Тизимли ислоҳотлар билан улкан мақсадлар сари

    Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида "Ўзбекистон — 2030" стратегияси мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш бўйича видеоконференсалоқа тизими орқали тарғибот тадбири ўтказилди.

    Ушбу тарғибот тадбирида вазирлик тизимидаги корхоналар, ташкилот ва муассасалар вакиллари, шунингдек, "Навоий уран" ДК студиясидан корхона раҳбарияти, директорлар, бошқарма, бўлим ва хизмат бошлиқлари, "Зафаробод" кон бошқармаси муҳандис-техник ходимлари иштирок этишди.

    Мулоқотлар давомида "Тараққиёт стратегияси" марказининг Иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Фурқат Юнусов томонидан мазкур стратегик ҳужжатни тасдиқлашга оид Президент Фармони ҳамда "Ўзбекистон — 2030" стратегиясини 2024 йил "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид қабул қилинган Президент Фармонининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

    Шунингдек, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши бўйича белгиланган мақсадлар, уларнинг самарадорлик кўрсаткичлари қатнашувчилар иштирокида муҳокама қилиб ўтилди.

    Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон – 2030" стратегияси Ўзбекистоннинг 2030 йилгача асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат бўлиб, 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадга эришишга қаратилган.

    Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.

    Тадбир якунида улкан мақсадларини ўзида жамлаган "Ўзбекистон — 2030" стратегияси ислоҳотлар тизимлилигига хизмат қилиши таъкидланиб, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилди.