Туризм иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланиши керак

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида бир қатор муаммоларни ечиш ва соҳани янада ривожлантириш имконияти туғилди.

    Кейинги йиларда Республикада туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Туризм бозорининг жозибадорлиги, рақобатбардошлиги ҳамда туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, мамлакатимизнинг туризм учун хавфсиз ҳудуд сифатидаги имижини мустаҳкамлаш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бунинг яққол далилидир.

    Ушбу фармон асосида бир қатор муаммоларни ечиш ва соҳани янада ривожлантириш имконияти туғилди.

    Маълумки, туризмнинг ривожланишини инфратузилма, яъни бошқа соҳаларнинг ривожланишидан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди, жумладан, туризм объектлари, жойлаштириш муассасалари, умумий овқатланиш, транспорт хизмати ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларига боғлиқ. Масалан, соҳанинг ривожланишига транспорт хизматини оладиган бўлсак, туризм йўналишлари бўйича авиарейслар ва темир йўл қатновларини самарали ва тизимли ташкил этиш кўп муаммолар ечимига сабаб бўлади, туристлар вақтини тежайди, ортиқча харажатдан қутқаради.

    Фармонда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона-Урганч-Фарғона, Термиз-Урганч-Термиз ҳамда Қарши-Урганч-Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон-Хива-Андижон темир йўл қатнови сони оширилишининг кўзда тутилганлиги республикамизнинг вилоятлари ўртасидаги қатновлардаги муаммоларнинг ғоятда муҳим ечимидир.

    Фармонга кўра 2021 йил 1 апрелга қадар Термиз-Қарши-Хива, Хива-Урганч-Нукус ва Термиз-Қарши-Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатнови йўлга қўйилади. Тошкент шаҳридан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсига қатнов йўналишлари бўйича авиарейслар субсидияланади.

    Ишлаб турган аҳолининг ишдан бўш вақтлари муддатининг қисқа эканлиги уларнинг яшаб турган жойларидан бошқа вилоят ва шаҳарларга оилавий саёҳатга чиқишларига, ички туризмни ташкил этишга салбий таъсир кўрсатар эди. Фармон билан дам олиш ва байрам кунлари тақвимининг саёҳат учун мақбуллаштирилиши бу борада ҳам одамларнинг мушкулини осон қилди. Жумладан:

    5 та расмий байрам кунлари – Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ҳамда Рамазон ва Қурбон ҳайити диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар 3 кундан кам бўлмаган муддатга белгиланди;

    оилавий саёҳатларни назарда тутувчи йиллик асосий таътил ҳисобидан 5 иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий қилинди.

    Туризм объектлари инфратузилмасини янада такомиллаштириш, маданий-кўнгилочар инфратузилмани ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш ҳамда ободонлаштиришга давлат бюджети ва «Тикланиш ва тараққиёт» жамғармасидан тенг улушларда 1 трлн. сўм ажратилиши ҳам қувонарлидир.

    Маълумки, жаҳонда коронавирус пандемиясининг тарқалишидан энг кўп талофат кўрган соҳа туризм соҳаси бўлди. Мамлакатимизда ҳам пандемия ушбу соҳани четлаб ўтмади. Шунинг учун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор чоралар кўрилди. Жумладан:

    туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари учун қонунчиликда белгиланган айрим имтиёз ва преференциялар муддатлари 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди;

    фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди;

    ер ва мол-мулкка солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди;

    ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгиланди;

    туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситаларига нисбатан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилди;

    туроператорларнинг камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳларга 5 кеча тунаб қолиши шарти Ўзбекистонда тур ташкил этиш шарти билан авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш белгиланди.

    Шу билан бирга, соҳада фармонга асосан 2021 йил учун ички туризм оқимини ташкил қилишга оид асосий кўрсаткичларни тасдиқлаш ҳамда вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари томонидан прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши таъминланган тақдирда уларни мукофотлаш, бажарилиши таъминланмаган тақдирда интизомий жазо чоралари қўллаш тизими жорий қилинади.

    Ўзбекистон Республикасидаги йирик моддий маданий мерос объектларига мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда жами 7,5 млн. нафар маҳаллий туристлар, шундан 3,1 млн нафари зиёратчиларнинг ташрифи режалаштирилмоқда.

    Шунингдек, туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиши мақсадида Самарқанд вилоятида қадимий ипак қоғози хомашё захирасини шакллантириш учун Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳудудида 64 гектар ер майдонида тут плантацияси ва Самарқанд ипак қоғозини ишлаб чиқариш бўйича «Ипакчилик шаҳарчаси» туристик мажмуаси ташкил этилади.

    Барча соҳада бўлгани каби туризм соҳасида ҳам кадрлар тайёрлаш долзарб жараёнлардан бири ҳисобланади. Соҳа учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрланиши келажакда унинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Шу мақсадда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб «Ипак йўли» туризм халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида «зиёрат туризми», «транспорт логистикаси» ва «ижодий саноат» магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрланади.

    Зиёрат туризмини ривожлантириш, ушбу йўналишда тўғри тарғиботни йўлга қўйиш ва белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Туризм қўмитаси раисининг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозими ва 9 штат бирлигидан иборат зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти ташкил этилади.

    Туризм соҳасида туристик объектларни намойиш қилиш, реклама қилиш муҳим эканлигини инобатга олиб, Республиканинг туризм объектларини кенг тарғиб қилишга қаратилган ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилди. Эндиликда буюк аллома ва уламоларнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду ва пушту тилларида «Имом Бухорий» зиёрат туризми йўлдош телеканалини ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилади ва хорижий мамлакатларда телеканал мухбирларининг фаолият олиб боришлари йўлга қўйилади. Шу билан биргаликда, ички туризмни оммалаштириш мақсадида «Ички туризм ойлиги», «Ички туризм ҳафталиги», «Ички туризм кунлари» ташкил этилади. Жорий йил май ойида «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасида «Миллий оҳанглар» фестивали, Мир Араб мадрасаси битирувчилари форуми ва «Миллий либослар кўргазмаси» ёш дизайнерлар фестивали ўтказилади. Шунингдек, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида:

    2021 йил 1 мартдан бошлаб 5 та мамлакат – Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт давлатлари ва Хитой Халқ Республикаси (шу жумладан Гонконг ва Макао махсус ҳудудлари) фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим (ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилиш шарти билан) жорий этилди;

    Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади;

    Самарқанд шаҳрида ислом дини намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон яратилади;

    Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музей қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади;

    зиёратгоҳлар, уламолар ва уларнинг илмий мероси ҳақида илмий асосланган маълумотларни шакллантириш ҳамда зиёрат туризм салоҳиятини тўлиқ ўрганиш ва маълумотларни тизимлаштириш мақсадида халқаро тадбирлар ташкил этилади;

    «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги», Мир Араб мадрасаси ташкил этилганлигининг 500 йиллигига бағишланган халқаро конференция, Тошкент шаҳрида «Имом Мотуридий илмий меросининг замонавий тадқиқотлари», Самарқанд шаҳрида «Имом Бухорий» номидаги халқаро ҳадисшунослик анжуманлари, Бухоро шаҳрида «Ибн Синонинг ҳаёти ва «Тиб қонунлари» илмий меросининг тадқиқотлари» мавзусида илмий-амалий анжуман, Қарши шаҳрида «Абу Муин Насафий» Марказий Осиё уламолари анжумани ва бир қатор тадбирлар ташкил этилади.

    Президент Фармони асосида амалга ошириш кўзда тутилаётган бу катта ҳажмдаги тадбирлар мамлакатимизда нафақат туризмнинг ривожланиши ва иқтисодиётнинг ўсишига, балки буюк аждодларимиз бизга мерос қилиб қолдирган бебаҳо моддий-маънавий бойлигимизнинг дунё ҳамжамияти олдида намойиш этилишига ҳам кенг имкониятлар яратади.

    Алишер ЭШТАЕВ

    Туризмни

    ривожлантириш давлат қўмитаси

    бошқарма бошлиғи,

    иқтисодиёт фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates