Ўзгараётган ҳуқуқий тафаккур ҳодисаси мамлакат тараққиёти, инсон қадрини улуғлашда ўқилдиздир

    Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар ТОШҚУЛОВнинг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳарририга берган интервьюси

    Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнининг амалий натижаси ўлароқ, бугунги кунда аҳоли фаровонлиги ва юртимиз тараққиётида катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистонни янада юксалтириш йўлида барча тизим ва йўналишлардаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, самарадорлигини кучайтириш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйиляпти.

    Мана шундай ўзгаришлар жараёнини тўғри ва холисона ёритиш, ислоҳотлар моҳиятини юртдошларимизга ўз вақтида етказиш оммавий ахборот воситалари зиммасидаги масъулиятли вазифадир.

    “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан интервьюлар ташкил этиб келмоқда. Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда бу галги суҳбатдошимиз адлия вазири Акбар ТОШҚУЛОВ бўлди.

    — Аввало, бизга интервью беришга розилик билдирганингиз учун миннатдорлик изҳор этамиз. Суҳбатимизни янги Ўзбекистондаги энг катта ислоҳотлардан бири, миллий тараққиётимизнинг муҳим кафолати — халқ билан мулоқот тизимидаги ўзгаришлардан бошласак.

    Бу борада барча тизим раҳбарлари олдига жуда катта вазифалар қўйилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармонида ҳам Адлия вазирлиги зиммасига бир қатор муҳим вазифалар юкланди. Аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан қўшимча вазифалар шулар жумласидан.

    Ушбу масъулиятли вазифани сифатли бажариш учун вазирлик томондан қандай чоралар кўрилмоқда? Аниқ натижалар нималарда кўзга ташланади?

    — Давлат ташкилотлари ўзининг энг асосий вазифаси сифатида халқнинг оғирини енгил қилишга киришган, яъни аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш устувор вазифага айланди. Мана шу жабҳада вазирлигимизга ҳам муҳим вазифалар юклатилмоқда. Жумладан, юқорида айтилган фармон билан Адлия вазирлиги янгича ишлаш тизимига ўтди. Бунда аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини маҳаллаларда ҳал этиш асосий вазифа сифатида белгиланди.

    Фармон қабул қилинишидан олдин жойларда муаммоларни аниқладик. Уларни ўрганиш жараёнида ҳудудларда ушбу фармоннинг аҳамияти ва муҳимлигига амин бўлдик. Жуда кўп аҳоли шахсий, уй-жой ҳужжатлари ёки мерос масалалари билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоларга дуч келарди. Энди уларни халқнинг ичига кириб ҳал қилишга ўтганмиз. Фармон қабул қилингандан сўнг қисқа фурсат ичида “маҳалла еттилиги” билан уйма-уй юриб ўрганиш натижасида 26 мингта мана шундай ҳуқуқий муаммо аниқланди.

    Бугунги кунда биз уларнинг деярли 80 фоизини ҳал қилдик. Ҳуқуқий муаммолар ҳал бўлганидан сўнг фуқароларнинг йўли очилади. Яъни имтиёзлар, давлат ижтимоий ҳимоя тизимидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу жараённи рақамлаштириш орқали яна ҳам тезлаштириш ниятидамиз. Бунинг учун ходимларимиз томонидан иккита махсус дастур ишлаб чиқилди. Жойларда ҳуқуқий муаммолар бевосита электрон тизимда қайд қилинади. Ҳар бир муаммо ечилгандан сўнг назоратдан олинади.

    Бундан ташқари, онлайн маҳалла тизими орқали бевосита фуқароларнинг ўзи ёки “маҳалла еттилиги” ҳар қандай муаммони қайсидир идорага келмасдан туриб ҳам тизим орқали бизга етказа олади.

    Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларида алимент ундириш ёки судларга даъво киритиш масаласида жуда кўп муаммолар юзага келади. Юридик хизматлар анча қимматлиги боис, уларнинг имкони чекланган, шу сабабли текин юридик ёрдам тизимини шакллантирганмиз. “Мадад” нодавлат ташкилоти ҳамма туманларда очилиб, юртдошларимизга судлар ёки бошқа идораларга ҳужжатни бепул тайёрлаб бериш тизими яратилди. Уч ойда уч мингдан ортиқ фуқароларимизга алимент, мерос, ажрашиш, оилавий ёки меҳнат низоси билан боғлиқ ҳужжатларни бепул тайёрлаб бердик.

    Умуман олганда, юридик ёрдам тизимини ривожлантириш аҳолининг ҳуқуқий муаммолари камайишига олиб келади. Юртдошларимизнинг муаммоли масалалари бу тарзда ҳал этилиши уларда бугунги юритилаётган сиёсатдан розилик ҳиссини пайдо қилади, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди, юрт тақдирига дахлдорлигини оширади.

    — Шу йил 16 августда Президентимизнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини оширишга доир фармони қабул қилинди. Ҳужжатда асосий вазифалар Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган. Ушбу фармоннинг қабул қилиниш зарурати, ундаги вазифаларни амалиётга татбиқ этишнинг аҳамияти, умуман, кутилаётган ўзгариш ва қулайликларга тўхталиб ўтсангиз.

    — Охирги йилларда жуда кўп ислоҳотлар кечяпти. Буларнинг ҳаммаси қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари асосида бўлаётир. Ҳужжатлар қабул қилиш жараёнида пухта ишланадиган бўлса, мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Пухта ишлаш учун, албатта, технологиялар ва ривожланган давлатлар қўллайдиган ҳар хил усуллар бор.

    Бу тизимни ақлли тартибга солишни ўйлашимиз керак. Энг аввало, ҳужжат қабул қилишдан олдин аҳоли турмуш тарзига қандай таъсир қилишини билсак, ислоҳотлар самарадорлиги янада юқори бўлади. Шу нуқтаи назардан, уч йилдан ортиқроқ вақт давомида Адлия вазирлиги тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмидан фойдаланмоқда.

    Ушбу тизим аҳоли ҳаёти, тадбиркорликка, мамлакат тараққиётига қанчалик таъсир қилиши ёки яна қандай муваффақиятли механизмлар борлигини олдиндан аниқлаш имконини беради.

    Тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмларини қўллаш давомида бюджет ва тадбиркорларга ортиқча харажат олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланди. Мисол учун, тартибга солиш таъсирини баҳолаш орқали 8 триллион сўмлик харажатнинг олди олинди. Бу тизим ишлаши учун илмий масалалар билан бирга чуқур таҳлиллар бўлиши керак. Шу сабабли вазирлик ҳузурида тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қонунчиликни тизимлаштириш бўйича махсус институт очилди. Бу институт мана шу тизимни ривожлантириш устида ишлайди.

    Фармон билан яна бир муҳим йўналиш — тартибга солиш таъсирини баҳолаш икки босқичга бўлинди. Биринчиси, ҳужжат ишлаб чиқишдан олдин уни концептуал жиҳатдан тезлаштирилган тартибда кўриш. Иккинчи босқичда тезлаштирилган ҳолатда кўриб чиқилиб, ҳужжат мамлакат тараққиёти учун жуда ҳам керак, деган баҳолашдан сўнг уни илмий жиҳатдан чуқурроқ ўрганишга ўтилади. Бу орқали қонун чиқарувчиларнинг вақти беҳуда сарфланмайди.

    Ривожланган давлатлар тажрибаси ҳамда ўзимиздаги ҳуқуқни ривожлантириш тенденцияларидан келиб чиқиб, ҳар бир қонун амалда қандай ишлаётгани, қанчалик самара бераётганини баҳолаш механизмлари устида ишлаяпмиз. Агар қонун самара бермаётган бўлса, бу механизм орқали ҳужжат ёки ижродаги муаммолар ўрганилади. Қонуннинг ўзида муаммо бўлса, уни тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак. Мана шу ақлли усуллар орқали қонунчилигимизни ривожлантирамиз ҳамда ҳаётимизга таъсир қиладиган муҳим қонунлар қанчалик самара берганини баҳолаб чиқамиз.

    — Акбар Жўрабоевич, кўпчиликни қизиқтираётган масалалардан бири “E-qaror” электрон платформасидаги қарорлар ­билан боғлиқ. Ҳозир маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан “E-qaror” электрон платформаси орқали айрим қарорларни яширин равишда қабул қилиш ҳолатлари жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айтинг-чи, бу борада вазирлик томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

    — “E-qaror” тизими жорий қилиниши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш борасида муҳим қадам бўлди. Чунки бу орқали аҳоли, ОАВ ва бошқаларда маҳаллий давлат ҳокимияти қабул қилаётган қарорлар билан танишиш имконияти пайдо бўлди.

    Шу ўринда “E-qaror” тизимида очиқ эълон қилинадиган ва ёпиқ тарзда қабул қилинадиган қарорлар тоифаси борлигини эслатиб ўтиш жоиз. Бошқача айтганда, ҳамма қарорлар ҳам очиқ эълон қилинмайди. Хўш, нега? Бунга жавобни қабул қилинаётган қарорларга доир маълумотдан бошласак. Олти ой ичида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яъни ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар томонидан 83 мингдан ортиқ қарор қабул қилинган. Уларнинг 65 фоизи очиқ, 35 фоизи ёпиқ қарордир.

    Маҳаллий ҳокимликлар кўпроқ ўз ҳудуди доирасидаги масалалар ҳақида қарор қабул қилади. Шунингдек, фуқароларга доир ҳужжатларни ҳам қабул қилиб туради. Булар фуқароларнинг мулки, шахси ёки уларга моддий ёрдам бериш билан боғлиқ. Шу билан бирга, ўзининг тизимидаги ходимларни ишга тайинлаш, уларни ишдан бўшатиш, таъсир чораси кўриш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳам бор.

    Масалан, кам таъминланган аҳоли қатламига ёрдам бериш бўйича қарор бўлиши мумкин. Бу маълумотларни ҳаммага ошкор қилишимиз қонунчилик нуқтаи назаридан нотўғри. Чунки қабул қилинаётган қарор фуқаронинг бевосита шахси билан боғлиқ. Бундай вазиятда уни эълон қилиш ёки муҳокамага қўйиш учун ўша фуқароларнинг розилиги керак бўлади. Шунинг учун биз бундай қарорларни ёпиқ белгилаганмиз.

    “E-qaror” тизимини туман, вилоят, вазирлик доирасида доимий кузатиб борамиз. Ҳар битта қарор қабул қилиндими, у Адлия вазирлиги кўригидан ўтади. Агар ҳужжат очиқ эълон қилиниши керак бўлса-ю, ҳокимлик ёпиқ тарзда амалга оширган бўлса, биз уни ўзимиз очишга ҳақлимиз. Ёки аксинча, ёпиқ бўлиши керак бўлган, яъни шахсга доир маълумотларни ошкор қилиш даражасига олиб келадиган бўлса, биз уни ёпишга имкониятимиз бор.

    Масалан, ўтган 6 ой давомида шахсга доир маълумотлар очиқ тарзда қабул қилингани учун 800 га яқин қарорни ёпганмиз. Аксинча, 500 та қарорни улар ёпиб қўйгани учун очганмиз. Умуман, қарорнинг ёпиқ ёки очиқлиги қонун билан белгиланади. Бу ерда яширин ҳамда келишиш асосида бирор иш қилиш мумкин эмас.

    Қонунчилигимизда яна бир муаммо бор эди: қайси маълумот давлат сирига киради? Ҳозир бу тўғриланиб, парламентда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳам тасдиқланганидан сўнг ҳеч бир саволга ўрин бўлмайди. Бундан ташқари, биз “ақлли” бошқариш тизимини йўлга қўймоқдамиз. Инсон омили энди васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ қарорни очиқ қиламан, деса ҳам қилолмайди. Ёки очиқ, мисол учун, бюджетга доир қарорларни ёпиқ қилолмайди.

    — Юқоридаги саволнинг мантиқий давоми бор. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорлари бекор қилинганига доир хабарларни тез-тез ўқиб турамиз. Бекор қилиниш, яъни қонунчилик талабларига мос келмайдиган савиясиз ҳужжатларнинг кўплиги нима билан боғлиқ?

    — Бу ҳолат бугун нисбатан камайган. Тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмлари ишга туширилмасдан олдин бу борада муаммолар бор эди. Олдинлари эски саналар билан қарор қабул қилиш ҳолатлари бўлган. Охирги вақтлардаги очиқлик ҳокимликлар тизимини ҳам анча тартибга соляпти. Масалан, ер билан боғлиқ қандайдир ҳужжат қабул қилинса, эртаси куни ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Бу ерда жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёс. Умуман, тизимнинг мақсади ҳам жамоатчилик учун платформа яратиш эди. Менимча, бу мақсадга эришилди.

    Ҳозир бундай ҳолатлар учраб туришига сабаб бор: давлат хизматидаги ҳамма ходимларнинг ҳам малакаси етарли, деб айта олмаймиз. Мисол учун, 6 ойда, юқорида айтганимиздек, 83 мингдан ортиқ ҳужжат қабул қилинган бўлса, биз 1800 тасини ноқонуний, дея бекор қилдик. Бу ерда ҳокимликларнинг юридик хизматида ҳам муаммо бўлиши билан бирга малакали кадрлар етишмовчилиги ҳали-ҳамон кузатиляпти. Бугунги кунда бу муаммолар устида ишлаяпмиз.

    Хусусан, ходимлар малакасини ошириш, қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий технологиялар, яъни матнлардан намуналар асосида абзац-абзац қилиб уларга етказиб берадиган механизм яратганмиз. Барибир шахс билан боғлиқ бўлгани учун мана шундай муаммолар учраб туради. Туман ёки вилоят адлия ходимини ҳар куни уларга масъул ходимимиз ўз кабинети орқали кўриб туради. Хатоси бўлса, талабнома киритиб, уларни бекор қилиш чораларини кўряпмиз.

    — Акбар Жўрабоевич, Адлия вазирлиги фаолиятини кузатиб борамиз, жуда катта ва кенг кўламли ишлар қилиняпти. Хусусан, жамоатчилик назорати, юртдошларимиз фикр-мулоҳазалари, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият билан боғлиқ йўналишларда бугунги кунда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

    — Албатта, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш муҳим йўналишдир. Чунки давлат ташкилотларининг қанчалик қонуний ишлаши аҳолининг ҳуқуқий онгига боғлиқ. Агар ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқини талаб қилса, давлат идоралари ходимлари ҳам ўз устида ишлашга мажбур бўлади. Шунинг учун Адлия вазирлиги бунга масъул идора ҳамда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи идора сифатида фаолият юритади.

    Асосий вазифамиз ҳужжат қабул қилингандан сўнг тезлик билан электрон тизимлар орқали аҳолига етказиш. Агар давлат органлари тўғри ишласа, ҳуқуқ бузилишлари камаяди. Шунинг учун биз давлат органларининг йўналиши бўйича ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказамиз. Яъни уларга қонунларни қандай ижро қилиш бўйича ёрдам берамиз.

    Кейинги вазифамиз аҳолининг бевосита ҳуқуқий онгини ошириш. Бунинг учун охирги йилларда қабул қилинаётган ҳужжатларнинг манзилли тарғиботини ўтказяпмиз. Масалан, аҳолининг қайсидир қатлами учун янги ҳужжат қабул қилинди. Энди бу ҳужжатни электрон тизимлар орқали етказишга ҳаракат қиламиз. Бу бўйича махсус платформа яратганмиз. Мисол учун, Advice.uz платформасида фуқаро ўзини қизиқтирган масала бўйича оддий тушунтирилган хизматдан фойдаланиши мумкин. Масалан, ногиронлиги бўлган шахснинг қандай ҳуқуқи бор? Ўша ҳуқуқни амалга ошириш учун кимга мурожаат қилиш керак? Бу каби саволларнинг ҳаммасига электрон тизимда жавоб берилган. Ўша жойнинг ўзида аризани жўнатиш имконияти ҳам бор.

    Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш учун ёшликдан — боғча ва мактабдан ҳуқуқий кўникмаларни оширишни бошлашимиз керак. Қонун асосида яшаш, деган хулосани онгига сингдиришимиз лозим. Фақат билим бўлгани билан уни қўлламайдиган бўлсак, қонун ва ҳуқуқлар амалда ишламайди. Шунинг учун бу кўникмаларни ёшликдан сингдириш мақсадга мувофиқ.

    Бунинг учун бевосита мазкур масала билан шуғулланадиган тарбиячиларимиз ва мактабда ҳуқуқ фани ўқитувчилари бор. Вазирлик улар билан ишлаб, ўқитиш методикалари билан таъминлаяпти. Видеодарсликлар беряпмиз. Судга мурожаат қилиш жараёни қандай кечади ёки бирор жиноятга гувоҳ бўлса, қандай муносабат билдириш керак, унинг ҳам механизмларини ўқитувчиларга методик қўлланмалар бериш орқали амалга оширяпмиз.

    Президентимиз раислигида йил бошида ёшлар ва ватанпарварлик билан боғлиқ катта йиғилиш ўтказилди. Адлия вазирлиги 500 мингга яқин ёшни мана шу масалада оталиққа олган. Ҳар бир ходимимиз тарбияси қийин ёки қайсидир масалада муаммога дуч келган ёшлар билан ишлайди. Уларнинг қонуний ҳуқуқларини амалга оширишга ёрдам беряпмиз.

    Масалан, ишга жойлашиш керак, қайсидир идора уни ноқонуний рад қилди. Шу вақтда биз унга ёрдам бериш орқали муаммони ечамиз. Маҳаллалар бўйича ишлаяпмиз. Аксарият юртдошларимиз моддий ёрдам ва нафақа пули олишнигина билади. Ваҳоланки, ногиронлиги бўлган шахслар учун қонунларимизда 30 дан ортиқ турли имтиёз бор. Биз уларга қонунлардан фойдаланишни ўргатяпмиз.

    Яна бир муҳим масала, бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги тенденция ўзгариб боряпти. Юртдошларимизнинг ҳуқуқ соҳасидаги билимини мустақил бойитиб бориш учун YouTube каналида ҳуқуқий мактаб очдик. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда видеоконтентнинг ўрни ва таъсири ошиб бормоқда. Шунинг учун вазирлигимиз тизимидаги муассасалар ҳам кўпроқ видеоконтент билан ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб беришга ҳаракат қиляпти. Охирги вақтда сунъий интеллект ёрдамида бир неча мультфильм яратдик.

    Умуман, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш вазирлигимизнинг муҳим вазифаларидан бири. Бунинг учун нафақат адлия соҳаси, балки бутун жамоатчилик биргаликда ишлашимиз керак. Чунки ҳуқуқни ўрганиб, уни амалда қўлламаслик жамият ривожи учун жуда катта тўсиқ бўлади.

    — Яқинда Президентимиз миллионлаб юртдошларимиз ҳаётига мазмун бағишловчи ҳужжатга имзо чекди. Бу “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун бўлиб, уни халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди. Ўз навбатида, аҳоли ўртасида “Мен ўз уйимга қачон эгалик ҳуқуқини қўлга киритаман ёки кимга мурожаат қилишим керак, қачон, қаерга боришим керак?” деган саволлар ҳам кўпаймоқда.

    Келинг, бугунги суҳбатимизда ушбу қонунни қабул қилишнинг тарихий заруратига, ўз навбатида, аҳолини қизиқтираётган ва шошилтираётган саволларга ҳам ойдинлик киритиб кетсак.

    — Ҳақиқатан, жуда муҳим қонун. Боиси, эски колхоз ёки совхоз даврида аҳолига маҳалла томонидан ер ажратилган, лекин ҳужжат ишлари охиригача етмаган. Натижада уй-жой ёки бошқа кўчмас мулклар билан боғлиқ ҳужжатларда, хусусан, уйнинг олди-сотдиси, пропискада муаммолар бўлган. Яъни амалда ўзиники бўлган мулкни тасарруф қилолмаган.

    Бу жиҳат уй-жойлар ҳисобини юритишда давлат учун ҳам қийинчиликлар туғдирарди. Кўчмас мулк — энг катта капитал. 8 миллионга яқин кўчмас мулк рўйхатдан ўтган бўлса, 3 миллион 600 мингга яқин муаммоли турар жой ва бошқа иншоотлар мавжуд эди.

    Энди шундай механизм қонунда шаклландики, фуқаро бу ерда оворагарчиликка дуч келмайди. Масъул давлат идоралари махсус космик тасвирлар орқали жойлардаги кўчмас мулкларни аниқлайди. Уларнинг ҳужжати тегишли идоралар томонидан тайёрланади. Ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг у ерда низо бор-йўқлиги аниқланади. Ҳеч қандай муаммо бўлмаса, фуқарога ҳужжати тайёрлиги тўғрисида хабар юборилади.

    Қонун уч ойдан кейин кучга кириши белгиланган, ҳозир тайёргарлик жараёни кетяпти. Бу жараёнда мураккаб ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Узоқ йиллардан бери авлодлар алмашиниши жараёнида мерос ва ёки шунга ўхшаш бошқа масалаларда муаммолар бўлади. Бу жудаям кўп юридик жиҳатлар билан боғлиқ. Шунинг учун Адлия вазирлиги ҳар бир ҳужжатнинг қонунийлигини экспертизадан ўтказади. Шундан сўнг фуқарога ҳужжат берилади.

    — Давлат хизматлари марказлари ташкил этилганда бу тизимни юртдошларимиз жуда катта мамнуният билан қабул қилганди. Бугунги кунда аҳолининг энг кўп мурожаат қиладиган жойи ҳам шу марказлар бўлиб қолди. Мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар бу тизимдаги ишларни ҳам такомиллаштиришни талаб этади. Боиси, йилдан-йилга хизмат турлари кўпайиб бормоқда. Энди бу борада қандай ишлар амалга ошириляпти ва қандай янги хизмат турлари жорий қилиниши режалаштирилмоқда?

    — Бир кунда Давлат хизматлари марказларига юз минггача одам келади. Олдинлари йигирмата одам келса, тартибсизлик бошланиб кетарди. Давлат хизматлари бу жараённинг олдини олишда жуда катта самара берди. Авваллари идорама-идора қатнаш ҳолатлари жуда кўп эди. Битта идорага борсангиз, иккинчисига жўнатарди.

    Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари фуқароларга 368 та хизматни тақдим қилмоқда. Шу билан бирга, хизмат жараёнини соддалаштириш устида доимий ишлаяпмиз. Бунда, энг аввало, хизматдан фойдаланиш жараёнида талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини камайтириш, автоматик тарзда шакллантириш борасида ишлар амалга оширилмоқда. 6 ойда юзга яқин ҳужжатни соддалаштирдик. Мисол учун, олдин операторларимиз битта ҳужжатни олиш учун беш дақиқа вақт сарфлаган бўлса, ҳозир уни икки дақиқага туширган ҳолатларимиз бор. Бу ходимларимиз учун ҳам, фуқаролар учун ҳам яхши.

    Ҳозир фуқаронинг давлат хизматидан навбат олиб, чиқиб кетгунгача вақти 17-18 дақиқа, мақсад бу рақамни яна ҳам қисқартириш. Бу борада ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

    Жорий йилнинг ўтган олти ойида Давлат хизматлари марказлари томонидан беш миллионга яқин хизмат кўрсатилди. Яна бир ютуқли томони — хизматлар соддалаштирилиши натижасида фуқаролар онлайн хизматга ўтмоқда. 2023 йил якуни бўйича онлайн хизматлар 24 фоизни ташкил қилган бўлса, бу йилги ярим йилликда 39 фоизга етди. Бу жараён, биринчидан, аҳолининг ахборот технологиялари соҳасидаги билими ривожига таъсир қилса, иккинчидан, мана шу хизматларнинг осонлиги уларга ҳар томонлама қулайлик яратмоқда.

    Давлат хизматини маҳалла даражасига тушириш бўйича топшириқ берилганди. Ҳозирги кунда 57 та хизмат маҳалла идорасида жойлашган инфокиоскалар орқали амалга оширилмоқда. Бу йўналишда фуқароларимизга 200 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди. Бундан ташқари, вазирлик ходимлари томонидан махсус транспортлар орқали 2700 дан зиёд узоқ маҳаллага сайёр хизматлар кўрсатилмоқда.

    Фуқаро давлатга эмас, давлат фуқарога хизмат қилади. Масалан, электр ёки сув ўлчаш асбоб-ускуналарини қиёслашдан ўтказиш муддати келди, бунда фуқаро ариза бериши эмас, давлат ходими келиб, шу хизматни унга кўрсатиш бўйича проактив хизматларни амалга ошириши йўлга қўйилади.

    Композит, яъни яхлит хизматлар — бола туғилиши заҳоти унга гувоҳнома расмийлаштириш билан бирга боғчага навбатга қўйиш каби масалаларни ҳал қиляпмиз. Бу аҳолига енгиллик яратмоқда. Хизматларни рақамлаштириш ҳозирги кунда жуда муҳим масала. Бу борада давлат органлари билан доимий ишлаймиз. Умуман олганда, давлат хизматлари халқ билан бевосита ишлаш бўйича намуна бўлди.

    — Суҳбатимиз сўнгида вазирлик томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар, янги йўналишдаги чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз. Хусусан, шу кунларда Адлия вазирлиги томонидан маъмурий шикоятларни судга қадар кўриб чиқишнинг янги тизимини амалиётга жорий этиш бўйича лойиҳа, ҳуқуқий экспертиза йўналишидаги янгиликларни эшитяпмиз. Уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида айтсангиз.

    — Маъмурий ишларни судга қадар кўриб чиқишнинг дунё бўйича жуда кўп усуллари бор. Мисол учун, юқорида қайд этилган фармонда Адлия вазирлиги давлат органлари қарорларининг қонунийлигини апелляция кенгашида кўриб чиқиши белгиланди. Биз унгача вазирликлар ҳузурида бир неча апелляция кенгашини туздик. Аммо вазирликнинг ички тизими бўлгани учун холислик принципи унчалик самара бермади.

    Ҳозирги кунда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Адлия вазирлигида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида экспериментал тарзда Тошкент шаҳрида давлат хизматларини рад этиш ҳолатларининг қонунийлигини апелляция кенгашида кўриб чиқиш тизими жорий қилинмоқда. Бу кенгаш фуқаро судга ёки бошқа органларга шикоят қилиб овора бўлишининг олдини олади.

    Апелляция кенгаши таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Адлия вазирлиги ва бошқа идоралардан нуфузли юристлар ва олимлар ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо беради. Агар қонун бузилишига йўл қўйилган бўлса, қарорни ўзгартиради.

    Эндиликда бевосита давлат органининг ўзи бошқа бир давлат органининг хатосини тўғрилайдиган тизим яратилмоқда. Бугунги кунда бизда медиация институти ривожланяпти. Ҳозир 2700 дан ортиқ медиатор ишламоқда, томонлар эртага судда низолашиб, иқтисодий ёки оилавий муносабатлар бузилмаслиги учун медиатор воситачилигида ўзаро келишиб олади. Бундан ташқари, арбитраж соҳа ҳам ривожланиб боряпти. Бу борада қонунчиликни такомиллаштириш чоралари кўриляпти. Йилдан йилга низолар сони ошиб бораётгани учун суднинг ишини камайтириш, кўпроқ давлат органининг ўзида ҳал қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates