Музаффар спортчиларимизни ҳукумат раҳбарлари, кенг спорт жамоатчилиги ва минглаб мухлислар қарши олди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов делегациямизни кутиб олди.
Мутасаддилар сўз ўрнида Олимпиячиларимизга Президент табригини ва ўзларининг илиқ тилакларини билдириб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ арцити Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳам ўз тилакларини йўллади.
Шундан сўнг чемпионларимиз Акбар Жўраев, Улуғбек Рашитов ва Баҳодир Жалолов, уларнинг оналари ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдириб, барча ҳамюртларимизга мусобақа давомида қўллаб-қувватлаб туришгани учун ташаккур айтиб ўтди.
Кейин Олимпиячиларимиз махсус автобусларда Тошкентнинг марказий кўчалари бўйлаб сайрга чиқди. Уларни ҳар қадамда ҳамшаҳарларимиз қарши олдилар.
Тадбирнинг давоми Миллий Олимпия қўмитасида давом этди. У ерда Янги Ўзбекистон қаҳрамонларига Президент совғаси – чемпионларга «Tahoe» машинаси ва 4 сотиҳли коттеж, бронза медали эгаларига эса «Trebleizer» ва 2 хонали уй калитлари тантанали равишда топширилди, деб хабар беради Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ўз навбатида, спортчиларимиз кўрсатилаётган бундай эътибордан мамнун эканликларини билдириб, келажакда ватанимиз байроғини янада кўкларга кўтаришга ваъда берди.