ТДТ: таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичида

    2021 йилда тўлақонли бирлашма мақомини олган Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда ўз ривожланишининг янги босқичига қадам қўймоқда. Қадимий ва ҳамиша нақирон Самарқанд шаҳри 2022 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари муҳим сиёсий тадбир Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитига мезбонилик қилди.

    Қайд этиш жоизки, Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити доирасида 10 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт боғлиқлиги дастури ва Соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисидаги битим, Савдо стратегияси бўйича муҳим келишувлар ана шулар жкмласидандир. Шунингдек, яна бир муҳим ҳужжат — Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегияси имзоланди. Саммитнинг асосий ҳужжати — Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

    Шубҳасиз, юқоридаги ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши кейинги йилларда барқарор ўсиш траекториясини кўрсатаётган савдо-иқтисодий жараёнларга ижобий таъсир кўрсатади ва янги динамика беради.

    Энг муҳими, иштирокчи давлатлар саммит кун тартибидаги барча масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга тайёрлигини билдирмоқда.

    Буларнинг барчаси ТДТ ривожланишнинг сифат жиҳатдан янги босқичга чиққанлиги, қолаверса аъзо-давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги қирралар очилаётганлигидан далолат беради.

    Яна бир муҳим жиҳат. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммитида ёшлар масаласига доир бир қатор таклиф ва ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисининг 40 фоизини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласи Ташкилотнинг устувор йўналишларидан биридир.

    Қайд этиш жоизки, бугун Ташкилотга аъзо давлатлар доирасида Туркий университетлар Иттифоқи, 2018 йилда Баку шаҳрида Туркий кенгашнинг биринчи талабалар ўйинлари – Туркия Универсиадасини алоҳида таъкидлаш керак. Бундан ташқари, Ёшлар фестиваллари, Туркий ёшлар лагери ва Туркий давлатларнинг ёш дипломатлари учун курслар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

    Бу тармоқдаги эътиборни тортувчи муҳим натижалардан бири – туркий университетлар иттифоқини яратилиши бўлди. Бу иттифоқ ўзида 18 та олий таълим муассасасини жамлади. Бундан ташқари, ахборот агентликлари ўртасида алоқаларни кучайтириш, маълумот алмашиш ва халқаро туркий тилли янгиликлар каналини ташкил этиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.

    Мазкур саммитда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилда Ўзбекистонда туркий ёшлар илм-фан ва инновациялари халқаро Конгрессини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Мазкур конгресс ўтказилиши мамлакатлар тараққиётининг асоси бўлган илм-фан соҳасини янада ривожлантириш ва келажак пойдевори бўлган ёшларни рағбатлантириш учун ажойиб имконият бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, таълим тизими ходимлари, университетлар, Ташкилот оқсоқоллари, ёшлар ўртасидаги ҳар томонлама кенг қамровли учрашувлар ташкил этишни кўзда тутади.

    Давлатимиз раҳбари томонидан Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимининг жорий этиш бўйича таклифи, мазкур йўналишдаги ишларнинг тизимли ва самарали ташкил этилиши учун замин яратади.

    Самарқанд саммитида таъкидланган ёшлар масаласига оид ташаббуслар ўсиб келаётган ёш авлоднинг қобилиятини юзага чиқариш, мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

    Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ёшларга оид давлат сиёсатининг аниқ мақсад ва вазифалари белгилаб қўйилди. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу концепциянинг самарали амалга ошириш мақсадида 62 та банддан иборат бўлган Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

    Ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича қонунчилик замон талаблари асосида такомиллаштирилди, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди, янги институт ва механизмлар жорий этилди. Хусусан, 2017 – 2020 йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг самарадорлигини таъминлаш ва ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 50 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

    Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи давлат ташкилоти бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Бугунги кунда агентлик чин маънода ёшларнинг манфаатларини ифодалаб келмоқда. Ёшларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган “Бешта муҳим ташаббус” лойиҳаси ишга туширилди. Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ташкил этилди.

    Шу билан бирга, таълим тизимида улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Сўнгги тўрт йилда юртимизда 44 та янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, уларнинг сони 50 фоизга оширилди, ёшларни олий таълим муассасаларига қамрови 9 фоиздан 28 фоизга етказилди.

    Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида ёшлар масаласига оид ташаббус ва ислоҳотларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар ўз мазмун-моҳиятига кўра тарихий, халқаро-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва маданий жиҳатдан юқори аҳамиятга эга.

    Сардорбек ЮСУПОВ,

    юридик фанлари доктори, доцент

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates