Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров иштирок этмоқда. Мажлис иштирокчиларига Парижда очилган Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган иккита йирик кўргазма тўғрисида маьлумот тақдим қилинди.
– Турфа замонларга гувоҳлик берувчи сара экспонатлар орасида Ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” алоҳида ажралиб туради, – дейди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров. – Мазкур Қуръон Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Лангар ота” жомеъ масжидида узоқ вақт сақланган. Ислом оламида у Мусҳафнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири ҳисобланади. Кўргазмага тайёргарлик жараёнида мазкур муқаддас қўлёзманинг 13 саҳифаси ҳам реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбуруғ каби зарарли бактериялардан тозаланди. Мазкур экспонат тарихи деярли афсонавий, чунки ҳали атрофлича ўрганиш керак бўлган жиҳатлари етарлидир. Чунки қўлёзма VIII-X асрга оид деб тахмин қилиняпти. Ҳатто, Усмон Мусҳафидан олдинроқ ёзилган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор. Кўргазманинг энг ноёб экспонатларидан ҳисобланувчи ушбу Қуръон саҳифаларига дунё миқёсида қизиқиш жуда катта.
Таъкидланишича, Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда амалга оширилган. Жамғарма таклифига биноан муқаддас қўлёзмани реставрация қилиш ишлари Лувр музейи реставраторлари Аксел Делау ва Аурелия Стрери томонидан амалга оширилган.