Тилни тўкис тадқиқ этиш учун тилшунослик доирасидагина иш кўришнинг камлиги бугун шу фан мутахассисларининг ҳеч бирига сир эмас. Шу боис, замонавий лингвистик тадқиқотларда бошқа фанлар ютуқларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Ана шундай уринишларнинг самараси ўлароқ, лингвомаданиятшунослик, когнитив тилшунослик, этнолингвистика, психолингвистика, этнопсихолингвистика, прагмалингвистика каби соҳалар ривож топмоқда ва бу соҳалар тилга, анъанавий структурализмдан фарқли равишда доимий ҳаракатдаги, ўсиш-ўзгаришдаги ҳодиса сифатида ёндашаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Социолингвистика ҳам жамиятшунослик ва тилшунослик кесишган нуқтада пайдо бўлган соҳа сифатида тилнинг асосларини жамиятдан, жамиятнинг асосларини тильдан қидиради, ижтимоий-сиёсий омилларнинг тилга таъсири ва яна бошқа масалаларни текширади.
Тадқиқотларда социолингвистиканинг расман АҚШда шакллангани кўп айтилса ҳам унинг марказий масаласи бўлган тил ва жамиятнинг ўзаро таъсири, тилнинг жамиятда тутган ўрни, миллий тиллар ва давлат тили, тил сиёсатига доир қарашлар ҳинд, япон, инглиз, немис ва чех тилшуносликларида социолингвистика номи остида бўлмасада, ўрганилган эди. Америка тилшуноси У.Лабов фаол социолингвистик тадқиқотлар кўп тилли Ҳиндистонда ҳиндийни ягона давлат тилига айлантириш ғояси билан боғлиқ вақтлардаёқ бошланганини қайд этади.
Ўзбек тилшунослигида тилнинг ижтимоий табиати, жамиятнинг тилга таъсири масаласига ўтган асрнинг 80 йилларида «Тилшуносликка кириш» қўлланмасида алоҳида тўхталган бўлса ҳам тил ва жамият муаммолари анча аввалроқ тилга олина бошланган. Фитрат, Элбек, Боту сингари жадидларнинг асарларида озми-кўпми шунга оид қайдлар бор. М.Миртожиев ва Н.Маҳмудовнинг «Тил ва маданият» рисоласида ҳам тилнинг ижтимоийлиги, давлат тили ва тил сиёсати ҳақида сўз кетган ўринлар мавжуд. Мутахассислар С.Мўминовнинг «Ўзбек мулоқот нутқининг ижтимоий-лисоний хусусиятлари» номли докторлик диссертациясини социолингвистик аспектдаги илк иш сифатида қайд этади. Кейинги йилларда бу борадаги тадқиқотлар кўлами анча кенгайди.
Бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари социолингвистик тадқиқотларнинг нақадар зарурлигини миллий тиллар ва инглиз тили экспанцияси мисолида аён этиб қўйди. Миллий тиллар луғат таркибига катта миқдордаги инглизча сўзларнинг кириб бориши тил сиёсатида ўзгаришлар қилиш зарурлигини ҳам кўрсатмоқда. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил
21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ўзбек тилининг давлат тили сифатида қаддини рўй-рост тиклашини, ижтимоий мақомининг янада барқарорлашувини таъминлади. Ана шу фармоннинг амалий ифодаси сифатида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида социолингвистика бўлимининг ташкил этилиши эса давлат тили ва жамият муносабатларини ўрганишга йўналтирилган тадқиқотлар кенгайиши ва кучайишини таъминлади. Бу бўлим ўз фаолиятида ўзбек тилининг ривожланиши билан боғлиқ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ва кенгайтириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасидаги илмий изланишларни кучайтириш, ўзбек тилининг ёзма матни меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш, ўзбек тилининг изоҳли луғатлари, давлат тилида иш юритиш бўйича қўлланма ва адабиётлар тайёрлаш, давлат тилини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этишга алоҳида эътибор беради.
Лингвистик адабиётларда тил ва жамият муносабати, тилнинг социал фарқланиши, жамиятдаги лисоний вазият, тил ижтимоийлиги, тил ва ижтимоий муносабатлар, ижтимоий омилларнинг тилга таъсири, иккитиллилик ва кўптиллилик, тил сиёсати, миллат ва миллий тил муаммолари социолингвистиканинг муҳим вазифалари саналади. Шу жиҳатдан тилнинг социал фарқланиши турли маслак, турлича касб-кор, турфа ақлий-руҳий имкониятдаги жамият аъзоларидан ташкил топганидан келиб чиқади ва бунга мос равишда ҳар қайси ижтимоий гуруҳнинг фаол ҳамда нофаол луғат таркиби бўлади. Жамият аъзоларининг ҳудудий мансублиги ҳам, табиийки, ҳар хил. Бинобарин, социал ва ҳудудий диалектлар ижтимоий гуруҳларнинг маслак, касб-кор, ақлий-руҳий имконият ва ҳудудий келиб чиқишига кўра, тильдан фойдаланиш тарзларидир.
Шу маънода ҳозирги замон социолингвистикасидан социал ва ҳудудий диалектларни шунчаки қайд қилиш, лингвистик табиатини тушунтиришгина эмас, балки улардан унумли фойдаланиш йўлларини кўрсатиш ҳам талаб этилади. Зеро, адабий тилни бойитиш, ўзлашма терминларга миллий муқобилларни топишда социал ва ҳудудий диалектлар муҳим лексик-семантик манба бўлиши аниқ. Биргина суд-ҳуқуқ тизими лексикасида афв, важ, гаров, гумондор, гумонланувчи, ижрочи, иш, тадбир, ўзлаштириш сўзларининг ихтисослашган, махсуслашган янги маъноларидан адабий тилни бойитиш ва расмий услуб имкониятини кенгайтиришда фойдаланса бўлади.
Кишилар ўртасидаги алоқани таъминлаш тил ижтимоийлигининг биринчи ва зарурий шарти бўлиб, тилшуносликнинг барча даврларида тилнинг бу мақоми эътироф этилган. Аммо тилнинг ижтимоий табиати, «социал хосланганлиги унинг қабила, халқ, миллат тарихини, умуман, инсоният ўтмишини ўзида сақлашида ҳам кўринади». Жамият аъзоларининг тилга муносабати, тильдан қандай фойдаланиши, жамиятдаги ўзгаришларнинг тилга таъсири ҳам тил ижтимоийлигидан бегона эмас. Ўзбек тили тарихий тараққиётида ўзи мансуб жамиятнинг фаол таъсирида бўлган, ўзбек турмушидаги ўзгаришлар, менталитетига таъсирлар тильда ўз изини қолдирган. Масалан, араб халифалиги ва ислом таъсирида арабча бирликлар ўзлашган, ўзлаштирилган. Ёки мўғул ҳукмронлиги мўғулча тил унсурлари кириб келишига замин бўлган. Жадидчилик ҳаракатининг ёйилиши билан арабий ўзлашмаларни туркчалаштиришга ҳам киришилган. Айниқса, собиқ иттифоқ даврида минг-минглаб сўзлар рус тилидан ёки унинг воситачилигида бошқа тиллардан ўзлаштирилган, чет сўзларни олишнинг муайян моделлари қабул қилинган. Буни биргина -ия, -сия қўшимчаси билан тугайдиган сўзлар мисолида кўриш мумкин. Истиқлолга эришганимиздан сўнг ўзбек тили ривожининг янги имконлари очилди, кўплаб эскирган сўзларнинг қайта фаоллашуви таъминланди. Глобаллашув даври эса кўплаб тиллар қатори ўзбек тилини ҳам халқаро тилларнинг фаол таъсирига учратмоқда. Диққат қилинса, зикр этилган таъсирлар ва тильдаги ўзгаришларни соф лисоний эмас, тильдан ташқари, масалан, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий жараёнлар ҳаракатлантирмоқда. Ўзбек социолингвистикаси ана шундай таъсирлашувларни холис баҳолаши, миллий тил ва давлат тили манфаати нуқтаи назаридан иш кўриши лозим бўлади.
Жамият тараққиётининг барча даврларида тилга камдир-кўпдир таъсирлар бўлиб туради. Баъзан узоқ вақт тилнинг бирор сатҳи жамият, инсон омили билан боғлиқ таъсирларга, ўзгаришларга учрамайди ёки тилга таъсир умуммиллий миқёс касб этмайди. Бироқ ёзув ва имло борасидаги ўзгартириш ёки янгиланишлар умуммиллий миқёсда, жамиятнинг онгли аралашуви остида ҳал қилинади. Ҳатто ҳукумат бундай лисоний жараёнларга фаол таъсир ўтказади (ўзбек- араб, ўзбек-лотин, ўзбек-кирилл ва яна ўзбек- лотин алифболарининг жорий этилишида шуни кузатиш мумкин), миллий манфаатлар юзасидан лисоний жараёнларни назоратга олиш, тартибга солишда иштирок этади. Зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади, тил масалалари билан шуғулланувчи ваколатли тузилмаларни ташкил этади. Масалан, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши, Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг эълон қилиниши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил этилиши, Атамалар комиссиясининг иш бошлаши шундан далолатдир.
Терминологияни тартибга солишда вертикал таъсир чораларининг ўрни ҳам муҳим. Шу маънода ўтган асрнинг 90 йилларида фаолият кўрсатган Атамақўмнинг терминологияни тартибга солишдаги хизмати катта бўлган. Ҳозир тильда барқарорлашган ҳоким, ҳокимият, девон, вазир, қўмита, туман, вилоят, муаллиф, таҳририят, муҳаррир, мавзу, режа сўзлари ўша даврда қайта фаоллаштирилган сўзлардир. Ўз навбатида, бундай фаоллашиш шу сўзларнинг аввалги муқобиллари — райком, аппарат, министр, комитет, район, область, автор, редакция, редактор, тема, план сўзларининг эскиришига, нофаол қатламга ўтишига олиб келган.
Глобаллашув даври ўзбек тили терминологиясини тартибга солишда ҳам вертикал таъсир чораларига эҳтиёж бор, чунки ўзбек тили терминологиясида муқобили бўлгани ҳолда ўринсиз ўзлашган, соҳавий лексикага қабул қилинган чет сўзлар йиғилиб қолган. Масалан, яқин йилларда компетенция сўзи пайдо бўлди. Инглиз тилида “competence”, рус тилида «компетенция» шаклидаги бу сўз асли «маҳорат», «қобилият», умуман эса «лаёқат» маъносини билдиради. Ўзбек тилида бу олинмани лаёқат сўзи тўла алмаштира олади. Компетенция сўзи олинаётганда ўзбек тилининг ички имконияти эътиборга олинмаган. Натижада нотўғри ўзлашма асосида компетентлик, компетенциявий сингари терминлар ҳам ясалган. Агар чет сўзга бу қадар ўчлик бўлмаганда, «компетенция» лаёқат, «компетентност» лаёқатлилик деб калькаланган ва компетенциявий тарзидаги ғалати ясалма «бино бўлмас» эди.
Муқобили бўла туриб, олинган сўзлардан яна бири креативдир. Инглиз тилида “creative”, рус тилида «креативный» шаклидаги бу сўз ҳар икки тильда «ижодий» маъносини англатади. Бу олинма ўзбекча матнларда «креатив фикрлаш», «креатив ёндашиш» сингари бирикувларда қўлланмоқда. Энди ушбу олинма ўрнига ижодий сўзини қўйсак, ижодий фикрлаш, ижодий ёндашиш тарзидаги мағзи тўқ бирикма ҳосил бўлади, чунки креативнинг мақбул муқобили ижодийдир. Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳузурида Атамалар комиссиясининг ташкил этилиши айни эҳтиёж натижаси бўлиб, терминологияни ўзбек тилининг ички имкониятларидан фойдаланиб миллийлаштириш, тартибга солиш унинг асосий вазифаларидандир.
Собиқ иттифоқ ҳаётининг ҳамма даврларида чет тилларга (масалан, немис, инглиз тилларига) муносабат бугунгидек бўлмаган, давлат ўз фуқароларининг чет тилларни лозим даражада эгаллашини хоҳламаган. Бундай тил сиёсатидан кўзланган мақсад эса дунёга «ёпилиш», ташқи дунёга қўшилувни чеклаш, чегаралаш бўлган. Ўтган асрнинг биринчи ярми собиқ иттифоқ тил сиёсати ҳақида тилшунос А.Огурсов келтирган факт буни тасдиқлайди: “Сталинча онг ...чет тилларни билишга жуда шубҳали нарса сифатида қараган. Масалан, Бухариннинг судлов жараёнида Вишинский исмли киши унинг тўртта хорижий тилни билишини «фош» қилар экан, бу устунлик Бухаринга совет ҳукуматини тўрт тильда туҳмат қилиш имконини беришини айтади”. Чет тилларни давлатга, мафкурага хавф сифатида тушунилган бундай муносабат шўро тузумининг кейинги даврларида юмшаган бўлсада, амалда чет тилларни ўрганишга кенг йўл очилмади, мактабларда чекланган дарс соатлари ажратилди.
Собиқ иттифоқ инқирозга учрагач, мустақил республикаларда чет тилларни ўрганишга кенг йўл очилди, тил сиёсати мўътадиллашди, чунки миллий республикаларнинг ўзи дунёга очилишни, қўшилишни истарди. Ўзбекистонда ҳам чет тилларни, айниқса, жаҳон тилларини ўқитишга катта эътибор қаратилди. 1992 йилда собиқ Рус тили ва адабиёти институти ва Тошкент чет тиллари педагогика институтларининг Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига айлантирилиши зарур амалий ишлардан бири бўлди. Шундан кейин чет тилларни ўқитиш самарадорлигини оширишга қаратилган давлат даражасидаги ҳужжатлар қабул қилинди. Энди чет тилларни билиш зарарли эмас, фойдали одат деб қараладиган бўлди.
Чет тилларни ўрганиш — яхши ва жуда зарурий юмуш. Чет тиллардан бирини эгаллаган мутахассисга бугун талаб ҳам, эҳтиёж ҳам катта. Аммо «хорижий тилларни она тилини эсдан чиқариш ҳисобига ўрганиш нодуруст. Чунки она тилини унутиш ҳисобига ўрганилган хорижий тил она тилининг ўрнини босиб олиши муқаррарки, бунда миллий тафаккур ва миллий идрок бутунлай бошқа, бегона тафаккур ва бегона идрокка айланади». Афсуски, бугун ижтимоий тармоқлар тилида инглизлашув, инглизча унсурлар (бошқасини қўя турайлик) кўпайиб бормоқда. Масалан, вой ундов сўзи ўрнида вау; маъқул, бўпти, яхши сўзлари ўрнида ok; ташаббус, чақириқ, даъват деган сўзлар бўла туриб челленж оммалашмоқда; лайк (бос), нейминг, хештег, тег, блогпост, пост, колумнистга ўхшаш варваризмлар бисёр. Бундай ўзлашмаларни тезда аниқлаб, тильда «қотиб» қолмасдан тегишли муқобилларига алмаштириш керак. Чунончи, лайк (бос) сўзини маъқулла, нейминг сўзини ном билан бемалол алмаштирса бўлади. Битта челенж сўзига тилимизда учта муқобил бор: ташаббус, чақириқ, даъват ва уларнинг ҳар биридан ўрни билан фойдаланса бўлади. Шунингдек, тилни яхши билмаслик оқибатида келиб чиққан «компьютерларга хизмат кўрсатиш», «машиналарга хизмат кўрсатиш» каби нотўғри таржималар урчиб бормоқда. Асли бунда компьютерларни тузатиш, машиналарни таъмирлаш дейилса, ифода ўзбекчалашади ва тўғрироқ чиқади. Тил ва жамият муносабатидаги бундай муаммоларнинг келиб чиқиши эса глобаллашув таъсири, китоб ўқимаслик, тил сезгимизнинг ғариблашаётгани билан боғлиқдир.
Жамият аъзоларининг тилга муносабатида икки жиҳатни — умуман, тилга муносабат ҳамда она тилига муносабатни фарқлаб олиш лозим. Биринчи ҳолатда —тилнинг халқни бирлаштиришдек вазифани бажаришини англаб муносабат кўрсатилиши, «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларига риоя этилиши, иш юритишда адабий тил меъёрларига амал қилиниши зарур. Иккинчи ҳолатда — она тили ўта миллий, этномаданий ҳодиса деб тушунилиши, она тили тақдирига миллат тақдири деб қаралиши, она тили борича қабул қилиниши керак.
Бугунги ўзбек жамиятида ҳар икки муносабатга алоқадор муаммолар етарли. Бу «Давлат тили ҳақида»ги қонун талабларининг кўп ҳолларда бажарилмаётгани, давлат тилининг амалиётга кенг жорий этилмаётгани, таълимнинг турли бўғинлари ва иш юритишда лисоний лаёқатлилик даражасининг пастлиги, давлат тилига ҳам, она тилига ҳам беписанд муносабатнинг учраётгани, тил маданиятининг лозим даражада шаклланмаётганида кўринади. Ўзбек социолингвистикаси жамиятда давлат тилига муносабатнинг аҳволини, жамият ҳаётининг қайси жабҳаларида тил билан фаол таъсирлашув кечаётганини, тил сиёсатида нималарга эътибор бериш лозимлигини аниқлаши ва давлат тилини амалиётга тўлиқ жорий этиш ҳамда терминологияни тартибга солиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиши зарур.
Тил ва жамият таъсирлашуви ҳақида сўз борар экан, тилнинг жамиятга қандай таъсир этишини ҳам тушунтирмоқ лозим. Мутахассислар тўғри таъкидлаганидек, тилнинг жамиятга таъсири жамиятнинг тилга таъсирига нисбатан кам ўрганилган, ҳатто бундай таъсирлашувга шубҳа билан қараш ҳам бор. Бизнингча, тафаккур қуроли бўлган воситанинг жамиятга таъсир кўрсатмаслигининг ўзи шубҳали, чунки тил жамиятни мунтазам ҳаракатлантириб туради ва бу тарз таъсирлашувнинг энг ибтидоий акси унинг ахборотни шакллантириш ва узатиш вазифасида кўринади. Жамиятнинг тилга таъсири нақд лисоний натижаларда кўринади, шу сабабли, бу тарз таъсирлашув шубҳа уйғотмайди, бир қарашдаёқ таъсирлашув натижаларини илғаш мумкин бўлади. Тилнинг жамиятга таъсири натижалари тилшунос қайд қила биладиган тил материалларида ифода топмайди, балки ижтимоий ҳаётнинг ўзида бўй кўрсатади. Аниқ лисоний материал орқали далиллай олинмагани тилнинг жамиятга таъсири механизмларининг очилмай қолишига олиб келган. Масалан, адабий тилнинг жамиятга таъсири, аввало, миллий бирликни таъминлашида, қолаверса, оммавий саводхонликни шакллантириш ва яхшилашда, илм-фанни ривожлантириш ва маданиятни юксалтиришида, таълим-тарбияда кўринади. Саноқни яна давом эттириш мумкин. Умуман, жамиятда ахборот узатилар экан, унда тилнинг иштирок қилмаслиги, таъсири бўлмаслиги мумкин эмас.
Хуллас, тил ва жамият ўртасида доимий таъсирлашув кечади. Фан ва таълим, маданият ва санъат, техника ва давлатчиликнинг тараққиёти тил ва жамият таъсирлашувининг асосий омилларидир. Бундай таъсирлашув жараёнини ҳаракатлантирувчи кучи, албатта, инсон ва у мансуб жамият. Жамият эҳтиёжлари эса тилнинг вазифа доирасида кенгайиш, услубан тўлиб-тўлиқиб боришига сабаб бўлади.
Ёрқинжон ОДИЛОВ,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти бўлим мудири, филология фанлари доктори









