Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълумот берди
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Наманган вилоятида ўтказилаётган «Соғлом ва хавфсиз юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида Наманган шаҳрининг Даштбоғ маҳалласида яшовчи, 2001 йили туғилган фуқаро гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятини яшириш ва жавобгарликдан қутулиш мақсадида тезкор ходимга 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.
Тезкор ходим томонидан бир неча бор бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, фуқаро пулни бермоқчи бўлган пайтда ИИВ ШХББ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Наманган вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига юборилган.









