Бугун бутун дунё ҳамжамиятининг нигоҳи «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» мавзусидаги халқаро форумга қаратилди десак муболаға бўлмайди.
Эрта тонгдан қизғин муҳокамалар билан бошланган халқаро форум куннинг иккинчи ярмида нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё аграр соҳасига молик мавзуларни ўз ичига олган тематик сессиялар кўринишида давом этди.
Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО) Бош директори Суй Дунюй билан ўзаро мулоқоти ҳам бўлиб ўтди.
Таъбир жоизки, ривожланаётган давлатлар учун устувор мақсадлардан бири денгиз орқали савдо барқарорлигини таъминлаш, халқаро логистика тармоғини изчил йўлга қўйиш ва узоқ минтақадаги давлатлар билан савдо алоқаларини яхшилашдан иборат экан, шуларни инобатга олган ҳолда, бугун, кўплаб мамлакатлар айни йўналишда тизимли, режага асосланган, шунингдек кўп тармоқли натижага йўналтирилган инвестицион лойиҳаларга бугун ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Чунки булар, мамлакат иқтисоди учун бирламчи кўриладиган масалалар сирасига киради. Мазкур форум, шу каби истиқболли манфаатлар учун хизмат қилади.
Форум дастлабки кунининг якуни ўлароқ, ФАО ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг агросаноат тизимини барқарор ислоҳ қилиш тўғрисида»ги Тошкент декларация қабул қилинди.
Қабул қилинган декларация халқаро ҳамда илмий ташкилотлар, шунингдек молия институтлари вакиллари иштирокида ўтган халқаро форум якунлари юзасидан эришилган келишувларни мустаҳкамлайди.
Тадбирда сўзга чиққан БМТ Бош котиби ўринбосари Рабаб Фатима, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО) раҳбари Суй Дунюй ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокчиларни мазкур Тошкент декларациясини қабул қилинганлиги билан қутлар экан, унинг аҳамияти ривожланаётган давлатлар қишлоқ хўжалиги тараққиётида тутадиган ўрни ҳақида ўз фикрларини билдиришди.
Шунингдек, Тошкент декларациясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан денгизга чиқиш йўли бўлмаган мамлакатларга бу борада кўмаклишишга қаратилган бир қанча аниқ чора-тадбирлар белгилаб қўйилган.