885 та мактабдан) иштирок этган. Қатнашчиларнинг 32 минг 505 нафари инглиз, 1015 нафари немис, 905 нафари француз тили бўйича билим ва кўникмасини намоён этди.
Биринчи босқич якунига кўра, 208 та мактаб танловнинг иккинчи босқичига тавсия этилди. Беллашувларда хорижий тилни билиш даражасини аниқлашга қаратилган топшириқлар умумтаълим мактабларининг 7-9-синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Тест топшириқлари иштирокчиларнинг мулоқот кўникмаларини босқичма-босқич ривожлантиришга хизмат қилди.
Мусобақанинг республика босқичида ҳар бир ҳудуддан биттадан, жами 14 мактаб ва 70 ўқувчи иштирок этди. Ушбу босқичда Буюк Британиянинг “Cambridge Assessment English” ташкилотига тегишли “Linguaskill” халқаро тести воситасида иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш, ёзиш, сўзлашиш ва ўқиш кўникмалари синовдан ўтказилди. Куни кеча иштирокчи 70 ўқувчи 14 устози билан Буюк Британияга таълим саёҳатига жўнаб кетди.
— “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” концептуал ғоясини амалда татбиқ этиш учун барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва керакли шарт-шароитлар яратилди, — дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири маслаҳатчиси Азизбек Турдиев. — “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларга мисолдир. Ҳар йили мана шу танлов иштирокчилари Буюк Британияга таълим саёҳатига юборилади. Улар хорижлик тенгдошлари билан суҳбатлашади, у ердаги таълим тизими билан танишади. Бу анъана бизга аждодларимиздан мерос. Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби буюк алломалар ҳам ўз даврида юрт кезган, илм ўрганган. Жадидлар хорижий тилларни ўрганишнинг аҳамияти катта эканини таъкидлаб, шогирдларини тил ўрганишга, дунё кўришга, жаҳон илму маърифатини ўзлаштиришга ундаган. Дастлабки Ренессансларга пойдевор бўлган ушбу қадрият бугун Учинчи Ренессанс пойдевори қурилаётган Ўзбекистонда давом этяпти.
“Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг якуний босқичи натижаларига кўра, Наманган шаҳридаги 7-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллади ва 500 миллион сўм билан тақдирланди. Яшнобод туманидаги 145-мактаб жамоасига 2-ўрин ва 400 миллион сўм насиб этди. Бухоро туманидаги 1-мактаб жамоаси 3-ўрин ҳамда 300 миллион сўмга муносиб топилди.
— Албатта, биринчи ўринни эгаллаш осон эмас, — дейди Наманган шаҳридаги 7-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Саодатхон Абдуллаева. — Ўтган йили ҳам шу танловда қатнашган эдик. Республика босқичида омад кулиб боқмаганди. Йиқилган курашга тўймас, деганларидек, бир йил қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Таътил вақтида ҳам ўқишдан бош кўтармадик. Бу ўзига яраша машаққат эди. Ўқиш, ёзиш, гапириш, танқидий фикрлаш кўникмалари бўйича қаттиқ ишладик. Ниҳоят, бу йил ғолиблик насиб этди. Албатта, бу жуда ҳаяжонли ва фахрли. Ўқувчилар камолини кўриш, меҳнати зое кетмаганига ишонч ҳосил қилиш кишига ифтихор бағиш лайди. Икки ўқувчим IELTS синовидан 7,5 балл олган. Қолганлари ҳам билимли, заковатли. Доим инглиз тилида гапиради, ўз устида мунтазам ишлайди. Қўшимча адабиётлар ўқийди, ўрганади. Ёзда, таътил пайтида ҳам дам олмадик ва қўлга киритган натижамиз бизга Буюк Британияга саёҳат қилиш имконини берди.
Хорижий тилларни ўрганиш — бугунги тараққиётнинг бош талабларидан. Глобаллашув замонида камида иккита тил билиш зарур. Бугун ёшларимиз она тилини юксак даражада билиши баробарида дунёнинг ривожланган давлатлари тилини ўрганиши, ўша ердаги маълумот, янгилик, илмий ахборотлардан кенгроқ фойдаланиши лозим.
— “Ёзиш кўникмаси бўйича энг яхши ўқувчи” номинациясида ғолиб бўлдим. Бунга осонликча эришмадим. Жуда қаттиқ меҳнат қилдик ва якунда ана шу меҳнатимизнинг натижасини кўрдик. Бундан жуда хурсандман, — дейди Бухоро туманидаги 1-мактаб ўқувчиси Шаҳриёр Сулаймонов. — Эришган муваффақиятим ортида, албатта, катта меҳнат ётибди. Мунтазам иншо ёздик. Машқларга эътибор қаратдик. Иншо ёзишни машқ қилганимиз катта ёрдам берди. Рақобатчиларим жуда кучли эди. Улар ҳам тайёргарлик кўрган. Биз имтиҳон муҳитидан ташқарида дўст эдик. Имтиҳон залига киргандан кейин рақобатчига айландик. Бу соғлом рақобат ҳаммамизнинг ўсишимизга ёрдам беради, деб ўйлайман. Тил ўрганиш одамнинг дунёқарашини кенгайтиради. Айниқса, халқаро тилларни ўрганиш билан кўплаб ахборотга йўл топа оламиз. Чунки интернетдаги маълумотларнинг ярмидан кўпи инглиз ва рус тилларида.
Республика босқичида иштирок этган 70 ўқувчи ва 14 ўқитувчи бир ҳафта давомида Буюк Британияда таълим саёҳатида бўлади. Улар инглиз таълим жараёни, жумладан, “Ардмор” тил ўқитиш мактаби, Кембриж, Оксфорд университетлари фаолияти билан яқиндан танишади, Кембриж, Лондон, Виндзор, Оксфорд шаҳарлари, Темза дарёси бўйлаб саёҳат қилади. Инглиз тенгдошлари билан ўтказиладиган турли учрашувлар, Буюк Британия маданияти ва тарихи билан боғлиқ тадбирларда иштирок этади.
— Лондон шаҳрига йўл оларканмиз, ҳиссиётимни сўз билан ифодалаб беролмайман, — дейди Жиззах шаҳридаги 1-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Мадина Машарипова. — Буюк Британия таълим тизими, маданияти билан танишамиз. Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихи, бугуни, айни пайтда таълимга берилаётган эътибор, ёшларимиз салоҳияти ва эришаётган ютуқлари ҳақида уларга сўзлаб берамиз. Ўзбекистонга қайтгач, билимимизни бошқалар билан бўлишишга ҳаракат қиламиз.
Бугун чет тилларда эркин сўзлашаётган, фикрини баён этаётган ёшларни кўриб Аваз Ўтарнинг “Ҳар тилни билув эмди бани одама жондир”, деган мисралари ёдга тушади. “Тил билган — эл билади”, дейди доно халқимиз. Ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши ва интилиши, бу борада эришаётган муваффақияти замирида юртимизда яратилган шарт-шароит катта аҳамият касб этмоқда. Бугун қанот ёзиб, энг чекка қишлоқларгача етиб борган танлов ҳаяжони эртага жаҳон миқёсида бўйлашадиган кадрларнинг камол топишига хизмат қилиши муқаррар.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири