Тошкентдаги "18-автобус сарой" ичида ёнғин чиққани тасдиғини топмади

    Ижтимоий тармоқларда “18-автобус сарой“ ичида катта ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича “Тошшаҳартрансхизмат“ АЖ муносабат билдирди.

    Қайд этилишича, ёнғин Учтепа тумани “Тақачи“ МФЙ Тақачи кўчасида жойлашган, тикувчилик корхонаси омборида яъни, “18-автобус саройи“га қўшни ҳудудда содир бўлган.

    Тошкент шаҳар ФВБ хабарига кўра, ёнғин қутқарув экипажлари манзилга соат 21:40 да етиб борган ва ёнғин тунги соат 01:41 да батамом ўчирилган.

    Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ.

    Ҳозирда ёнғиннинг сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

    Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу ёнғин “18-автобус саройи“ филиали ҳудудига ўтмаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асосланмаган ахборотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз, — дейилади хабарда.