Бу табиб соҳибқироннинг нафақат ҳарбий юришлари даврида, балки бутун умри мобайнида соғлиғи учун қайғурган ва жавобгар ҳисобланган. Афсуски, Амир Темур саройида яшаб, ўзидан асар ёзиб қолдирган бошқа табиблар ҳақида маълумотлар етиб келмаган.
Манбаларда, хоссатан Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасихий”, Хондамирнинг “Хулосат ал-ахбор” ва бошқа асарларида келтирилган маълумотларга кўра, ўша давр шифохоналарида мадраса ва бошқа ўқув юртларида билим олган юзлаб табиблар ишлар эди. Бу даврнинг етук шифокорлари шифохоналарда беморларни даволаш баробарида мадрасаларда мударрислик ҳам қилишган. Буни ҳозирги кун билан таққослайдиган бўлсак, бизнинг шифокорларимиз ҳам худди шундай: талабаларга сабоқ беришлари билан бир қаторда, шифохоналарда талабаларга амалиёт ўтайдилар.
Темурийлар даври табибларининг баъзилари эса, ажойиб шеърлар ва ўзидан аввал ўтган олимларнинг тиббиётга оид асарларига араб, форс ва туркий тилларда шарҳлар ёзишган. Амир Темур саройида Мавлоно Иззаддин Масъуд Шерозий ва Мавлоно Фаррух каби машҳур табиблар хизмат қилишган. Ҳиротда Умаршайҳ Мирзонинг хотини бўлган Маҳди улё Милкат оқа қурдирган “Доруш-шифо” машҳур эди. Темурийлар даврида бу каби шифоханалар қурилишига катта эътибор берилган, аёллар ва эркакларники алоҳида бўлиб, деярли Мовароуннаҳрнинг барча шаҳарларида қурилган.
Амир Темур ва темурийлар даврида орасталик ҳамда озодалик бирламчи масалалардан бўлган. Биз бу озодаликни Соҳибқироннинг ўз аскарларига қўллаган чора-тадбирлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Юртимиз музейлари экспозиция залларида айнан темурийлар даври аскарларининг ўзига тегишли бўлган идиш-товоқлари намойиш этилган. Амир Темур ҳар бир жанг олдидан аскарларининг соғлиғини текшириб, ҳар бир аскарнинг ўзигагина тегишли бўлган шахсий буюмлари билан ҳам қуролланишини назорат қилган. Бундан ташқари, Соҳибқирон келин танлашга алоҳида эътибор берган. Чунки, келинлар насл давом эттирувчи эканликларини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғломликларини алоҳида текширган.
Халқни ичимлик сув билан таъминлаш учун кўпгина ҳовуз, канал, ариқлар қазилган. Тарихий манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Амир Темур ва Темурийлар даврида юқумли касалликлар тез-тез тарқаб турар эди. Бунинг олдини олиш учун керакли чоралар кўрилган. Хусусан, тозаликка катта аҳамият берилган, айниқса ариқ ва ҳовузлардаги сувлар ниҳоятда тоза тутилган. Шу сабабданми, шифохоналарнинг шимол тарафида Дорал-ҳуффоз орасида ҳовуз бўлиб, унда табиблар беморларни даволар эдилар. Темурийлар даври табобатида асосан Ибн Сино кўрсатмаларига риоя қилинган. Табиблар шаҳзодаларга атаб, асарлар ёзишган.
Ана шундай асарлардан бири, темурийлар даврининг машҳур табибларидан бири ҳисобланмиш Мансур ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Юсуф ибн Фақиҳ Илёснинг “Ташрих-и Мансури” деб номланган, Амир Темурнинг набираси Пир Муҳаммад Баҳодирга бағишланган, “Рисола дар ташрих-и бадан-и инсон” (“Инсон анатомиясига оид рисола”) асари шулар жумласидан. Унинг муқаддимасида одам танасининг турли аъзолари, жумладан суяк, асаб, мускуллар ва қон томирлар тасвирланган. Темурийлар даври табобат илмига оид адабиётлар ўрганилинар экан, буларда асосан инсон руҳияти, анатомияси ва қон томирларига оид касалликлар ёзилганлигини айтиш мумкин.
Маълумки, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” (XI) ва ундан кейинги тиббий асарлар араб тилида ёзилган. Темурийлар даврида эса тиббий асарлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда ёзилганлиги сабабли форс тилида эди. Худди шу даврлардан илмий атамаларга маҳаллий ўсимлик ва дориларнинг форс тилидаги номлари ҳам киритила бошланган. Айнан темурийлар даврида “Тиб қонунлари”нинг турли қисмларига кўплаб шарҳлар, қисқартмалар ёзилганлиги ҳам шу даврнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.
Бундан ташқари, темурийлар даврида айнан шаҳзодалар учун ясалган пиёлалар, идишларнинг қандай металлдан ясалишига ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Ана шундай буюмлар сарасига нефритни киритиш жоиздир. Бизга маълумки, нефрит тошининг келиб чиқиши X асрда Хитойга бориб тақалади. Хитойликлар уни “Ғалаба тоши” деб тақиб юришган. Нефритнинг оқ, яшил, қора ранглари бизга маълум. Биз маълумот бермоқчи бўлган, нефрит пиёлалар темурий шаҳзода Мирзо Улуғбекка тегишли бўлиб, ҳозирда у Буюк Британия музейида сақланмоқда. Бу пиёлаларнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, улардан шаҳзодаларни ташқи хавфдан ҳимоялаш мақсадида ҳам фойдаланилган. Яъни, нефрит пиёлалар заҳарни фош қилиш хусусиятига эга бўлган. Агар пиёлаларга заҳар солингудек бўлса, уларнинг ранги ўзгарган.
Мирзо Улуғбекка тегишли нефритдан ясалган буюмлар. Марказий Осиё, XIV аср. Лондон, Британия музейи. Марказий Осиё, 1400-1450 йиллар. Нефрит, ўлчамлари: 6.5х15.5х12.3 см. Инвентарь рақами 1961.2-13.1. Пиёланинг тўқ рангли, сиртининг текислиги тутқичида аждар тасвири ишланганлиги томошабинда уни бир ушлаб кўриш иштиёқини уйғотади. Бу тутқич мўғулларнинг эгар-жабдуқларига ишланган аждаҳо тасвиридан андаза олиб ясалган. Мўғулларнинг олтиндан, кумушдан ясалган худди шундай аждар тасвирли идишлари тарихдан бизга маълум, аммо улар шубҳасиз нефритдан ясалган. Шунга ўхшаш Ҳиндистонда сақланаётган яна бир идиш бизга маълум ва унга “Улуғбек Кўрагон” исми ўйиб ёзилган, кейинроқ эса 1611 йили темурий шаҳзода Жаҳонгир унинг дастасини йўндириб қайта ишлов бердирган.
Нефрит пиёла. Улуғбек Кўрагон исми ўйиб ёзилган, Марказий Осиё, 1420-49 йиллар, ўлчамлари: 6.4х19.4 см. Лондон, Британия музейи. Улуғбекнинг нефрит тошларига бўлган қизиқишини ҳисобга олиб, бу пиёланинг келиб чиқишини Хитой савдо йўллари билан туташган Самарқанд қолаверса, Марказий Осиё билан боғлаш ўринлидир. Энг сўнгги Хитой ҳунармандлари ишлаган шунга ўхшаш нефрит идишлар “ченг” (сув идиш) деб аталган. Нефрит идишлар Марказий Осиёнинг баъзи худудларида Хитой намуналари асосида тайёрланган. Тутқичи дағал ишланган бўлса-да, бундай идишлар шаҳзодалар ўртасида бир-бирларига “шоҳона” ҳадя сифатида совға қилинган. Тутқичда тасвирланган шер калласи XV асрга оид Хирот фаввораларида ҳам мавжуд.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Амир Темур ва темурийлар даврида барча соҳалар кенг ривожлангани каби, тиббиёт илми ҳам жадал ривожланган. Табиблардан инсонларни дори дармон, шифобаҳш гиёҳлар ёрдамида даволаш билан бир қаторда, уларни ваҳимага солиб қўймаслик учун руҳий даволаш йўлларини қўллаш ҳам талаб қилинган. Бу эса, ўша пайтдаги шифохоналарда китоблар мутолааси, ҳадислар ўқиш орқали амалга оширилган.
Дилафрўз ҚУРБОНОВА,
тарих фанлари доктори










