Туркий халқлар ҳамкорлиги ва бирдамлиги намойиши

    Пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

    Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, улар асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Энг муҳими, Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши вазифалари ҳам юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Мазкур кенгаш яқин йилларда ташкил этилганига қарамай, Ислом дини равнақи, мўмин-мусулмонлар фаровонлиги ва туркий халқлар бирдамлиги, шунинг билан бирга, буюк бобокалонларимиз меросини чуқур тадқиқ этиш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ишларига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

    Қолаверса, ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳамкорлиги натижасида халқларимиз ўртасидаги дўстлик, биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамланиб боряпти. Мамлакатларимиз ҳамда дунё мусулмонлари манфаатларини ҳимоя қилиш борасида дадил қадам ташламоқда. Бу эса ташкилотнинг замон билан ҳамнафас бўлиб, халқаро майдонда обрў-эътибори тобора ошиб бораётгани далолат беради.

    Албатта, бугун мусулмон диний идоралар раҳбарлари кенгаши ҳар қачонгидан кўра кўпроқ тинчликни тарғиб қилиш, хотиржамлик катта неъмат эканини юксак минбарлардан туриб бот-бот такрорлашиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

    Ташкилотга Ўзбекистон раислиги давомида ўзаро ҳамкорлигимиз янада кенгайди, томонлар манфаатларига хизмат қиладиган йирик тадбирлар, учрашувлар ташкил этилди.

    Дарвоқе, бугунги мураккаб даврда кишилар турли фитна, бузғунчи ғоя ва ахборот хуружлари каби таҳдидлардан азият чекмоқда. Шундай муаммолар қаршисида Туркий дунё ҳар қачонгидан кўпроқ бирлашиб, муаммоларни бартараф қилишга жидду жаҳд қилиши керак.

    Иштирокчилар Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг тўртинчи йиғилишига пухта тайёргарлик кўрилгани ва у ҳар жиҳатдан самарали ўтаётганини маълум қилишди.

    Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода ўз чиқишида Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида илгари сурилган 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

    – Ислом цивилизациясининг қадимий маркази бўлган Ўзбекистонда бундай нуфузли анжуманни ташкил этиш, шак-шубҳасиз, Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришда муҳим аҳамият касб этади, – деди Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода. – Биз бутун турк дунёси диний жамоатчилиги номидан Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг бу каби катта маънавий аҳамиятга эга ташаббусини умумий қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз.

    Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули қардош мамлакатлар маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва умумий қадриятларини тарғиб қилиш бўйича устувор вазифаларни ҳал қилиш заруратига эътибор қаратди.

    Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев эса қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янги мазмунга эга бўлганлигини таъкидлади.

    – Ўзбек диёрида умумтурк маданиятининг аломатларини кўрмоқдамиз ва бизнинг келгуси тараққиётимиз ўзаро қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқдир, – деди Ялкап Ходжагулиев. – Шак-шубҳасиз бу каби учрашув ва маслаҳатлашувлар халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштиради, дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаб, ишонч ва ўзаро тушунишнинг юқори даражасига эришишга ёрдам беради.

    Анжуман якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан динимиз ҳар қандай зулм ва зўравонликка қарши эканини, шафқатсизликни қоралаши ҳамда доимо тинчликни тарғиб қилишни ифода этувчи “Исломнинг экстремизмга муносабати” тўғрисидаги ҳужжат қабул қилинди.

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates