баннер
21 апр 2025
07:39

    Тўрт муҳим воқеликдан қувватланаётган жаҳон

    Сўнгги икки ҳафтада Марказий Осиё ҳаёти жуда катта тарихий воқеаларга бой бўлди.

    Ана шу йирик ҳодиса марказида янги Ўзбекистон тургани, мамлакатимиздаги туб ислоҳотлар сабаб Марказий Осиё руҳи пайдо бўлгани алоҳида эътиборга молик воқеликдир. Айни пайтда ушбу тарихий воқеаларни таҳлил қилиш, унинг замиридаги ҳаётий ҳақиқатларни англаш зарур. Зеро, йирик масштабдаги бундай ўзгаришлар бизга барқарор ва фаровон ҳаётдан мужда бермоқда. Бундай жамиятни фаол фуқаролик позициясига эга шахслар яратади.

    Бугун эса биз Марказий Осиё, хусусан, юртимиз келажагини белгилаб берадиган тарихий воқеаларга бирма-бир тўхталиб, имкон қадар унинг моҳиятини англашга уринсак.

    АҲИЛЛИК БАРАКА КЕЛТИРАР

    БИРИНЧИ ВОҚЕЛИК. Хўжанд саммитида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегара билан боғлиқ асрий масала тўла-тўкис ҳал этилди.

    Битта гап билан ифода этилган ушбу воқеа замирида сўнгги етти-саккиз йилдаги изчил ислоҳотлар, янги Ўзбекистоннинг ўзаро ишонч ва дўстона ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсати ётибди. Биз дунёга, аввало қўшниларимизга меҳр дарвозасини кенг очдик. Ҳазрат Бобур Мирзонинг: “Ким нени изласа, топқай бегумон”, деган ҳикмати ҳаётий ҳақиқат экани яна бир бор тасдиғини топди. Дунё ҳам бизга қучоғини очди. Ўтган вақт мобайнида Марказий Осиё халқлари бир-бирини тушунишни, масалани қўлни бигиз қилиб эмас, кўксимизга қўйиб, аждодларимиз каби кенгашиб ҳал этиш зарур эканини англадик.

    Ҳаёт ҳикматларга тўла. Яхши ният билан ерга қадалган уруғ йиллар ўтиб улкан дарахтга айланади. Унинг соясидан баҳра оласиз, мевасини оилангиз, яқинлар билан баҳам кўрасиз. Аммо доим ҳам осмонга суянч бўлган дарахт кафтингизга сиғадиган митти уруғ бўлгани ҳақида ўйлаб кўрмайсиз.

    Ўсиш ва ўзгаришлар доим мана шундай кичик уруғларни қадаш каби оддий ишлардан бошланади. Янги Ўзбекистондаги илк ўзгаришларни ҳам шу йўсин ифода этиш мумкин. Яқин тарихда Марказий Осиё давлатлари орасида симтўсиқлар тортилган, миналар ўрнатилган эди.

    Азалдан қардош, қўшни бўлган халқлар бир-бирига бегонадай виза режимини жорий қилган, бу нафақат оддий аҳоли, балки мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига ҳам тўсиқ бўлаётганди. Қўшнилар бир-бири билан ёқа олишишгача боргани ҳам аччиқ ҳақиқат. Ана шундай мураккаб вазиятни юмшатиш осон эмасди. Минтақадаги бу ҳолат ўнгланишига кўпчилик ишонмас эди. Шукрки, оққан дарё оқмай қолмас экан. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар аждодлар меросига мос равишда ривож топди. Янгиланишлар тенг ҳуқуқий асосга эга ишончли дўстлик замирига қурилмоқда. Бундай ҳаётбахш эпкин бутун минтақага тарқалди. Дастлаб виза режими бекор қилинди.

    Биргина шу тарихий қарор миллионлаб одамларнинг тақдирини ўзгартириб юборгани айни ҳақиқат. Яқин қариндоши ҳолидан бехабар яшаётган, симтўсиқ ортидан шундоқ кўриниб турган ота уйига бора олмай, тўй ва азалардан мосуво бўлганлар қанча эди. Виза режими бекор бўлиши оддий одамларнинг ана шундай оғриқли дардига малҳам бўлди. Шукрона сабаб қўллар эл-юрт тинчлиги, фаровонлигини сўраб кўкка чўзилди. Дуо — хайр-барака демак!

    Савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ало­қалар тубдан қайта кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг янги ва тубдан ислоҳ этилган дастури ишга тушди. Кечагина бир қарич ер сабаб туғилган баҳсларга барҳам берилди. Халқимизнинг “Айрилмас қўшнингга уятли сўз айт­ма”, деган ҳикматига амал қилдик. Натижада баҳсли ерлар борасида мақбул келишувларга эришиб ягона минтақа, бир бутун жамиятга айланиш мақсади қарор топди. Зеро, фақат шу орқали кескин иқтисодий ўсиш ва кафолатли барқарорликка эришиш мумкин. Бу йўлда ўзимиз ўзгармасак, четдан келиб ҳеч ким биз учун яхшилик қилиб бермаслигини теран англадик.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити олдидан “Euronews”га берган интервьюсида бу борада шундай фикр билдирди: “...Афсуски, Марказий Осиё ҳам бундай ҳолатлардан мустасно бўлмаган. Турли даврларда бу ерда қуролли тўқнашувлар содир бўлган, чегара масалалари, сув-­энергетика муаммолари, транспорт ва алоқа соҳасидаги мураккабликлар, хавфсизликка оид таҳдидлар вазиятни оғирлаштирган. Бу эса узоқ давом эта олмасди. Ихтилофлар кучайди, келишмовчиликлар чуқурлашди ва юзага келаётган мураккаб вазият минтақанинг хавфсизлигига жиддий таҳдид сола бошлади.

    Биз ана шундай реал ҳолатни англаб етиб, стратегик қарор қабул қилдик: Марказий Осиёда конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ва ўзаро манфаатли муносабатларни босқичма-босқич барпо этиш. Бу ёндашувнинг замирида ўзаро ишонч ва ҳурмат, умумий манфаатларни ҳисобга олиш ва тан олиш ётади”.

    Ана шу конструктив, яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлигимиз самара бера бош­лади. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизис­тон Давлат чегарасини делимитация қилиш ва уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Минтақамизнинг барқарорлик, изчил тараққиётининг тимсоли сифатида Дўстлик стеласи ўрнатилди.

    Халқимизда “Барака — иноқликда”, деган мақол бор. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги илиқ муносабатлар ривожланиб боргани сари минтақа, хусусан, юртимизга барака ёғиляпти, десак муболаға бўлмайди. Фикримизни аниқ фактлар билан асосласак. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизис­тон ва Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми ўн каррадан зиёдга ошган. Мазкур ҳажм­нинг деярли ярми чегараолди ҳудудларга тўғри келади. Бу бевосита кейинги йиллардаги ўзгаришлар, нафақат мамлакатлар, балки маълум вилоят, туман доирасида савдо-иқтисодий алоқалар йўлга қўйилганининг самарасидир.

    Ҳамкорлигимиз янги босқичга чиққан экан, демак бундан кейин ишларни ўшанга муносиб ташкил этиш зарур. Шу боис, Хўжанд саммити чоғида мамлакатлар етакчилари чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, қулай, замонавий савдо ва логистика инфратузилмасини шакллантириш борасида фикр алмашди. Уч томонлама савдо майдончасини ташкил этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг доимий фаолият кўрсатадиган кўргазма-ярмаркасини йўлга қўйиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.

    Умуман, бундай йирик масштабдаги ўзгаришлар тадбиркорларга кенг йўл очди. Бугун Ўзбекистон ишбилармонлари қўшни мамлакатларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда фаол қатнашмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни жадал давом эттиришда қўшма инвестиция жамғармалари капиталини босқичма-босқич оширишга тайёр эканимиз айтилди. Бу бевосита мамлакатлар ўртасида транспорт, логистика алоқаларини яна ривожлантириш талабини қўяди. Мазкур йўналишда ҳам мамлакатларимиз келишувларга эришди.

    Шу каби кўплаб факторлар сабаб бугун дунё аҳли Марказий Осиё руҳи ҳақида сўзламоқда. Минтақамиз билан ҳисоблашиш кераклигини тушуниб етяпти. Марказий Осиёга иқтисодий, ижтимоий-сиёсий имкониятларга эга барқарор ҳудуд, деган қараш шаклланяпти. Бунинг амалий қиёфаси биз қуйида фикр билдирмоқчи бўлган тарихий воқеликда тўла-тўкис акс этди.

    УЙҒОҚ ҚАЛБЛАР КЕНГАШИ

    ИККИНЧИ ВОҚЕЛИК. Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтди.

    Амир Темурнинг шундай ҳикматли сўзи бор: “Кенгаш икки турли бўлур: бири — тил учида айтилгани, иккинчиси — юракдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим”.

    Худди шунингдек, Самарқанддаги “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити уйғоқ қалблар кенгаши бўлди. Нега уйғоқ қалблар, дея таъкидлаяпмиз?! Сабаби оддий. Бугун дунё қиёфаси, геосиёсий жараёнлар тубдан ўзгарди. Қутбларни аниқлаш, кечаётган жараёнлар оқибатини прогноз қилиш мураккаблашди. Мудофаа қудрати ҳам, иқтисодий барқарорлик ҳам тўла кафолат бўла олмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бундай вазиятдаги ягона тўғри йўл дўстлик, ишончли ҳамкорликдир. Шу маънода, икки минтақанинг ҳамкорлиги тарихий воқеа бўлди.

    “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити кўпқиррали келишувларга замин яратди. “Самарқанд руҳи”, деган тарихий ҳақиқат сабаб бу саммитнинг истиқболи баланд бўлишига ишончимиз комил.

    Аждодларимиз чуқур ҳаётий кузатиш­лар эвазига дунё иқтисодий муносабатлар орқали обод бўлади, деган. Биламизки, азалдан карвон йўлидаги шаҳар аҳолиси фаровон яшаган. Илм-фанда илғор бўлган. ­Негаки, ўз даврининг онлайн дарсхонаси ҳам, ­сунъий интеллектга ўхшаш замонавий билимдони ҳам карвонлар билан қўшилиб келган. Худди ўша тижорат аҳли янги илм-фан ва маданиятни олиб яна ортига қайтган. Ҳозирги Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида ўшандай карвон йўлларига асос солинган. Аждодларимиз шу йўл орқали дунё халқларига илм-маърифат улашган. Фикримизни тарихий факт билан асосласак.

    Тарихчи дўстларимиз таъкидлашича, Бронза даврида “Ложувард йўли” деб аталган савдо йўли бўлган экан. Унинг бир тармоғи Бадахшон, Бақтрия ва Марғиёна ҳудудларини Хоразм, Суғд, Марказий Қозоғистон ва Урал билан боғлаган. Яна бир тармоғи эса Бақтрия ва Марғиёнадан Месопотамия билан туташган. Бу йўл Помир тоғларидан бошланиб, Эрон, Олд Осиё, Миср орқали ўтган. Шу тариқа, қадимги Шарқ ва Марказий Осиё ўртасида иқтисодий, маданий алоқалар ўрнатилган. Худди шу даврда Марказий Осиёда Зардуштийлик таълимоти пайдо бўлди. У бизнинг ҳудудда ривожланди, катта таълимот даражасига етди. Энг нодир ­қўлёзма “Авесто” вужудга келди.

    Буюк ипак йўли пайдо бўлгач, Марказий Осиё узоқ муддатли ва баланд истиқболга эга тараққиётга эришди. Аждодларимиз Ислом таълимотининг инсонпарварлик ғояларини илмий асос билан очиб берди. Дунё илм-фани ва фалсафасига улкан ҳисса қўшди. Бунинг тасдиғи ўлароқ Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Мирзо Улуғбек каби буюк аллома ва мутафаккирларимиз номини эслашнинг ўзи кифоя. Демоқчимизки, юртимиз ҳамиша цивилизация ўчоғи бўлган. Ўлкамиз барча замонларда унумдор тупроқ каби илм-фан хирмонига мўл ҳосил қўшган. Бизгача қандай таълимот, илм-фан ёки маданият етиб келса, у албатта, аждодларимиз зеҳни ила мукаммал даражада ривожланган ва дунё аҳлига тақдим этилган.

    Бунда Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳрининг алоҳида ўрни бор. Бу қадим шаҳар асрлар давомида цивилизациялар мулоқоти ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатия, савдо ва маданий алмашувларнинг муҳим маркази эди. Хусусан, Амир Темур Европа ҳукмдорлари билан эркин ва хавфсиз савдони таъминлаш мақсадида фаол алоқалар ўрнатди. Биз бугун бундай савдо алоқаларини ўзаро ишончга асосланган стратегик шериклик деб атаймиз.

    Темур бобомиз давридаги тинчлик қиймати бошига олтин тўла сават кўтарган киши карвон йўлини хатарсиз босиб ўтиши билан ифода этилади. Унинг ҳаётий натижаси ҳам бизга яхши аён. Амир Темур даврида фаровон ва барқарор давлатчилик вужудга келди. Барча соҳа — илм-фан, иқтисод, ҳунармандчилик, бунёдкорлик, адабиёт ва санъат бирдек ривожланди.

    Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади”, деган пурмаъно сўз замирида ана шундай ҳаётий ҳақиқатлар бор.

    Тараққиёт ўзини такрорлайдиган хусусиятга эга. Уни узоқ яшайдиган улкан дарахтга ўхшатиш мумкин. Гарчи замонлар тўфони бу дарахтни ер билан яксон қилгандай кўринса-да, у такрор-такрор кўкка бўй чўзаверади. Бу Самарқанд саммити мисолида яна бир бор тасдиғини топди. Дунёда ўхшаши йўқ ушбу ноёб ҳамкорлик платформаси икки минтақанинг тарихий алоқалари қайта тиклангани ва порлоқ келажагидан шоҳидлик бераётир. Ваҳоланки, бундан саккиз йил олдин Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки муносабатлари тўхтаб ётган эди. Юртимиздаги ижобий ўзгаришлар сабаб бугун банкнинг энг йирик бенефициарларидан бирига айландик.

    Сўнгги етти йилда Марказий Осиё мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан ўзаро товар айланмаси ҳажми бир неча баробар ўсиб, 54 миллиард еврога етди. Самарқанддаги саммит доирасида кўпқиррали муносабатлар янги босқичга чиқди. Сиёсий мулоқотларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва инвестициялар, кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асослари кўриб чиқилди. Саммит якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди.

    Худди қадимда бўлганидай кўпқиррали ҳамкорликнинг янги босқичига асос солинди. Қадимда ҳам тижорат аҳли инвестиция киритган. Ҳунармандларга, ишлаб чиқарувчиларга аввалдан пул бериб маҳсулот олган. Бугун ҳам тармоқларга сармоя киритиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва товар айирбошлашни кўпайтириш ҳақидаги эзгу ташаббуслар илгари сурилди. Аждодларимиз энг сўнгги технологияларни, билимларни карвон йўллари орқали ўзлаштирган, дедик. Икки минтақа ўртасидаги янги алоқаларда инновацияларни қўллаб-қувватлаш, илмий салоҳиятга хизмат қиладиган келишувлар ҳақида сўз борди. ­Амалий қадамлар ташланди.

    Техник тараққиёт даври ўз замонига мос янгича олди-бердиларни ҳам кун тартибига чиқармоқда. Бу “яшил” энергетика экспортидир. 2024 йилда Боку шаҳрида ўтказилган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасида бу борада жиддий қадам ташланган эди. Шунга кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон Европага “яшил” энергия йўлаги лойи­ҳасини ишга тушириш борасида келишувга эришди. “Яшил” энергетикада минтақамиз катта салоҳиятга эга. Ундан оқилона фойдаланишда Европанинг замонавий техник имконияти ҳам қўл келади, назаримизда. Демак, ҳар икки томонга бирдек фойдали, ишончли келишувга асос бор. Мазкур йўналиш экспертлар томонидан замонавий геоиқтисодий ҳамкорлик, дея таърифланмоқда. Шунинг ўзиёқ ортга қайтмас тус олган ўзгариш­лар буткул янги қиёфа касб этиб бораётганини кўрсатади.

    Яна бир муҳим жиҳат, логистика йўналишидаги ҳамкорлик ҳақида тўхталиш керак. Маҳсулотларни, саноат ва қишлоқ хўжалигининг тайёр товарларини Европа бозорига етказиб бериш учун самарали транспорт йўлаклари мавжуд эмас. Шу маънода, Транскаспий транспорт йўлагини кенгайтириш ва ундан фойдаланиш учун мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ва қулай шароитларни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда Евроиттифоқ шафелигида ушбу йўналишда жойлашган мамлакатлар транспорт вазирларининг учрашувини чақириб, ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

    Тараққиёт такрорланувчи хусусиятга эга, дегани айнан шу бўлади. Назаримда ушбу логистик келишув Буюк ипак йўлининг замонавий муқобили бўлиб хизмат қилади. Бу экспортчиларимиз салоҳиятини оширади. Минтақалар ўртасидаги асрий алоқаларни янада мустаҳкамлайди. Қувонарлиси шундаки, ЕТТБ прогнозларига кўра, жорий йилда минтақавий ялпи ички маҳсулот ҳажми 6 фоизгача ошади. Бу бошқа минтақалардаги ўртача кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори демак. Мамлакатларимизда етакчи миллий таълим муассасаларининг филиаллари очилмоқда. Хорижлик сайёҳлар учун ягона Марказий Осиё визаси лойиҳаси илгари сурилмоқда. Буларнинг барчаси Марказий Осиё мураккаб геосиёсий жараёнлар вақтида халқаро майдонда янгича нигоҳ ва форматда ўзини кўрсата ­бошлаганидан далолат.

    ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШНИНГ ЎЗБЕКЧА МОДЕЛИ

    УЧИНЧИ ВОҚЕЛИК. Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси бўлиб ўтди.

    Таъкидлаш зарур, ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқнинг Ассамблеяси илк бор Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтди. Экспертлар унинг юбилей Ассамблеяси Тошкентда ўтказилганида ҳам рамзий маъно борлигини таъкидлади.

    Президентимиз ўз нутқида Ассамблея иштирокчиларига мурожаат қилиб: “Сизлар — бамисоли халқларни бир-бирига боғловчи мустаҳкам дўстлик кўпригисиз. Сизлар — одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини энг қуйи тизимдан бошлаб, керак бўлса, минтақавий ва халқаро миқёсга олиб чиқишга, уларга самарали ечим топишга қодир бўлган қудратли кучсизлар.

    Албатта, сизлар ўз халқларингизнинг хоҳиш-иродасини намоён этиб, миллий тараққиёт моделларини ишлаб чиқишда, замонавий хавф-хатарларга муносиб жавоб беришда катта роль ўйнамоқдасиз”, деди.

    Анжуманнинг ҳар бир иштирокчиси ортида турган сайловчиларни ҳисобга олсангиз жуда катта рақам пайдо бўлади. Бу, бир оз ­бадиият билан айтганда, дунё аҳолисининг деярли ярми биз билан ҳамфикр эканини кўрсатади. Зеро, анжуманда 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Яна бир муҳим жиҳат, Ўзбекистон ташаббуси билан Ассамблея “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилди. Шу орқали дунёнинг турли минтақа ва мамлакатларидан келган халқ вакиллари янги ­Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишлари бўлган жиҳатларга бефарқ эмаслигини тасдиқлади. Мазкур тадбир фақатгина парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори бўлган мамлакатлардагина ўтказилади. Шунинг ўзиёқ юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги яна бир улкан эътирофидир.

    Ассамблеянинг асосий мавзуси доирасида бутун дунё парламентлари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, Парламентлараро Иттифоқнинг қўмиталари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан ва технология, ёшлар масалаларига бағишланган турли тадбирлар ташкил этилди. Буни жуда узоқ таҳлил қилиш мумкин. Аммо вақтингизни олмаслик учун мазкур анжуманга қисқа изоҳ берсак.

    Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, парламент вакиллари ўз халқининг хоҳиш-иродасини намоён этиб, миллий тараққиёт моделларини ишлаб чиқишда, замонавий хавф-хатарларга муносиб жавоб беришда катта роль ўйнамоқда. Яъни анжуманда шахслар, ҳудуд ёки мамлакатлар эмас, балки миллионлаб оддий одамларнинг хоҳиш-истаклари устуворлик касб этди. Бу тўла-тўкис янги Ўзбекистон танлаган йўлга мос келади.

    Инсон қадри учун бошланган ислоҳотларимиз Бош қомусимизда ижтимоий давлат тамо­йили билан мустаҳкамланди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг муаллифи халқимиз бўлди.

    Тома-тома кўл бўлади, дейишади. Юртимиздаги янгиланишлар дастлаб халқимизда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлади. Ислоҳотлар кўлами халқаро миқёсга чиқиб, Марказий Осиё руҳини пайдо қилди. Ўша ўсиш, ривожланиш эвазига минтақалараро ҳамкорлик, деган қадимий алоқаларнинг замонавий қиёфаси вужудга келди. Натижа шундай бўлди-ки, бу каби ислоҳотларга дунё халқларининг фаровонлиги, сиёсий тафаккурнинг самарали тарғиботчилари бўлган парламент вакиллари нафақат ишонч билдирди, балки, халқни рози қилишнинг ўзбекча моделини ўрганиш, ўзлаштириш кераклигини тан олди.

    ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ “ЯШИЛ” ТАШАББУСЛАРИ

    ТЎРТИНЧИ ВОҚЕЛИК. Самарқанд халқаро иқлим форуми ва унинг доирасида Орол маданият саммити бўлиб ўтди.

    Бугун экологик масалалар глобал даражага чиқди. Илмий тадқиқотлар яқин келажакдаги хатарлардан огоҳлантирмоқда. Шундай вазиятда барча бир ёқадан бош чиқариб, амалий ишларга ўтиши шарт. Шу боис, Президентимиз форум иштирокчиларига қарата, “Атроф-муҳитни асраб-авайлашда масъулият барчамизнинг зиммамизда. Бу кун тартибимиздаги энг муҳим масаладир”, деди.

    Агар янги Ўзбекистондаги ўзгариш, ислоҳотларнинг энг муҳим битта жиҳатини айтиш зарур бўлса, мавжуд масалаларга натижадор, ҳаётий ечим берилаётганига урғу берган бўлардик. Буни биргина Орол мисолида ҳам кўриб турибмиз. Юртимиздаги илк ўзгаришлар давридаёқ асрий муаммога энг яхши ечим топилди. Ўша вақтнинг ўзида амалий ҳаракатлар бошланди. Оролбўйининг 2 миллион гектардан ортиқ чўл ҳудудларида қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экилди.

    Биз мақоламиз аввалида юртимизда бош­ланган ўзгаришлар аста-секин қулоч ёзиб, халқаро майдонга чиқаётганини айтган эдик. Янги Ўзбекистоннинг “яшил” ташаббуслари ҳам худди шундай қиёфа касб этмоқда. Президентимиз форумда ажойиб ғояни илгари суриб, “Ҳар йили Наврўз байрами арафасида дарахт экиш бўйича “Марказий Осиё­нинг яшил белбоғи” минтақавий акциясини ўтказишни таклиф этаман”, деди.

    Ҳазрат Алишер Навоий беш аср аввал:

    Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

    Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш”, дея хитоб қилган эди. Бугун ушбу чақириқ янги Ўзбекистон минбарида замонавий оҳангларда бот-бот такрорланмоқда.

    Орол маданият саммити минтақани санъат, маданият, дизайн ва илм-фан орқали ижтимоий ва экологик жиҳатдан ўзгартиришга қаратилган янги лойиҳа ҳисобланади. У Орол денгизи экотизимини асраб-авайлаш, маҳаллий маданиятни халқаро майдонда оммалаштириш бўйича янги стратегияларни шакллантиришга хизмат қилади. Шунинг ўзи ҳам алоҳида мавзу ва таҳлил талаб этади.

    Умуман, кейинги икки ҳафта Марказий Осиё, хусусан, янги Ўзбекистон руҳи халқаро медиаоламнинг бош мавзуси бўлди. Бутун дунё нигоҳи бизга қаратилди. Улар юқорида санаб ўтган йирик ҳодисаларни таҳлил ва талқин қилиб борди. Бу замонавий дунёда Марказий Осиё ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганини кўрсатади. Мазкур жараёнда янги Ўзбекис­тон етакчиси Шавкат Мирзиёев ташаббускор экани, ўзгаришлар марказида тургани бизда фахр уйғотади. Шу билан бирга, барчамизнинг олдимизга Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб, фаол фуқаролик позициясига эга шахслар бўлиш ­талабини қўяди.

    Салим ДОНИЁРОВ


    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech