Маълум қилинишича, 2024 йилнинг январь ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида “Аркенстоне” ва VescоCottage номли МЧЖлар ташкил этган шахснинг бу борадаги кирдикорлари фош бўлди.

Мазкур МЧЖлар Тошкент шаҳрида коттеж турар жойларини қураётганини, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда турли реклама эълонларини жойлаштириб, шу йўл билан янги уй олиш истагида бўлган фуқаролар ишончига кириб, гўёки кечиктириб тўлаш имконини бериш важи билан уларда қизиқиш уйғотиб, 2022—2023 йиллар давомида 125 миллион сўмдан бошланғич тўлов сифатида фуқароларнинг қарийб 27 миллиард сўмини ўзлаштирган.

Аслида эса ушбу МЖЧларга уй-жой қуриш учун ҳеч қандай ер ажратилмаган бўлган.

Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида ушбу фуқарога тегишли корхоналар ва унга алоқадор шахслар ҳисоб рақамларидаги 823 миллион сўм маблағларнинг ҳаракати тўхтатиб қўйилган.

Шунингдек, тергов давомида ушбу шахс жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштириш мақсадида хорижий давлатда рўйхатдан ўтган валюта биржасида ўзи ва онасининг номига ҳисоб рақамлар очиб, ушбу ҳисоб рақамларига 1,4 миллион АҚШ доллари ўтказиб олиб, биржа савдоларида иштирок этгани аниқланган.

Ушбу ҳолатлар бўйича департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Маҳаматов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан хорижий валюта биржасида Маҳаматовнинг онаси номига расмийлаштирилган электрон ҳамёнда мавжуд бўлган 403 минг АҚШ доллари тўлов банк виза картасига қайтарилган. Ушбу жиноят иши доирасида ҳозирги кунда 7,8 миллиард сўм маблағларнинг ҳаракати тўхтатиб қўйилишига эришилган.