Тошкент вилоятида қизлар машинадан танасини чиқариб, хавфли ҳаракатлар қилди

    Ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилди, муддатидан ўтган 5 та қоидабузарлик юзасидан ундирилмаган жарималар борлиги ҳам аниқланди.

    Бўстонлиқ туманидаги тоғ йўлида ҳаракатланаётган автомобилдан қизлар ҳаракат вақтида таналарини ойнадан чиқариб, хавфли ҳаракатлар қилгани акс этган видео тарқалганди.

    Мазкур видео юзасидан вилоят Ички ишлар бош бошқармаси, Жамоат хавфсизлик бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан қидирув-суриштирув олиб борилди. Натижада ушбу ҳолатни Тошкент шаҳрида яшовчи 1993 йилда туғилган аёл фуқаро томонидан машина бошқараётган вақтда содир этилгани аниқланган.

    Ҳолат бўйича йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, уларнинг тана қисмини машинадан чиқариб ҳаракатланишига йўл қўйгани учун ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-5-моддасига кўра, маъмурий баённома расмийлаштирилган.

    Шунингдек, транспорт воситасини муддатидан ўтган 5 та қоидабузарлик юзасидан ундирилмаган жарималар борлиги аниқланиб, автомобиль вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳозирда хавфли ҳаракатларни амалга ошириб, қоидабузарлик содир этган 2 фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.