Хусусан, бир қатор ишлаб чиқариш объектларининг фаолияти ўрганилди, ҳамда маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар билан уларни қийнаб келаётган долзарб масалалар ва муаммолар муҳокама қилинди.
Гуруҳ томонидан «KENT FOOD» ип калава ишлаб чиқариш корхонаси ва «FINLAND BUTTER» қандолат маҳсулотлар фабрикаси фаолияти билан танишилди. Корхоналарга ташриф буюриш жараёнида тадбиркорлар технологик жараён ҳақида батафсил маълумот бериб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш режаларини тақдим этдилар. Улар кўтарган барча муаммоли масалалар зудлик билан назоратга олинди. Масъул раҳбарларга масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш топширилди.
Шунингдек, ўрганиш доирасида Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва бошқа туманлари ҳокимият органлари раҳбарияти билан видеоконференция тарзида инвестициявий, саноат ва савдо фаолиятини жадаллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Шаҳар туманларида рўйхатдан ўтган 60 мингдан ортиқ корхоналарни инвентаризация қилиш, маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятларини аниқлаш, шунингдек, зарур малака ва касбий кўникмалар ўзлаштирилиши учун шароит яратиш топширилди.
Йиғилиш якунида вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига Тошкент шаҳар туманларининг комплекс ривожланишини янада рағбатлантириш бўйича манзилли топшириқлар берилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.