Меҳмонхона жўнаб кетиш терминалининг кутиш залида, «Арт Базар» мажмуасининг чап томонида жойлашган. Меҳмонхонада икки қаватда 24 та кичик-хоналар мавжуд. Шунингдек, биринчи қаватда ювиниш ва хожатхона, рўйхатга олиш пештахтаси ва маълумот таблоси бўлади, ҳар бир хонада эса индивидуал бортга таклиф қилиш тизими мавжуд.
«Хоналар тўлиқ ўлчамли бир кишилик ётоқ ва минимал жиҳозлар — чироқ, ойна, кийим илгич, қўл юки учун жавон, стол билан жиҳозланган кичик шинам кабиналар каби қурилган. Меҳмонхонанинг моҳияти шундаки, йўловчи трансфер пайтида аэропортдан чиқмасдан ёки транзит зонасини тарк этмасдан бу ерда бир неча соат қолиши мумкин», — дейилади компания матбуот хизматида.
E-auksion.uz электрон платформасидаги савдолар орқали умумий майдони 240 кв.м бўлган меҳмонхона хусусий компания бошқарувига ўтказилди ва «Khamsa Hotel» бренди остида фаолият юритади. Оператор томонидан белгиланган меҳмонхонадан фойдаланиш тарифлари фойдаланиш муддати ва хона классига қараб 30 дан 150 долларгача бўлади: 24 та хонадан 23 таси стандарт, 1 таси люкс хона бўлиб, оилавий йўловчилар учун мўлжалланган.
Таъкидлаш жоизки, меҳмонхона шарқона услубда таниқли маҳаллий рассом Бобур Исмоилов томонидан яратилган.
«Пойтахт аэропорти кўз ўнгимизда замонавий халқаро даражага етмоқда ва мен унинг ўзгаришига ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман. Бизнинг лойиҳамиз дунёнинг кўплаб аэропортларидаги ўхшаш меҳмонхоналардан бутунлай бошқача услубда ишлаб чиқилган. Биз меҳмонхонага Шарқона ҳашаматни беришни, хоналарда эса Европа минимализми ва ихчамлигини сақлашга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳар бир транзит йўловчи Ўзбекистонда қолиб, қадимий шаҳарлар ва маданиятни томоша қила олмайди. Шундай экан, мақсадимиз аэропортнинг ўзида ҳақиқий шарқона муҳитни яратиш эди», — дейди Бобур Исмоилов.