Тадбир 15-18 ноябрда Архангелск вилояти губернатори Александр Цыбульский бошчилигидаги вилоят ишбилармон доиралари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт-импорт етказиб беришни кўпайтириш орқали Ўзбекистон ва Архангельск ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.
Ушбу форумда 25 нафар Архангельск ва 100 дан ортиқ Ўзбекистон компания вакиллари, хусусан, ўрмон, целлюлоза-қоғоз, енгил саноат ва чакана савдо, ахборот-коммуникация технологиялари, машинасозлик, металлга ишлов бериш, қурилиш саноати соҳаларида фаолият олиб борувчи компаниялар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги савдо вакили Қ.Злыгостев, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Н.Шарипов, Архангельск вилояти губернатори А. Цыбульский иштирокчиларга кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва “Архангельск вилояти Савдо-саноат палатаси” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, “Северная защита” МЧЖ ва “ВИДОМ” МЧЖ, “Вудкомпонент” МЧЖ ва “БEЛУКРОС” МЧЖ, “КИТ Софит” МЧЖ ва “БИГ АУТОМАТИОН ОМПАНЙ” МЧЖ ўртасида ният баённомалари имзоланди.
Форум давомида Архангелск вилоятининг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти бўйича маърузалар ва тақдимотлар, шунингдек, Архангельск шаҳрида сармоявий таклифлар тақдимоти бўлиб ўтди.
B2B форматидаги ишбилармонлик алоқалари алмашинуви доирасида эса Ўзбекистон -Россия савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, қўшма бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, савдо-иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.