Туркияда маҳаллий сайловлардан кейин овозларнинг 99 фоиздан ортиғи ҳисоблаб чиқилди

    Туркияда 31 март куни бўлиб ўтган муниципал сайловларда 99,37 фоиз овоз санаб бўлинган. Бу ҳақда Туркия Олий сайлов кенгаши маълум қилди.

    Натижаларга кўра, мухолифатдаги Республика Халқ партияси 37,71 фоиз овоз тўплаган ҳолда етакчилик қилмоқда, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси иккинчи ўринда, сайловчиларнинг 35,53 фоизи унинг номзодларига овоз берган.

    Республика Халқ партияси номзоди Мансур Яваш пойтахт Анқарада 60,29 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Истанбулда ҳам мухолифат номзоди Экрем Имомўғли 51,05 фоиз овоз билан устунлик қиляпти.

    Адолат ва тараққиёт партиясидан 24, Республика Халқ партиясидан 35 номзод мамлакатнинг турли шаҳарлари ҳокимлигига сайланган бўлиб, улардан 12 нафари йирик шаҳарлар ва 14 нафари муниципалитетларда ғалаба қозонган, деб хабар беради report.az.

    Туркия Олий сайлов комиссияси душанба куни сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилмоқчи. Айни пайтда партия етакчилари ва номзодлар аллақачон ғалабани эълон қилган ёки мағлубиятини тан олган. Мансур Яваш ва Экрем Имомўғли сайловдаги ғалабасини нишонлашди.

    Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, ўз навбатида, унинг партияси сайловларда керакли натижаларга эриша олмаганини тан олди, аммо бу “охири эмас, балки бурилиш нуқтаси” эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Адолат ва тараққиёт партияси керакли хулосалар чиқаради, вазиятни таҳлил қилади ва йўл қўйилган хатоларни тузатади.