Терминал ишламаяпти деган баҳоналар кетмайди!

    Солиқ қоидабузарлиги ҳақида мурожаат қилган истеъмолчи 20 фоиз мукофот пулига эга бўлади.

    Яқинда кичик савдо шаҳобчасидан харид қилганимда, сотувчи тўлов терминали ишламаётганини айтиб, нақд пул беришим ёки тўловни картадан картага ўтказишимни сўради. Мен ўтказмани амалга оширдим ва сумма жисмоний шахс номидаги картага тушди. Қизиғи, бу ҳолат келаси сафар ҳам такрорланди. Жараёнда ўтказмадан олинадиган фоиз суммаси менинг зиммамга тушаётгани камдай, сотувчи харид чекини ҳам бермади, буни устига харид суммасидан 1 фоизни ҳам қайтариб ололмайман. Истеъмолчи сифатида чекни талаб қилганимда, бирор норозилик бўлса, ўтказма тарихининг ўзи кифоя қилишини айтди.

    Сўнгги вақтларда шундай ҳолатлар кўп учрамоқда. Айниқса, шаҳардан ташқари жойларда савдо ва хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан харидорларга батарея қуввати йўқлиги ёки бошқа сабабларга кўра тўлов терминали ишламаётгани, пластик картада тўлашнинг иложи йўқлиги баҳона қилиниб, нақд пулда савдо қилишга ундаш кўпайган. Қолаверса, харид чекини бермаслик, карта турига қараб савдо қилиш, электрон тўловдан бош тортиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

    Ваҳоланки, ахборот технологиялари тобора ривожланиб бораётан ҳозирги шароитда аҳоли орасида пластик карта ва электрон тўлов усулларидан фойдаланувчилар сони ортиб боряпти. Кўплаб инсонлар, ҳатто, ҳамёнида нақд пул олиб юрмайдиган бўлган. Шундай шароитда одамларни нақд пулда савдо қилишга ундаш ёки замонавий тўлов турларидан фойдаланмаслик қанчалик тўғри? Одамлар буни тадбиркорнинг солиқ тўловларидан қочиши, деб тушунади, аслида ҳам шундайми? Бундай тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда қандай чоралар назарда тутилган? Мавзуга доир долзарб саволлар билан Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилдора ҲОШИМОВАга юзландик.

    — Аввало, бундай ҳаракатлар яширин иқтисодиётнинг бир кўриниши ҳисобланади. Хўш, бу нима дегани? Гап шундаки, яширин иқтисодиёт — бунорасмий бандлик, ноқонуний иш ҳақи, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти ёки товар ва хизматлар ноқонуний савдоси. Давлатдан даромадларини яшириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга олиб келадиган ҳаракатлар яширин иқтисодий фаолият саналади. Ва бундай ҳаракатларга қонунчиликда тегишли чоралар белгиланган.

    Худди шундай, савдо ёки хизмат кўрсатиш жараёнида пластик картани рад этганлик ҳам жавобгарлик белгиланган. Чунки, ҳозирги кунда юртимизда савдо ёки хизмат кўрсатишда нафақат нақд кўринишда, балки нақдсиз тўлов (электрон тўлов) учун ҳам барча зарурий шароитлар яратилган. Қолаверса, фуқароларнинг кўпи бу амалиётни мобил иловалар ва бошқа усуллар орқали амалга оширишга ҳам одатланиб улгурди. Бу анча тезкор ва қулай усул бўлгани ҳолда, савдо ҳисоботи юритилишида ҳам афзалликларга эга. Чунки пулларнинг кирим жараёни электрон қайд этиб борилади. Ҳатто, савдони амалиётда картадан картага ўтказиш ҳам мумкин, фақат юридик шахсга тегишли пластик карталар ёки электрон тўлов орқали тадбиркорлик субъектининг ҳисоб рақамига ўтказилганида, бу қоидабузарлик саналмайди. Агар тўлов жисмоний шахснинг картасига тушса, тушумнинг назорати йўқ ва бу тушумни яшириш орқали тадбиркор солиқдан қочган ҳисобланади. Бунинг қоидага зид эканини харидорга харид чеки берилмаслигидан ҳам билиш мумкин. Ваҳоланки, ҳукуматнинг тегишли қарори билан тадбиркорлик субъекти ҳар қандай савдо қилинганида ва хизмат кўрсатганида харидорга харид чекини бериши белгилаб қўйилган.

    Тадбиркорлик субъекти харид чеки бермасдан, савдо ёки хизмат кўрсатилганида тушум пулини кирим қилмадими, демак, у солиқдан бўйин товлаяпти. Солиқ кодексининг 22-моддасида товар ва хизматлар реализация қилинганида унга чек бериш солиқ тўловчининг мажбурияти этиб белгиланган. Солиқ ҳуқуқбузарлиги содир этилган бўлади ва 221-моддага асосан назорат-касса техникасининг ёки ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик, деб баҳоланади. Бундай ҳолатда тадбиркорлик субъектига 5 миллион сўм, ҳуқуқбузарлик йил давомида қайта такрорланганида эса 10 миллион сўм миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Маълумот учун, жорий йилда худди шундай ҳолат бўйича солиқ органи ходимлари томонидан 3 мингтадан зиёд сайёр солиқ текширувлари ўтказилган.

    — Демак, савдо ва хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари тўлов терминалларидан фойдаланиш ҳамда харидорга чек беришга мажбур?

    — Албатта, савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида ҳисоб-китоб терминаллари ишлатилиши керак. Чунки ҳозирги кун талаби шундай. Аҳоли истаса нақд, истаса пластик карта, истаса электрон тўлов орқали харид қилади. Тадбиркорлик субъекти эса тўловнинг ҳар қандай турини қабул қилишни таъминлаши керак. Аммо харид чеки терминал орқали берилмайди. Кўпчилик шу масалада хато ўйлайди. Гап шундаки, терминал — бу тўлов қабул қилиш аппарати ҳисобланади. Ундан чиққан “қоғоз” харидорнинг пул кўчириб берганини тасдиқлайди. Харид чеки эса онлайн назорат кассаси орқали берилади.

    Ана шу онлайн назорат кассаси ҳар бир савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчасида бўлиши мажбурий. Бу аппарат киримни қайд этиб боради, фискализация қилади ва электрон ҳисобни юритади. Солиқ органлари томонидан ҳар битта рўйхатдан ўтган аҳоли билан нақд пулда ишлайдиган тадбиркорлик субъектига онлайн назорат касса машинасини олиш талаби қўйилган. Барча маҳаллада солиқ инспекторлари бор, улар томонидан бу назоратга олинади. Айни пайтда юртимиз бўйича 180 мингга яқин тадбиркорлик субъектларида 225 мингга онлайн назорат касса машиналари рўйхатга олинган ва фаолият юритиб келмоқда. Шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу онлайн назорат касса терминалларидан 792 миллионта чек чиқарилиб, улар бўйича айланма 193,1 триллион сўмни ташкил этди. Бу борада ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари етакчилик қилмоқда.

    Электрон қурилмаларнинг яна бир афзаллиги, тадбиркорлик субъектлари фаолияти, кирим-чиқими текширувини осонлаштирганида ҳам кўринади. Авваллари, солиқ инспекторлари текширув учун жойига бориб, соатлаб, ҳатто, кун давомида савдо қайдлари ёзилган журналларни текшириб, ҳар бирини солиштиришига тўғри келган. Ҳозир буларнинг бари соддалаштирилиб, онлайн тизимга ўтказилган, тадбиркорлар учун ҳам қулай бўлди. Қулайлик тарафи тадбиркор ўзида қанча савдо бўлгани, қайси товарларига эҳтиёж ортгани (тугагани) ва бизнесидаги бошқа жараёнларни онлайн кузатиб бориб режалаштириш имконияти бўлади. Бугунги кунда ҳар бир онлайн назорат касса техникаси махсус онлайн НКТ ахборот тизими орқали реал вақт режимида кузатиб борилади. Қурилмалар ишлатилмаган тақдирда сабаблари ўрганилиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганида тегишли чоралар кўрилади.

    Ҳозирги замонавий онлайн назорат кассалари барча турдаги карталарни қабул қилиш имкониятига эга. Аслида, кассалардан танлов асосида (нархи, имконияти, қулайликлари) фойдаланиш тадбиркорлик субъектининг ихтиёрида, аммо бу истеъмолчининг норозилиги ва харид чекини бермасликка сабаб бўлмаслиги лозим. Агар қурилмани ишлатмасликка чиндан ҳам электр токи йўқлиги, аппаратнинг бузилиб қолгани каби ҳолатлар сабаб бўлса, бундай вазиятлар қонунчиликда инобатга олинган. Яъни, бу каби ҳолатларда тадбиркорлик субъекти дарҳол солиқ органларига ва техник хизмат кўрсатувчига (тузатиш ёки вақтинча алмаштириш) мурожаат қилиши ва буни тегишли тартибда расмийлаштириб қўйиши керак. Тадбиркорнинг талабига кўра, онлайн назорат касса техникаси ишлагунига қадар харидорларга қоғоз кўринишида квитанция беришга рухсат этилади. Электрон қурилма ишламаган вақтда тадбиркорлик субъектининг фаолият юритмасликка ҳаққи бор. Агар ҳисоб-китоб терминали ҳам ишламаяпган бўлса ва харидорларга тўлови учун чек беришнинг мутлақо иложи бўлмаса, ўз-ўзидан, аҳолига хизмат кўрсатишга рухсат берилмайди. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам харидорларга харид чеки қоғоз ёки электрон кўринишда берилиши шарт.

    — Харид чекини сўраб олмаган ёки талаб қилмаган харидорларнинг ўзи ҳам қоидабузар ҳисобланадими?

    — Йўқ, қонунчиликда бу назарда тутилмаган. Чекни олмаганлик учун харидорни айблаш нотўғри бўлади. Чунки истеъмолчи харид чекини сўрайдими ёки йўқ уни бериш тадбиркорлик субъектининг вазифаси. Чекни олиш-олмаслик, ёки олса ҳам ташлаб юбориш эса харидорнинг ўз ихтиёрида. Лекин товар сотилганда ёки хизмат кўрсатилганида ҳар қандай шаклдаги харид чекини, албатта, истеъмолчига бериши керак, акс ҳолда, бу қоидабузарлик саналади. Тасаввур қилинг, сиз чекни чиқариб беришингиз учун қанча вақт кетади? Бу вақтда харидор ғойиб бўлиб қолиши ёки қочиб кетиши имконсиз. Шундай бўлган тақдирда ҳам савдо ёки хизмат кўрсатувчи харидни онлайн назорат кассага кирим қилиб, чекни чиқариб қўйиши керак. Электрон тизим чек чиқарилганини қайд этади ва бу қонун доирасидаги ҳаракат саналади.

    Ҳозир одамларда харид маданияти анча шаклланиб боряпти. Аҳолининг ўзи харид чекини сўраб олаётгани ижобий кўрсаткич. Бунга уларни хариддан қайтариладиган “кэшбек”ларни тўплаш иштиёқи ҳам рағбатлантираётгани рост. Биргина жорий йилнинг саккиз ойида жисмоний шахсларга харид қийматидан 631 миллиард сўмга яқин маблағ 1 фоиз кэшбек сифатида қайтарилди. Бундан ташқари, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида электрон тижорат, яъни маркетплейсларнинг маълумотлар базаси солиқ органлари ахборот тизими билан интеграция қилиниб, харидорларга бу йил умумий қиймати 66,2 триллион сўмлик 1,4 миллиард дона электрон чек тақдим этилди. Бунинг натижасида автоматик тарзда 386,1 млиллион дона электрон чек учун 175,1 миллиард сўм кешбек ҳисобланди.

    Яна бир томони, юқорида турли баҳоналар билан пластик карталарни қабул қилмаслик, нақд пулда савдо қилишга ундаш, харид чекини тақдим этмаслик каби қоидабузарликлар ҳақида гапирдик. Бундай вазиятларда асосан истеъмолчилар ҳақ бўлади. Ва уларда шу каби ҳолатларда солиқ органларига мурожаат қилиш, бу орқали, ҳатто, мукофот пулига эга бўлиш имконияти ҳам мавжуд. Яъни, харидор солиққа оид ҳуқуқбузарликка дуч келса, бу ҳақида “Soliq” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” бўлими орқали шахсини тасдиқловчи рўйхатдан ўтган ҳолда ёзма, ёки ўзига яқин бўлган ҳудуддаги солиқ инспекциясига бевосита бориб, ёхуд тегишли ишонч телефони орқали оғзаки мурожаат қолдириши мумкин. Мобил иловадан фойдаланиш давомида “Мурожаатингиз учун мукофот олишни хоҳлайсизми?” деган саволга ҳа ёки йўқ тарзида жавоб беради. Агар фуқаро мукофот олишни истаса ва йўлланган мурожаат ўз тасдиғини топса, тадбиркорга қўлланилган жариманинг 20 фоизи мурожаатчига берилади. Ҳозиргача ушбу йўналишда тўланган мукофотлар суммаси 25 миллиард сўмдан ошди.

    Келиб тушган мурожаатлар сони эса жорий йил 1 октябрь ҳолатига 70 мингдан зиёдни кўрсатяпти. Ана шу мурожаатлар асосида жами 26 400 та тадбиркорлик субъектида сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, уларга нисбатан 85 миллиард сўмдан ортиқ молиявий жарима қўлланилган. Мурожаатларнинг 99,1 фоизида ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топган. Ҳар бир мурожаат, албатта, ўрганилади ва ҳуқуқбузарлик аниқланмаган тақдирда, тадбиркорга чора кўрилмайди. Яъни, мурожаатларни шунчаки пул учун қилинаётган ҳаракат сифатида баҳолаш нотўғри. Аксинча, бу фуқаролик назоратининг кўринишларидан бири бўлиб, одамлар ҳуқуқбузарликларга бефарқ эмаслиги, ўз ҳаққини таниб бораётганидан далолат.

    — Аммо кўчада савдо қилаётган деҳқон ёки савдогарда онлайн касса назорат терминали бўлмайди ва ҳеч ким улардан чек ҳам сўрамайди. Бунинг талаби ва тартиби қандай? Кимлар онлайн назорат касса аппаратисиз савдо қилиши ва хизмат кўрсатиши мумкин?

    — Қонунчиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар мавжуд бўлиб, уларга қатор имтиёзлар тақдим этилган. Хусусан, бундай шахслар белгиланган 101 фаолият тури билан шуғулланиши ва уларнинг айланмалари 100 млн сўмгача бўлганида даромад солиғидан озод қилинган. Демак, ўзини ўзи банд қилган шахслар онлайн назорат кассадан фойдаланишга мажбурияти йўқ. Лекин савдогарлар бундан мустасно, улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб касса ишлатишга мажбурлар ва чек ҳам беришлари шарт. Харидорларга қулайлик яратиш мақсадида тўлов терминали ва электрон тўлов турларини қўллаши мумкин, бироқ ихтиёрий.

    Ҳозирги кунда ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтиш мумкин бўлган юздан ортиқ фаолият тури мавжуд. Масалан, хонадонида тикувчилик қилишдан тортиб, сартарошлик, бола парвариши, репетиторлик, томорқачилик ва ҳоказо. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирш ва сотиш ҳам шундай фаолият турлари сирасига киради. Уларнинг бозор ҳудудида солиқ тўламасдан савдо қилиши учун тегишли тартибда ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтиши керак. Бунда фуқарога Солиқ органлари ходимлари ёрдам беради. Рўйхатдан ўтиш амалиёти қисқа вақтда онлайн тартибда Солиқ мобил иловаси орқали қисқа муддатда (бир неча сонияда) амалга оширилади. Фуқародан ортиқча ҳаракат, югур-югур талаб этилмайди. Рўйхатдан ўтгач, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятини давом эттираверади.Улар учун бу ижтимоий ҳимоя, кредит олиш учун расмий даромадга эгалиги ва келажакда яхши пенсия учун манба бўлади. Ўз ўрнида давлат учун қанча фуқароси расмий бандлиги ва даромадга эга эканини билиш учун ҳам муҳим.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 30.10.24 йил, 220-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates