Жорий йилнинг 16 апрел куни ижтимоий тармоқларда 43-сонли йўналишдаги автобус салонининг ички қисмида аёллар ва эркаклар учун махсус жой ажратилганлигини тарғиб қилувчи эълон автобус салонига жойлаштирилганлиги акс этган танқидий фото жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" AЖ расмий муносабат билдирди.
Унда айтилишича, "Тошшаҳартрансхизмат" AЖнинг масъул ходимлар томонидан тезкор текширув ўтказилганда, ушбу ҳолат 8-Aвтобус саройи филиали тасарруфидаги, сарой рақами 433-бўлган, "ИСУЗУ" русумли 43-сонли автобус йўналишида кузатилгани аниқланди ҳамда автобус салонидаги мазкур эълон тезкорлик билан олиб ташланди.
Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш мақсадида барча автобус ҳайдовчилари ва чиптачилари ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилаётгани, шунингдек, автобус салонида турли хилдаги ахборот материаллари тарқатилишини олдини олиш, жамоат транспортида эълон қилиниши белгиланмаган махсус постерлардан фойдаланмаслик ҳамда иш фаолияти давомида ҳайдовчи ва чиптачилардан янада ҳушёр ҳолда иш юритишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилгани маълум қилинди.
Маълумот учун, "Тошшаҳартрансхизмат" AЖ ҳаракат таркиби янги, замонавий, катта сиғимли автобус ва электробуслар билан янгиланиб бормоқда. Пойтахтда ҳаракатланувчи автобуслардаги тирбандликларни олдини олиш мақсадида апрель ойида Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган газда ва электрда ҳаракатланувчи катта сиғимли автобусларнинг 400 донаси 20 апрель кунидан бошлаб автобус йўналишларида аҳолимизга хизмат кўрсатиш учун бириктирилади.