«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» бўлмайлик!

    Маданият 15 октябр 2020 23363

    «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» – она тилимизга оид ҳикматлар қаторида Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг ушбу нақлини ҳар доим эсга оламиз. Шунчаки эсга оламиз, аммо амал қилмаймиз.

    «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» – Бу ҳикматдан сўнг қандай тиниш белгиси қўйиш керак (араб ёзувига асосланган эски ўзбек тилимизда тиниш белгилар қўлланмаган)? Биргина нуқтанинг ўзи кифоя деб ўйлайсизми?

    Ғазал мулкининг султонининг мухтасар ҳикматларига чуқур зеҳн солиб кўрайлик ва азиз юртдошларимиз бунга қандай муносабатда бўлишяпти — биргаликда муҳокама қилайлик.

    Бобомиз ўгитларида куюнчаклик ва изтироб, ҳаётий кузатувчанлик ва алам қоришиқлигига эътибор берганмисиз? Масалан, «Одами эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами», «Ким хўтук бирла кучукка қанча қилса тарбият, Ит бўлур, эшак бўлур, асло бўлмас одами», «Бошни фидо қилғил ато қошиға, жисмни қил садқа ано бошиға»...

    «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз?» сўроқ белгиси қўйсак қандай маъно англатади? Яъни, ўз тилини ҳурмат қилмайдиган, бефарқ ва саводсиз одам эл, миллат қайғуси билан яшармиди? Агар афгор-оммага бир нарсани тақдим этувчи одам эътиборли бўлганида эди, шаҳар кўчаларидаги афишаларда элни ранжитадиган хатоликларга йўл қўйилмаган бўлармиди. Телевидение орқали узатилаётган кўрсатувлардаги хатоликлар нозиктаъб халқимизни изтиробга солмаган бўлармиди. Ижтимоий тармоқлардаги қўполлик ва саводсизликлардан куйиб юрмаган бўлардик.

    «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз!» – ундов белгиси бобомиз руҳиятига мос тушади.

    «Сўзи улуғнинг – ўзи улуғ» дейди халқимиз. Ҳазрат Навоий – буюк миссияни амалга ошира олган инсон. Ўз таъбирлари билан айтганда: «Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам!».

    «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз!». Беихтиёр, салмоқли қадам, салобатли сўз эгаси Абдулла Қаҳҳор ёдимизга келади. «Нега йўл ҳаракатини бузган ҳайдовчига ҳуштак чаламизу, тилимизни бузганга ҳуштак чалмаймиз?»

    Дунёда олти мингдан зиёд миллат ва элатларнинг жонли тили мавжуд. Маълумотларга кўра, 40та тилгина мукаммал шаклланган грамматикасига эга. 40 танинг ичида ўзбек тилимиз ҳам бор. Бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда.

    Бугунги глобаллашув даврида ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш устуворлигича қолади. Бу йил биринчи марта 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» сифатида нишонлаймиз. Энди давлат тилимизнинг нуфузи давлат сиёсати даражасида мониторинг қилиб борилади.

    Тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартда қабул қилинган 139-сонли «Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш тўғрисида»ги қарори ҳам аҳамиятлидир. Тилни ардоқлаган инсон эъзоз топади, қадрланади.

    Одатий суҳбатларимизда донишмандлар сандиғига беихтиёр назар соламиз. Аския ва хандаларимиз ҳар қандай дилнинг қулфини оча олади. Чунки бизнинг халқимиз сўзлашувида самимийлик устун. Халқимиз яхшини ҳам, ёмонни ҳам дуо қилади, ҳеч кимнинг кўнглини ўкситишни хоҳламайди. Душманни ҳам ёвузликдан қуролсизлантирадиган муомала маданиятимиз бор.

    Навоий ҳазратлари бундан олти аср аввал форс тилининг дилбарлигини инкор қилмаган ҳолда ўзбек тилимизнинг дилбарроқ, жозибалироқ эканлигини исбот қилиб кетган. Биз Ҳазрат Навоийга муносиб ворис бўлайлик, тилимизни бойитайлик, нуфузи ортса қувонайлик. Фақат бунинг учун «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» бўлмайлик!

    Алибек ЭРГАШEВ,

    Наманган вилояти

    Ахборот ва оммавий коммуникациялар

    бошқармаси бошлиғи в.б.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates