Тошкентда 61 ёшли фуқаронинг номига 30 млн кредит олган шахс ушланди

    Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи 61 ёшли Ш.О. ИИОга мурожаат қилиб, уларнинг номига номаълум сабабларга кўра онлайн кредит расмийлаштирилганлигини маълум қилган.

    Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Натижада мазкур жиноятни Яккасарой туманида яшовчи 39 ёшли С.А. содир этганлиги аниқланган.

    Унга кўра, С.А. жабрланувчи Ш.О.га "СМС" хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритган. Сўнгра уларнинг номидан мобил илова орқали рўйхатдан ўтиб, онлайн тарзда 30 млн сўм онлайн кредит расмийлаштириб, ўша вақтнинг ўзида мазкур пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.

    Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

    Маълумот ўрнида, қонунга мувофиқ, мазкур жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.