Убайдий “ҳикматлар”ининг янги нашри ​

    Маданият 9 июл 2020 7253

    Туркий адабиётда ҳикматнавислик Хожа Аҳмад Яссавий ижоди билан бошланиб, унинг мактаби вакиллари ўз даврида кўпчиликни ташкил этган. 15-16 асрларда Бухоро адабий муҳитида шоҳ ва шоир сифатида эътироф этилган Убайдий ҳикматларида мутасаввиф ижодкор йўлини давом эттириш кўзга ташланади.

    Унинг адабий меъросида ҳикматлардан бўлак ғазал, рубоий, туюқ, маснавий, муаммо, нома жанрлари ўрин олган. Шоирнинг «Вафо қилсанг» тўплами 1994 йилда нашр этилган бўлсада, у ижодий салоҳияти тўла ўрганилмаган ижодкорлар сафида эди.

    Куни кеча Муҳаммад Ҳамзахон Абдуллаев ва Жамолиддин Абдуллаев томонидан нашрга тайёрланган Убайдийнинг «Ҳикматлар» китоби Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда«Мовароуннаҳр» нашриётида чоп қилинди.

    Ҳадис, фиқҳ, тасаввуф илмининг билимдони бўлган Убайдий ҳикматлари нодир қўлёзмалар қаторидан қимматли оммавий асарлар сафига кирди. Китобнинг қиймати шундаки, унда табдил қилинган қўлёзманинг факсимиле нусхаси, арабий ва форсий атамалар луғати ва изоҳлари ҳам ўрин олган.

    Шоҳ ва шоир қисмати ҳақида келган тарихий ва илмий манбаларнинг хабар беришича, Убайдий араб ва форс тилларини билган, туркийда Қуръоннинг тафсирини битган, фиқҳ ва тасаввуф илмини чуқур эгаллаган, 18 ёшида Бухоро тахтига ўтириб, жасур, тадбиркор, моҳир саркарда сифатида танилган.

    Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул Убайдий шеъриятда Яссавий ва Боқирғоний, Лутфий ва Навоий анъаналарига таянган, айни пайтда, уларни ўзаро уйғунлаштиришга куч сарфлаган шоир деб баҳолайди. Боиси унинг шеърий услубида соддаликка мойиллик, халқчиллик ва аруз вазнининг гўзал оҳанглари, мумтоз лириканинг маънавий санъатлари биланбирга уйғунлашиб кетган.

    Ҳикматлар маснавий, тўртлик шаклида ёзилган бўлиб, айримлари тўла араб тилида бўлгани учун остидан таржимаси келтирилган. Шу боис уларни тушуниш қийинчилик туғдирмайди. Аммо Қуръон ва ҳадис илмларини пухта билиш, Яссавий ижоди билан яқиндан таниш бўлиш, тасаввуфий тушунчаларни билмасдан, маънавий санъатлардан хабардор бўлмасдан Убайдий ҳикматларидаги асл маънони англаб бўлмайди. Унинг шеъриятида нафсга қарши кураш, Яратганга содиқ ошиқ бўлиш сифатлари, ишқи илоҳий билан кўнгилни тозартириш, руҳ қушини васл авжи сари парвоз қилдириш асосий мавзу йўналишини белгилаб берган.

    Ўқиш-ўрганишнинг натижаси олимликдир. Аммо олимликнинг ўзигина кишини улуғламайди. Унинг амали бўлса, атрофидагиларга манфаат етади. Шу манфаат уни Оллоҳни севувчилар тўдасига олиб киради. Йўқса, ҳар қанча илм уни жоҳилга айлантиради, кибрга йўл очади. Бу фикрни Убайдий шундай ифодалайди:

    Олим киши илми била амал қилса,

    Раббониюн зумрасинда дохил бўлур.

    Илми била амал қилмас олим, билинг,

    Нодонларга дохил бўлур, жоҳил бўлур.

    Китобдан ўрин олган 27-ҳикматда ўзбек фольклорида донолик тимсоли саналган Луқмони Ҳакимга худо томонидан берилган тўрт минг ҳикматдан тўрт юзини сайлаб олганини айтади. Ана шу тўрт юзнинг орасидан ҳам тўрттасини хуш кўриб танлайди. Булар қуйидагича изоҳланади:

    Иккисин онинг унуттум, эй рафиқ,

    Иккисин унутмадим, қатъан яно.

    Тенгрини унутмадим, бири будур,

    Бири ўлумни жаҳонда доимо.

    Икки ким унуттум онинг, бири бу,

    Яхшиликдур ким қилиб мен халқаро.

    Бири будур ким, манга қилди ситам,

    Они ҳам ёр унуттим мутлақо.

    Ҳикматнинг вазифаси ибратдир. Унутилган яхшилик ва зулм, эсда сақланиши лозим бўлган тангри ва ўлим Убайдий китобхонига англатмоқчи бўлган ибратли ҳикматидир.

    «Ҳикматлар»да 1786 байтдан иборат, 235 дан зиёд ҳикмат, диний-тасаввуфий, ахлоқий-дидактик руҳдаги«Салавотнома», «Сабрнома», «Завқнома», «Ғайратнома» каби нома жанри ривожида аҳамиятли бўлган шеърлар, таржебанд, маснавий, рубоий, матлаълар ўрин олганлиги Убайдий адабий меросининг серқирра эканини намоён этади. Ҳикматлар мажмуаси Туркиянинг «Нури Усмония» кутубхонасида сақланаётган девон асосида тайёрланган.

    Дилноза Рустамова,

    Алишер Навоий номидаги

    Давлат адабиёт музейи стажёр-тадқиқотчиси