Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» ДУК хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент метрополитенининг Ер усти ҳалқа йўналиши таркибидаги «Технопарк – Қипчоқ» бекатлари ва улар оралиғидаги йўналиш бир неча йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жаҳон амалиётидан келиб чиққан ҳолда, метро поезди ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хизмат сифатини яхшилаш мақсадида ер усти эстакадалари ва бекатлар маълум муддат фойдаланилгандан сўнг режали профилактик ишлар олиб борилади.
Шу муносабат билан, 2025 йил 2 августдан бошлаб 6 та бекатни қамраб олган «Технопарк – Янгиобод» йўналишида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади.
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Технопарк – Қипчоқ – Технопарк» оралиғида катта сиғимли махсус автобуслар (метробус) йўлга қўйилади. Улар ҳар куни соат 05:00 дан 23:00 гача бепул хизмат кўрсатади.
Юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўралиб, тушунчалари учун миннатдорчилик билдирилади.








