Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш борасида кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар маълум қилинди

    30 январь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг сабаблари, кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Олий Мажлисда навбатдаги парламент эшитувида ахборот берди.

    Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳри атмосфераси ифлосланишига сабаб бўлаётган ҳолатларни келтириб ўтди. Хусусан, антропоген омиллар — шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан қурилишларнинг жадал амалга оширилаётгани, қурилишлар сабабли мораторий эълон қилинганига қарамасдан дарахтларнинг кесилиши, «Евро 4» экологик стандарти талабларига жавоб бермайдиган (АИ-80) ёқилғидан фойдаланаётган машиналарнинг меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётганлиги атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

    «Тошкент шаҳрида 2022 йилда 715 минг автотранспорт воситаси ҳаракатланган ва натижада атмосфера ҳавосига 403,0 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланган. 2023 йилда эса пойтахтда ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 8 фоизга ортиб, 775 мингтани ташкил этган. Натижада атмосфера ҳавосига 435,0 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланган», — деди Азиз Абдуҳакимов.

    Вазир, шунингдек, 2019 йилда 3,9 млн тонна, 2022 йилда 5,3 млн тонна, 2023 йилда эса 6,7 млн тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилгани, бу ҳам атмосфера ҳавосига катта зарар келтирганлигини айтиб ўтди.

    «10 тонна кўмир ёқилғиси ёқилганида атмосфера ҳавосига 220 кг қурум, 360 кг олтингугурд II оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот II оксиди ва 2 тонна кул чиқиндиси чиқарилади. Бу рақамларнинг ўзиёқ кўмирнинг зарари қанчалик катта эканлигини кўрсатиб турибди», — деди вазир.

    Шунингдек, вазир экологик вазиятни яхшилаш борасида қуйидаги кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини қайд этди:

    — «Евро-4» стандартидан (АИ-80 русумли бензин) паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан фойдаланишни тақиқлаш;
    — Тирбандликни камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш;
    — Шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи ҳудудларни ташкил этиш;
    — Жамоат транспортини тўлиқ электр ва газ ёқилғисига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
    — Барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
    — Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадлари кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
    — Иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
    — Илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишини олдини олишга қаратилган Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш.

    Ҳисоботдан сўнг вазир депутатларнинг экологик ҳолатга доир саволларига жавоб қайтарди.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates