Шу йилнинг 16 январь куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси (барчаси эркак) вафот этди.
Аввалроқ, 14 январь куни 6 нафар, 15 январь куни эса 4 нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. 17 январь ҳолатига кўра, заҳарланиш оқибатида вафот этган фуқароларнинг умумий сони 14 нафарни ташкил қилмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 17 январь ҳолатида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли ташхиси билан Туркия бўйлаб касалланганлар сони 88 нафарни ташкил этиб, шундан 37 нафари вафот этган. Ушбу қурбонлар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари ва бошқа миллат вакиллари ҳам мавжуд.
Истанбул ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари 2025 йил 16 январь куни Истанбул шаҳрида 32 862 литр ноқонуний метил ва этил спиртли ичимликларни мусодара қилган.
Тадбирлар Султангази, Фатиҳ, Бакиркўй, Кучукчемесе, Чаталcа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкоз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган.
Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда.
Бош консулхона дипломатлари Истанбул шаҳридаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида даволанаётган фуқароларнинг ҳолидан хабар олди.
Уларнинг 3 нафарининг аҳволи оғир.
Бош консулхона барча вафот этган фуқароларимизнинг яқинларига сабр, касалларга шифо тилайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Бош консулхона барча фуқароларимизни спиртли ичимликлардан тийилишга ва шахсий хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақиради.