«Учрашув аввалида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик алоқалари кучайиб бораётгани, Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити бу борада муҳим воқеа бўлгани қайд этилди. Ушбу саммит доирасида Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистоннинг туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлгани мамнуният билан эълон қилингани алоҳида таъкидланди», — деди Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов.
Шунингдек, учрашувда 2023 йил август ойида Фарғона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Туркий дунё Этно-мода фестивали ҳамда келгуси йил июль ойида Халқаро туркий маданият ташкилотига аъзо мамлакатлар санъаткорлари иштирокида Фарғонада ташкил этилиши кўзда тутилаётган ТУРКСОЙ опера кунлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
ТУРКСОЙ Бош котиби Султанбай Раевнинг таъкидлашича, Этно-мода фестивали мода, мусиқа, фольклор ҳамда миллий анъаналарни ўзида жамлаган йирик маданий тадбир бўлибгина қолмай, Фарғонада ушбу фестиваль доирасида Халқаро туркий маданият ташкилотига аъзо мамлакатлар миллий либослари кўргазмаси ҳамда ушбу мамлакатларнинг энг сара дизайнерлари томонидан айнан Марғилон атласидан тикилган либослар намойиши куни ҳам ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Қувонарлиси, ушбу ғоя Марғилон атласи билан туркий либослар уйғунлигини шакллантириб, ўзига хос янги мода йўналишига асос бўлади.
Таъкидлаш керакки, Султанбай Раев 2023 йил 1 январдан бошлаб ТУРКСОЙъда Ўзбекистоннинг доимий вакили фаолият бошлашини маълум қилди ва бу ўзаро ҳамкорликни янада жадал ривожлантиришга ёрдам беришини қайд этди.
«Қўқон шаҳри қадимдан туркий дунёнинг маънавият ўчоқларидан бири бўлган, биз Қўқоннинг барча ажойиб жиҳатларини туркий халқларга намойиш этиш истагидамиз», — деди Раев.
Ўз навбатида, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғонада Халқаро туркий маданият ташкилоти билан ҳамкорликда режалаштирилаётган тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун барча шароитлар яратилишини билдирди.
Учрашувдан сўнг ТУРКСОЙ бош котиби вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ҳамроҳлигида Марғилон шаҳри ва Риштон туманидаги Ҳунармандлар марказлари ҳамда шу йили 20–22-октабр кунлари Марғилон шаҳрида бўлиб ўтган «Атлас байрами» халқаро ва анъанавий тўқимачилик фестивали доирасида Марғилон тарихи музейида ташкил этилган «Буюк ипак йўли ворислари» анъанавий тўқимачилик кўргазмасига ташриф буюрди.