Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, жиноий гуруҳ аъзолари “Android” қурилмалари учун мўлжалланган ва “Telegram” мессенжери орқали тарқатиладиган “.apk” форматидаги зарарли файллар ёрдамида фойдаланувчиларнинг телефонларидаги СМС-хабарлар, контактлар, қўнғироқлар тарихи ва бошқа маълумотларга кириш ҳуқуқига эга чиқишган.
ИИВ, Тезкор-қидирув департаменти, Киберхавфсизлик маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари турли давлат фуқаролари экани маълум бўлган.
Улар “Telegram”да вирусни ўз телефонига ўрнатган фуқароларнинг банк карталари маълумотлари, шунингдек, боғланган телефон рақамларига келган СМС-тасдиқлаш кодлари сақланадиган ёпиқ гуруҳни яратган.
Маълум бўлишича, гумонланувчиларнинг телефон рақамлари кўздан кечирилганда, 177 та банк картасидан қарийб 1 миллиард сўм маблағ ўғирлангани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ушланган, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.









