Украина Туркияга 2025 йилда мамлакатни қайта тиклаш бўйича лойиҳалар жамланмасини топширди, уларни амалга ошириш учун тендерлар апрель-май ойларида эълон қилинади, деб хабар берди ҳукуматпараст Türkiye газетаси манбаларга таяниб.
Аввалроқ Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған турк компаниялари Украинани можаро оқибатида юзага келган вайронагарчиликларни бартараф этиш ва қайта қуришда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилганди.
“Уруш пайтида айрим ҳудудлари катта жабр кўрган Украинани қайта тиклаш бўйича алоқалар тезлашди. Украина Туркия томонига 2025 йилга мўлжалланган лойиҳалар жамланмасини топширган бўлса, апрель ва май ойларида шошилинч лойиҳалар бўйича тендерлар эълон қилинади”, деб ёзади нашр.
Қайд этилишича, автомобиль йўлларидаги мавжуд божхона постларини янгилаш, янгиларини қуриш, пуллик автомагистралларнинг умумдавлат тизимини яратиш асосий устувор йўналиш ҳисобланади, деб хабар беради ria.ru.
“Маълум бўлишича, ҳужжатлар жамланмасига энергетика ва энергия самарадорлиги, ижтимоий уй-жой ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳалар киритилган”, дейилади газета хабарида.