Атрофидаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари сабаб бир неча йил олдин келган одам ҳозир бу ерларни танимай қолса керак. Йўл ўша, йўналиш ўша, аввалдан мавжуд бўлган санъат ва маданият масканлари, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар ҳам ўшадек, аммо энди уларнинг атрофида замонавий бинолар, ўзгача кўринишдаги ландшафт дизайни, янги фавворалар пайдо бўлди. Бунёдкор кўчасининг 1,5 километр қисми эса хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилди.
Бу ердаги 90 та тадбиркорлик субъекти энди одамларга туну кун хизмат кўрсатади. Гастротуризм кўчасида аҳолининг сайр қилиши, овқатланиши, дам олиши учун барча қулайликлар бор. Шу йилнинг 10 июль куни давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, аҳолининг турмуш шароитлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишишни ана шу кўчани кўздан кечиришдан бошлади.
30 йиллик маҳалла янги қиёфада
Негадир Бунёдкор кўчасидан ўтишни ёқтираман, йўлим шу томонда бўлмаса ҳам, тез-тез ўша кўча бўйлаб юраман. Қандайдир файзли кўча, атрофидаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройи, Миллий боғ ва бошқа қатор жойлар аввалдан қадрли. Ҳозир уларнинг олдида янада замонавий дам олиш масканлари, баланд бинолар, янги манзиллар пайдо бўлган. Кўчанинг йўл бўйлаб қатор овқатланиш ва хизмат кўрсатиш масканлари тушган бир қисми гастротуризм кўчаси сифатида одамларга хизмат кўрсата бошлабди. Алоҳида ва ўзига хос ландшафт дизайн қилинган.
Кўчага ёндош ҳудудда Камолон, Янги Камолон ва Камолон дарвоза маҳаллалари бор. Уларда 18 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Фотограф шеригим билан гастротуризм кўчаси бўйлаб юриб, Янги Камолон маҳалласини изладик. Олдимиздан ўнг қўлга қайриладиган кўча ва катта арка чиқди. Ана шу биз излаган манзил. Сал ичкарига кирганимиздан кейин маҳалла биноси кўринди. Машинани махсус жойга қўйиб, атрофни кўздан кечира бошладик.
Ниҳоятда сокин, тоза-озода, тартибли манзил. Бир томонда яқинда таъмирлангани кўриниб турган кўп қаватли уйлар, ҳар бирининг олди яшил ҳудуд, ҳовлининг ўртасида замонавий жиҳозланган болалар майдончаси, бир чеккада машиналар турар жойи, бурчакда маҳалла биноси, унинг ён томонида дала дўкони, қандолат дўкони ва новвойхона, берироқда эса бир қарашда эътиборни тортадиган айлана шаклидаги ноодатий кутубхона. Булар тасаввуримиздаги эмас, биз кўрган реал маҳалла кўриниши. Барчаси шу қадар тартиблики, одамнинг баҳри дили очилади. Худди бир хонадоннинг шинам ҳовлисига ўхшайди.
Аввалига бу ерда кўп қаватли хонадонлар борлигига иккиландим ҳам. Чунки бир қарашда, ҳовлилардан иборат файзли маҳаллани ёдга солади. Кейин қарасам, атрофдаги хонадонларнинг бари кўп қаватли. Барибир манзара одатдаги кўп қаватли уйлардан фарқ қилади, тўғриси. Ҳавоси ҳам салқин, атрофдаги дарахтларнинг иси келаётгандек. Биз борганда вақт тушга яқинлашган, ҳаво ҳарорати анча юқори, маҳалла эса шаҳарнинг қоқ марказида жойлашганига қарамай, қандайдир салқинлик сезилди.
Айтишларича, Янги Камолон маҳалласига бундан олти ойлар олдин келган одам бутунлай бошқача манзарага дуч келарди. Кўп қаватли уйлар йиллар давомида таъмирланмаган, биринчи қаватга туташ ерлар аҳоли томонидан ўраб олиниб, қаровсиз қолдирилган, дарахтлар ўсиб кетган, одамлар кечаси у ёқда турсин, кундузи ҳам юришга ҳайиқадиган ҳолатдаги абгор ҳудуд бўлган. Шаҳар маркази бўлишига қарамай, ҳудуд эътибордан четда қолган. Ободонлик ва таъмирлаш ишларини одамлар йиллар давомида ўз ҳисобидан, шунда ҳам фақат хонадони атрофида амалга оширган. Умумий майдонлар, болалар майдончаларига ҳеч ким қарамаган, қаровсиз ётган. Қолаверса, маҳаллада ишсизлик ва жиноятчилик ортгани, коммунал ва бошқа соҳаларда муаммолар кўп бўлгани сабаб қизил тоифада турган.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Янги Камолон маҳалласини шаҳар марказидаги энг обод маҳаллалардан бирига айлантириш вазифаси қўйилди. Ўтган йил охирларидан маҳаллани тубдан ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Вазирликлардан тортиб, ҳокимларгача бу ишга енг шимариб киришди, катта ишлар амалга оширилди. Маҳалладаги барча эски кўп қаватли уйлар таъмирланиб, 10 га яқин болалар майдончаси, спорт майдончалари қурилди. Суғориш тизими йўлга қўйилиб, 5 мингдан ортиқ ўсимлик, минглаб гул кўчатлари экилди. Бу йил ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилди, хусусий тиббиёт пункти очилди. Ҳозир 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд.
Умуман, 21 та кўп қаватли уйдан иборат, 4600 дан ортиқ доимий аҳоли истиқомат қилаётган пойтахтимиздаги Янги Камолон маҳалласида инсонларнинг фаровон яшаши учун барча қулайликлар яратилди. Натижада жорий йилда маҳалла яшил тоифага кириб, обод, хавфсиз, ишсизликдан холи ҳудудга айланди. Маҳаллани томоша қилиб, манзарасидан завқ оларканман, айнан мана шу сўз хаёлимга келди: қандай обод маҳалла!
Маҳамадамин ЭРГАШЕВ, Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Камолон” МФЙ раиси:
— Маҳалламиз ҳам тарихий, ҳам замонавий манзил. Гап шундаки, тарихдан Тошкент шаҳрининг 12 та дарвозаси бўлиб, шулардан бири Камолон дарвозаси ҳисобланган. Шу ерда Камолон маҳалласи ҳам бўлган. Мустақилликдан кейин — 1995 йилда ўша маҳалладан алоҳида Янги Камолон маҳалласи ташкил этилди. Шу воқеага бу йил 30 йил тўлди. Айнан давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан бу маҳалланинг бутунлай қайта таъмирланиб, обод қилингани юбилейга ўзига хос совға бўлди, десак хато бўлмайди. Ва маҳалла шу қадар ўзгариб, янги қиёфага кирдики, худди қайтадан ташкил этилгандек бўлди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада, айниқса, аҳоли учун яратилган иш ўринларидан мамнун бўлди. Ҳозир маҳалламизда ишсиз одамнинг ўзи қолмаган. Ўтган йил охирида мавжуд 42 ишсизнинг барчаси иш билан таъминланди. Маҳалламизга бириктирилган банк томонидан савдо дўконлари қуриб берилиб, улар кам таъминланган оила аъзоларига фойдаланишга топширилди. Ушбу фуқаролар фойдага кирмагунича, улардан ижара ҳақи олинмайди. Қолаверса, бу фуқароларга дўконни юритиш учун имтиёзли кредитлар ҳам ажратилди. Шу йилнинг ўзида мини лойиҳалар учун 18 та имтиёзли кредитлар берилди.
Ўтган йили “Аёллар дафтари”да 200 га яқин одам турган бўлса, шундан ишга лаёқатли бўлганларининг бандлиги тўлиқ таъминланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларга эса ёрдамлар кўрсатиб келиняпти. Бундан ташқари, маҳаллада 6 та давлат ташкилоти бўлиб, уларда ҳам яна 28 та бўш иш ўрни ташкил этилган. Мактаб ёки олий ўқув юртини тамомлаган ёшлар ана шу ишларга жалб қилинади.
Маҳаллани таъмирлаш, обод қилиш жараёнларида машиналар турар жойи масаласи ҳам ечилди. Олдинлари бу катта муаммолардан бири бўлган. Ҳар битта автомобиль эгаси маълум ерларни эгаллаб олиб, аҳолига ноқулайлик туғдирган. Кенг ҳудудларни танлаб, машиналар турар жойи қурилганидан кейин бу масала ҳал бўлди. Ҳозирги кунда аҳолига ва болалар майдончаларига ноқулайлик яратмайдиган ҳолда, яна қўшимча жойлар қараляпти. Яъни зарурат бўлса, автомобиллар учун яна алоҳида жойлар қилинади.
Ўтган йили маҳалла биносининг ичида кутубхона ташкил қилинганди. Бу йил баҳор ойида эса маҳалла ҳовлисида ҳомийлик асосида капсула шаклидаги янги кутубхона очилди. Болалар кундузи шу ерда дарс ҳам тайёрлаяпти. Нуронийлар томонидан тўгараклар ташкил этилган. Хуллас, одамларнинг вақтини мазмунли ўтказиши, ҳаётидан мамнун яшаши учун барча шароитларни яратишга интиляпмиз.
Албатта, бу ишларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Сўнгги йилларда юртимизда шаклланган маҳалла институти ва “маҳалла еттилиги” фаолияти сабаб муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, ҳар бир фуқаро билан алоҳида иш олиб бориляпти. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан 2022 йилда маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, 2023 йилда ёшлар билан ишлайдиган вакил, ўтган йили ижтимоий ходим, солиқчилар кириб келган бўлса, бугунги кунда уларнинг қаторига “маҳалла банкир”лари қўшилди.
Бирорта ишсиз қолмади
Яъни энди улар “маҳалла саккизлиги”га айланди. Биргаликда бир куч бўлиб, маҳалладаги ҳар бир фуқаронинг бандлигини таъминлаш, муаммоларига ечим бериш, ҳар қандай масалани маҳалланинг ўзида, керак бўлса, фуқаро хонадонидан ташқарига чиқмаган ҳолда ҳал этилишига амалий кўмак беряпти.
Маҳаллада тадбиркорликка қизиқувчилар кўп, аммо аксарининг маблағи йўқ. Янги савдо дўконлари қурилиб, кам таъминланган оилалар аъзоларига имтиёзли шартларда берилгани айни муддао бўлди. Масалан, шу ердаги аёлларнинг бири новвойхонани олиб, иш юритяпти. Даромади ёмон эмас — ойига 10-12 миллион сўм топяпти. Икки кишини иш билан таъминлаган. Нон кунлик истеъмол қилинадиган маҳсулот, деярли ҳар бир хонадондан харидор топилади. Бир муддат шу ерда ўтириб, кузатдим. Новвойнинг қўли қўлига тегмайди. Аёл билан ҳам суҳбатлашдим. Оиласида 5 киши истиқомат қилар экан. Фарзандлари ҳали кичик ёшда. Турмуш ўртоғи ва ўзи шу новвойхонани юритяпти, асосий даромадлари шундан.
Очиғи, бир лойиҳани ўйлаб топиб, уни амалга оширишнинг ўзи минг машаққат. “Янги Камолон” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ифтихор Қаҳрамонов эса ўнлаб оилаларни тадбиркорликка йўналтириб, бандлигини таъминлашга кўмаклашади. Айтишича, йил бошида маҳаллада 57 та тадбиркорлик субъекти бўлган, ҳозир уларнинг сони 97 тага етди. Ўзи 32 ёшда бўлган бу йигит янги лойиҳаларни ишга туширишни қандай уддалаётгани билан қизиқдим.
— Бу ишларни маҳалла ва шу ердаги корхоналар, давлат идоралари билан биргаликда амалга оширяпмиз, — дейди Ифтихор Қаҳрамонов. — Аввало, ишсиз фуқаронинг ўзи билан гаплашиб, унинг қизиқиши, имкониятлари, лаёқатини ўрганамиз. Қўлида бирор ҳунари бўлмаганларни аввал бепул ўқитиб, кейин ишга йўналтирамиз ёки шогирдликка туширамиз. Агар ҳунари бўлса, иш бошлаши учун моддий кўмак берамиз. Масалан, йил бошида маҳалламиздаги бир аёл хориждан қайтиб келиб, ишсизлиги сабаб бизга мурожаат қилди. Аввал тикувчилик қилгани, ҳозир эса тикув машинаси йўқлигини айтди. Иш бошлаши учун 20 миллион сўм имтиёзли кредит олишига кўмаклашдик. Қарабсизки, уйида парда тикишни йўлга қўйиб, синглиси ва жиянини ҳам иш билан таъминлади.
Бундай мисоллар бисёр. Шу кунларда мактаб битирувчилари ҳам маълум вақт ишлаш истаги билан чиқади. Уларга ҳам кўмаклашамиз. Маҳалламиздаги Бунёдкор кўчасида овқатланиш масканлари, сартарошхоналар кўп. Ана шуларнинг раҳбарлари билан гаплашиб, ёшларни шогирдликка ёки ишга жойлаштирамиз. Тадбиркорлар ҳам йўқ демайди, имкон қадар ёшларни қўллайди. Шунинг ортидан йигит-қизларнинг кўпи кунлик даромад топяпти, асосийси, бекор эмас. Маҳалладаги тадбиркорлик субъектларида ҳам аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Яъни қанча кўп тадбиркор пайдо бўлишига кўмаклашсак, уларнинг ҳар бири ўз навбатида бошқа одамларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшади. Шунинг ортидан ҳозир маҳалламизда ишсизлар йўқ.
Ҳозирча Ўзбекистонда ягона маскан
Бир неча километр нарида Шайхонтоҳур тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази жойлашган. Ўша ерга бориш баҳонасида шеригим билан маҳаллани пиёда кездик. Ўзиям шеригимга “Қандай чиройли, тартибли маҳалла, худди шаҳар ичидаги шаҳарга ўхшайдия, бир эмас, барча кўп қаватли уйлари атрофи шундай обод қилинибди, қаровсиз жойнинг ўзи йўқ-ку!” деган гапни бир неча бор такрорладим. Шеригимнинг ўзи ҳам янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирида тургани боис, “Бизнинг маҳалламиз ҳам шундай”, деди. Кейин ўйладим, чиндан ҳам ҳозир кўп қаватли уйларда маҳаллалар шундай обод, шинам бўлиб, яшил ҳудудлари кенгайиб бормоқда. Одамлар ўзини олдингидек, деворлар орасидаги димиққан жойда эмас, замонавий ҳудудда яшаётганини ҳис қиляпти.
Хуллас, маҳаллани сайр қилиб завқ олдим. Негадир ҳеч нарса бегона туюлмади, худди ўз маҳалламда юргандек бўлдим, одамларнинг юзи ҳам илиқ, танишдек. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига кирганимизда илиқ кутиб олишди. Фуқаро билан суҳбатлашаётган қиз раҳбар хонасини кўрсатиб юборди. Куни кеча давлатимиз раҳбари шу ерда бўлиб, марказ фаолияти билан ҳам танишган. Бу ерда фуқароларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади. Ҳозир шундай марказлар юртимизнинг барча туман-шаҳарларида мавжуд.
— Туманда 9 мингдан ошиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бўлиб, уларга зарур хизматларни кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган, — деди Шайхонтоҳур тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Жавлонбек Умаров. — Кун давомида 100 дан ортиқ фуқаро мурожаат билан келади. Бундан ташқари, туманда 51 та маҳалла бўлса, ҳар бирида биттадан ижтимоий ходим бор. Уларнинг ҳар бирига кунига 10 дан ортиқ мурожаат тушади. Ўзлари ҳам маҳаллаларда уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганади. Авваллари ижтимоий ёрдамларнинг барчаси турли ташкилотларда кўрсатилган. Масалан, ногиронликни белгилаш бошқа жойда, уларга нафақа тайинлаш бошқа жойда, ёлғиз кексалар билан ишлаш бошқа жойда ва ҳоказо. Бугунги кунда ана шуларнинг бари битта марказда кўрсатилиб, ўндан ортиқ барча хизматлар автоматлаштирилган.
Жорий йилнинг май ойида ушбу марказ билан ҳамкорликда ишлайдиган “Имкониятлар олами” маркази ҳам ташкил этилди. Ҳозирча бу марказ юртимизда ягона ҳисобланади. Муассасада 3 ёшгача гўдаклар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Айниқса, кундузги парвариш хизматлари ногиронлиги бор фарзандни тарбиялаётган оналар учун катта қулайлик яратмоқда. Улар фарзандини малакали мутахассислар қўлига топшириб, ўзи жамиятга аралашиш, ишлаш имкониятига эга бўлмоқда. Кундузги парваришга 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Ҳозирги кунда 18 нафар бола қамраб олинган. Исталган фуқаро марказ хизматларидан фойдаланиши мумкин. Кам таъминланган оилаларга эса бу хизматларнинг тўлови давлат томонидан субсидия асосида қоплаб берилади.
— Бу ерда нархлар анча арзон экан, бир ойлик тўловимизни аввал хусусий клиникаларга бир кун учун берардик, — дейди Лабзак маҳалласида яшовчи Сарвиноз Абдувалиева. — Фарзандим 1,5 ёш, Даун синдроми билан туғилган. Ривожлантириш мақсадида икки ойдан буён ана шу марказдаги логопед, уқалаш муолажаларига олиб келяпман. Яна бир қулайлиги, барча хизматлар шу ернинг ўзида бор экан. Кундузги парвариши ҳам оналар учун қулай. Ҳар бир болага алоҳида эътибор қаратилади.
Иқтисодий ўсиш омили
Инсон ўзидан ва оиласидан кўнгли тўлиб яшаши учун доимий даромадга эга бўлиши муҳим. Юртимизда мақсад қилинган камбағалликни қисқартириш вазифаси ортида ҳам шу турибди. Кўпроқ бўш иш ўринлари яратиш, тадбиркорликка кенг йўл очиш ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширмоқда. Бу борада саноат ҳудудларининг ўрни алоҳида. Масалан, битта туманда битта саноат зонаси бўлса, қанчадан қанча одамни шу ернинг ўзида бандлигини таъминлаш мумкин.
Чилонзор тумани Бешқўрғон ва Тирсакобод маҳаллалари ҳудудида жойлашган саноат зонаси аввалдан бўлган. Аммо тартибсиз эгаллаб олинган ерларда инфратузилма ва бошқа масалаларда кўплаб муаммолар мавжуд эди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 3 июлдаги қарори билан саноат ҳудуди қайтадан ташкил этилиб, транспорт, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси тўлиқ яхшиланди. Ҳозир бу манзилга равон йўллар олиб боради, тунда ҳам чироқлар ҳудудни ёритиб, нурафшон қилади, бир қарашда, саноат шаҳарчасига айланган. Давлатимиз раҳбари туманга ташрифи давомида кичик саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.
— Президентимиз корхонамизда бўлиб, замонавий Италия технологиясини кўздан кечирди, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди, — дейди “Tarleplast” корхонаси ишлаб чиқариш бўлим бошлиғи Ахтем Османов. — Замонавий технология вақтни ва ишчи кучини тежайди. Технология инсон омилисиз ишлаб, замонавий тизим асосида бошқарилади. Корхонанинг 3 та цехидаги 12 та ишлаб чиқариш линиясида ана шундай технология ўрнатилган. Қурилма ёрдамида металл конструкциялар ва қувурлар — кунига 500 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ички бозордан ташқари, Туркманистон, Қозоғистон, Россияга экспорт қилинади. Маҳсулотларга мебель саноати, қурилиш соҳаси, газ ва сув таъминоти йўналишларида талаб юқори.
Чилонзор тумани ҳокими ўринбосари Абдуҳамид Абдуқодировнинг айтишича, мазкур саноат ҳудудининг ташкил этилгани туманнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ортишида муҳим йўналишга айланди. Ҳудуддаги тадбиркорлик ривожига ҳам ҳисса қўшяпти. Янги иқтисодий лойиҳалар сони ортмоқда. Ўтган йили туманда 356,1 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 700 миллион долларга етказиш режа қилинган. Шу йилнинг ўзида қиймати 221 миллион долларлик 58 та лойиҳа ишга туширилиб, 3295 та иш ўрни яратилиши кўзланган.
Бу лойиҳаларнинг бир қисми саноат ҳудудидан жой олади. Айни пайтда кичик саноат зонасида корхоналар сони 531 тага етиб, уларда яратилган иш ўринлари сони 20 мингтага яқинлашди. Тадбиркорлар ҳам саноат зонаси тубдан ўзгариб, шароитлар яхшилангани, йўллар равон бўлганидан мамнун.
Фикрат МАДИЕВ, “BFB Group” компанияси раҳбари:
— Аввал, ҳудудда йўллар жуда ёмон эди, ҳеч ким келишни истамасди. Ҳозир ҳар куни ҳамкорлар, харидорлар келади. Йўллар қандай равон бўлгани, ҳудуд ободлигини ўзингиз ҳам кўряпсиз. Охирги бир йилда электр токи умуман ўчмади. Яъни биз, тадбиркорларнинг янада фаол ишлаб, ривожланишимиз учун керакли шароитлар яратиб берилди. Бунинг эвазига саноат ҳудудида янги корхоналар кўпаяди, улар орқали туманда қўшимча иш ўринлари, солиқ тўловчилар пайдо бўлади. Бу иқтисодий фаровонликнинг ўсишига олиб келади.
Корхонамизда 40 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон бозорига доим муқобили йўқ маҳсулотлар билан янгилик олиб киришга ҳаракат қиламиз. Кўплаб маҳсулотларимизнинг нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларида ҳам муқобили йўқ. Масалан, альюминдан ясалган бассейн қопламаси фақат бизда чиқарилади. Альюмин қопламали автоматик очиб-ёпиладиган био иқлимли айвоннинг ҳам ҳозирча юртимизда муқобили йўқ. Бугунги кунда маҳсулотларимизни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига экспорт қиляпмиз.
Тадбиркорнинг ривожланишида асосий омил қулай иш муҳити, зарур шароитлар ҳисобланади. Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорларга берилаётган катта имкониятлар сабаб 8-10 баравар ўсдик. 15 йилдан бери шу соҳада фаолият юритаётган бўлсак, ҳозир тадбиркорлар жуда эркин деб айта оламан. Масалан, ҳозир дарвозамиз ҳаммага очиқ. Олдинлари қўрқув, ҳадик сабаб эшикларимиз ёпиқ турарди.
Шароит бўлган жойда ривожланиш ҳам бўлади. Тадбиркорлар ривожланса, кўпроқ аҳоли бандлиги таъминланиб, фаровонлиги ошиб бораверади. Давлатимиз раҳбари олдимизга қўяётган асосий масалалардан бири ҳам кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш бўляпти. Ҳозир корхонамизда 50 нафар иш ўрни яратилган. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Йил охиригача иш ўринлари сонини 100 нафарга етказишни мақсад қилганмиз.
* * *
Тошкент шаҳрининг энг гавжум туманларида ана шундай гаплар. Бу бир маҳалла ва саноат тармоғи мисолидаги ишлар эди. Кундан кун ривожланиб, чирой очаётган шаҳримизнинг исталган бурчагига борсангиз, ана шундай янги ислоҳотларга кўзингиз тушади. Уларни ҳар куни эшитяпмиз, кўряпмиз ва бевосита ўзимизда ҳис этяпмиз. Шундан дилларимиз яйраяпти.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








