Бу ташаббус Франция Республикаси Президенти Э.Макроннинг 2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида давлат раҳбарлари томонидан билдирилган эди.
Франция -Ўзбекистон иқтисодий палатаси ҳозирда 50 дан ортиқ француз компанияси ва тадбиркорларини ҳамда уларнинг ўзбекистонлик ҳамкорларини бирлаштиради.
Палата ҳар икки давлатнинг давлат идоралари билан муносабатларни мустаҳкамлаб боради ҳамда уларга ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича тавсиялар беради. Палата ўзининг француз ва ўзбекистонлик тадбиркорлари манфаатларини фаол ҳимоя қилиб боради.
Тадбир давомида француз компанияларининг Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, туризм, тоғ-кон саноати, энергетика каби устувор йўналишларда фаолиятини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Ўзаро манфаатли лойиҳаларни янада ривожлантиришда ҳар икки томон тадбиркорларини қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва «Ўзбекистон -Франция» иқтисодий палатаси президенти Жоан Гола Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладилар. Ҳужжатда Палата фаолиятининг устувор йўналишлари доирасида муносабатларни янада ривожлантиришнинг аниқ механизмлари белгиланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.