Лого Лого-пв-уз

    Темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

    Ҳукумат 25 сентябр 2023 2298

    Президент Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

    Сўнгги етти йилда мамлакатимизда саноат корхоналари кўпайиб, 110 мингтага етди. 2 мингдан зиёд янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Экспорт ҳажми 1,6 баробар ошиб, ўтган йили 19 миллиард долларга етди. Буларнинг натижасида мамлакатимизда юк айланмаси 30 фоизга ошган.

    Маълумки, Ўзбекистон каби дунё океанларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони йўқ мамлакатлар учун энг қулай ва арзон транспорт бу – темир йўл ҳисобланади. Лекин ҳозир ички бозорда маҳсулотнинг атиги 5 фоизи, экспортда эса 45 фоизи поездда ташилаяпти. Яъни, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти автомобилда юк ташишга рақобат қила олмаяпти.

    Чунки соҳа узоқ йиллар ислоҳ қилинмади, замонавий бошқарув тизими жорий этилмади. Шу билан бирга, ҳалқаро майдондаги вазият ҳисобига транспорт-логистика харажатлари ҳам ошган. Оқибатда жамиятнинг даромади ҳам, хизматлар сифати ҳам паст бўлиб қолмоқда.

    Жумладан, вагонлар етишмовчилиги ва уларни кўплари эскирганлиги айтиб ўтилди. Ҳозирги тарифлар ва бошқарув тизими билан соҳага хусусий сектор кириши қийин. Аксарият станцияларнинг даромади ўз харажатини қопламайди. Рақамлаштириш даражаси пастлигича қолаяпти. Вокзалларда савдо ва сервис лозим даражада йўлга қўйилмаган. Хавфсизлик важи билан марказий вокзалларга кириб-чиқиш имконияти чекланган. Автотураргоҳлар узоқ жойлашгани, чипта сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва хизматдан аҳоли норози.

    Шулар қайд этилар экан, йиғилишда соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

    Унга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятини холдингга айлантириб, замонавий бошқарувни жорий қилиш, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш мўлжалланмоқда.

    Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, соҳадаги самарадорликни ошириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди. Бухгалтерияни шаффоф қилиб, корхоналарга давлат кафолатисиз инвестициялар ва хорижий экспертларни жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

    Соҳада хусусий сектор учун жозибадор тарифлар шакллантирилиши, тадбиркорларнинг вагон сотиб олиши учун кредитлар ажратилиши белгиланди. Шунингдек, марказий вокзаллар атрофида замонавий савдо мажмуалари қуриш мумкин бўлади, вокзаллардаги жойлар ижара учун аукционга чиқарилади. Темир йўл станциялари атрофида бўш жойлар аниқланиб, логистика хизматлари ва ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилади.

    Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда “ягона дарча” тамойили орқали юк ҳужжатларини электрон расмийлаштириш, вагонларга GPS ўрнатиш ва онлайн омбор ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

    “Ўзбекистон темир йўллари”нинг носоҳавий активларини қайта кўриб чиқиш, уларни сотишдан тушган маблағлар темир йўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди.

    Поездларнинг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юқори бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракати камайишига, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади.

    Транспорт прокурорига барча темир йўл кесишмаларини тартибга олиб, фуқаролар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.

    Ходимлар малакаси, хизматлар сифати масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

    Давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотлар орқали аҳоли ва тадбиркорларни рози қиладиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади.

    Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан ахборот берди.

    No date selected
    ноябр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates