Бу ҳақда метрополитен маъмурияти маълум қилди.
Хабарда айтилишича, бугунги кунда кўплаб бекатларда чипта сотиб олиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган банкоматлар ўрнатилмоқда.
Шу сабабли, касса оператори лавозимидаги ходимларига бўлган талаб камайиб бормоқда. Ёпилган кассалардаги оператор лавозими иш ўринлари босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Жумладан, биринчи босқичда 204 та касса оператори лавозим штатлари белгиланган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қисқартирилди.
Юқорида таъкидланган автоматлаштирилган банкоматларни метрополитеннинг барча бекатларида йил якунига қадар ўрнатиш режалаштирилган ва бунинг натижасида Тошкент метрополитенида касса оператори ва катта оператор лавозимларига бўлган эҳтиёж қолмайди.
"Шуни инобатга олган ҳолда, «Тошкент метрополитени» ДУК маъмурияти томонидан фаолият юритаётган оператор ходимлар учун янги қўшимча имкониятлар яратиш режалаштирилмоқда. Хусусан, хизмат лавозими қисқартирилаётган ҳар бир ходимга, ўз истак ва имкониятларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар ўрганиш курсларида иштирок этиш таклиф қилинади. Улар бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик ва шу каби бошқа йўналишлардаги курслардан бирини танлаш имкониятига эга бўлади", — дейилади хабарда.
Энг муҳими, ушбу ўқув курсларининг тўловлари белгиланган тартибда «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — лавозими қисқартириш жараёнида бўлган ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларга янги касб ўрганиш орқали барқарор даромад манбаини яратиш экан.








