Тошкентда буюк қозоқ адиби Абай ижодига бағишланган кўргазма очилди

    Маданият 19 декабр 2022 2150

    Жорий йил 19 декабрда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида қозоқ адиби ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига бағишланган «Абай. Қардош халқлар мероси» кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

    Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Даурен Абаев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов, «Жидебай-Борили» Абай музейи директори Турдиқул Шанбай, Тасвирий санъат галереяси директори Камола Оқилова, шунингдек ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

    Тадбирни Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

    «Ушбу тадбир, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бугун ўз эшикларини очаётган ушбу кўргазма буюк мутафаккир Алишер Навоий инсонпарварлик анъаналарини ўзида сақлаган Абай ижодини янада мукаммал англаш имконини беришига ишончимиз комил. Унинг барча халқлар тинчлик ва фаровонликда яшаши кераклиги, Шарқ ва Ғарб уйғунлиги, жаҳон меросини ўзлаштириш зарурати, инсон табиатининг мукаммаллашувига оид ғоялари бугунга келиб ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган», — дея таъкидлади А.Абдуҳакимов.

    Ўз навбатида, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Даурен Абаев кўргазмани юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди

    «Алишер Навоий ва Абай ижоди нафақат туркий, балки умуминсоний қадриятларнинг шаклланиши намунасини ўзида мужассам этган буюк меросдир. Ҳар икки мутафаккир турли даврларда яшаб ижод қилган бўлсада, уларни шеъриятдаги инсонпарварликка интилиш, ислоҳотчилик руҳи бирлаштиради. Улар икки қардош халқнинг маънавий устунларидир», — деди Даурен Абаев.

    Кўргазмада шунингдек қозоғистонликларнинг кундалик маиший ҳаётида фойдаланувчи, декоратив-амалий санъат буюмлари, Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган тасвирий санъат асарлари, графиклари, шунингдек Абайнинг асарлари намойиш этилди.

    Шундан сўнг Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

    «Абай. Қардош халқлар мероси» кўргазмаси 30 декабрга қадар давом этади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates