ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни ушлашда ёрдам берган фуқаро мукофотланди

    Тошкентда ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни ушлашда ёрдам берган фуқаро 10 миллион сўм билан тақдирланди.

    Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

    Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 19 май куни Юнусобод деҳқон бозорида хизмат олиб бораётган ППХ инспектори сафдор Иззатбек Ибрагимов шубҳали тутган фуқарони тўхтатиб текширмоқчи бўлганида, у ёнидаги ўткир тиғли буюм билан ходимнинг ҳаётига суиқасд қилиб, бўйин қисмига тан жароҳати етказганди.

    Жиноятчи воқеа жойидан яшириниш мақсадида шу атрофда бўлган автобусга қўлидаги пичоқ билан чиқиб олган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган Патруль-пост хизмати ходимлари катта сержант Самат Каржанбаев, сафдор Сардор Абзалов ва профилактика инспектори лейтенант Ўктам Нормаматовлар тезкорлик билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаб, автобусдан йўловчиларни эвакуация қилган.

    Сўнг хавфли жиноятчини махсус воситалар ва жисмоний куч ишлатиш йўли билан зарарсизлантириб қўлга олишган. Ушбу жараёнда ИИО ходимларига фуқаро Владимир Авдиянс ҳам фаол ёрдам бериб, ўзининг фуқаролик бурчини сидқидилдан бажарган.

    Мазкур ҳолат Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилди. Тошкент шаҳар ИИББда тантанали равишда бўлиб ўтган тадбирда фуқаро В.Авдиянсга «Ички ишлар вазирлигининг миннатдорчилиги» эълон қилиниб, 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

    Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан сержант С.Каржанбаев, сафдор С.Абзаловлар «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан, лейтенант Ў.Нормаматов рағбатлантириш тариқасида муддатдан олдин «катта лейтенант» махсус унвони билан тақдирланди.

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates