Тоғларда адашиб қолганлар қутқарилди

    Бўстонлиқ туманидаги тоғларда дам олиш учун борган 4 нафар фуқаро йўлдан адашиб қолган.

    Бу ҳақда Тошкент вилояти ФВБ Тезкор бошқарув марказига хабар кеча 13 апрель куни соат 19:50да келиб тушган.

    Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, қидирув-қутқарув ишларига зудлик билан Чимён ёнғин-қутқарув отрядининг бир гуруҳ қутқарувчилари жалб қилинди.

    Қутқарувчилар томонидан қисқа вақт ичида йўлдан адашган фуқаролар туманнинг Бурчмулла маҳалласи ҳудудидаги тоғларнинг юқори қисмида эканликлари аниқланган.

    Самарали саъй ҳаракатлар натижасида йўлдан адашган 4 нафар фуқаро соғ-саломат пастга олиб тушилган.