Учинчи Ренессанс — жадидлар маслаги

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 5 ноябрь сонида филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Назарованинг “Учинчи Ренессанс — жадидлар маслаги” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    ҳаётимизда янги давр бошланди. Фикр одамларига, миллий ғурурни уйғотадиган кишиларга қайтадан жуда катта зарурат туғилмоқда. Талатўп дунёда мана шу эҳтиёж юртимиздаги тинчлик ва фаровонликни сақлаб, қадрига етишга ундаб туради. Унинг ҳар бир заррасида миллий ҳурриятимиз акс этади. Президентимиз мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Биз учун инсон, унинг қадр-қиммати қанчалик азиз бўлса, унинг хотираси ҳам шунчалик муқаддасдир.

    Шу сабаб Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган ота-боболаримизнинг номларини оқлаш, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий меросини ўрганиш, хотирасини эъзозлашга янада муҳим аҳамият қаратмоқдамиз”, деди. Байрам табригидан сўнг янграган “Гўзал Туркистон” миллий қўшиғига жўровоз бўлаётган минглаб байрам иштирокчилари, телевизор қаршисидаги миллионлаб юртдошларимиз ҳаяжонини кўриб, ичимизда ёниб турган ҳуррият шами янада қўр олгани, меросий ҳақ ботинимизда тирик эканига ишончимиз комил бўлди.

    Бундан бир аср муқаддам кўнглимизга, халқимиз шуурига истиқлол, маърифат уруғини қадаб кетган жадид боболаримиз ҳақли равишда эсланишга, унутилмасликка муносиб. Зотан, бугун уларни фақат биз эмас, балки афкор омма эътироф этади, хизматларини тан олади. Дунёнинг туркий халқлар жадид адабиётини ўрганаётган етакчи илмий марказлари ва олий таълим муассасалари боболаримиз мероси тадқиқига алоҳида эътибор билан ёндашаётгани фикримиз далилидир.

    Жумладан, АҚШнинг Колумбия, Мичиган, Чикаго, Калифорния университетлари, Япониянинг Токио хорижий тадқиқотлар университети, Россия Фанлар академияси, Россия ислом институти, Қозон федерал университети, Туркиянинг Анқара, Эже, Истанбул университетлари, Озарбайжон Фанлар академияси, Қўлёзмалар институти, Боку давлат университети, Қозоғистоннинг Евроосиё миллий университети, Туркманистон Фанлар академияси каби нуфузли илм ўчоқларида боболаримиз мероси ҳижжалаб ўрганилмоқда. Дунё илм-фанида жадидчилик ҳаракати, жадид адабиётига доир энг янги илмий изланишлар олти йўналишда олиб бориляпти.

    Биринчиси, жадидчилик фалсафаси ва мафкураси бўлиб, бу йўналиш тарихий, сиёсий-мафкуравий жараёнларни қамраб олади. Қозон федерал университети, Хакас давлат университети, Боку давлат университети, Анқара ва Эже университетларида айни йўналишдаги тадқиқотларга эътибор қаратилган.

    Иккинчи йўналиш жадид зиёлилари кўтарган муаммоларни қамраб олади. Бу миллий, диний, ижтимоий жиҳатлар, тил, имло, маориф, хотин-қизлар масалаларини назарда тутади. Қизиғи, бу муаммоларнинг ҳеч бири бугун ҳам башарият кун тартибидан тушгани йўқ. Юз йил аввалги масалалар ҳозир ҳам қайноқ ва долзарб.

    Учинчисида жадид адабиёти тармоғида шеърият, наср, драматургия, адабий танқид масалалари ўрганилади. Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг ғоявий асосларини аниқлаш ва уларнинг ўзбек жадид насри, драматургияси, шеъриятида акс этиши, ўзбек жадид шеърияти морфологияси масалалари тадқиқи Колумбия, Мичиган университетларида, жадид адабиёти намояндалари, адабий сиймоларини библиографик аспектда таҳлил этиш Евроосиё миллий университети, Туркман жаҳон тиллари миллий институтида йўлга қўйилган.

    Тўртинчиси, жадид матбуоти ва ноширлик фаолиятига доир тадқиқотлар Озарбайжон Фанлар академияси Адабиёт институти, Анқарадаги Ҳожи Байрам валий университетида олиб борилмоқда. Мазкур тадқиқот марказларида жадид атамашунослигини ишлаб чиқиш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган.

    Бешинчиси, хайрия ва адабий жамиятлар, вақфлар, фондлар фаолияти, янги адабий ҳаракатлар, шарт-шароитлар Калифорния университети ва Карлтон коллежида алоҳида тармоқ сифатида ўрганилган. Бу муҳим йўналиш бўлиб, ўзбек ёшларининг чет элда ўқитилиши, янги мактаблар очилиши, газета-журналлар чоп этилиши каби маърифий масалалар, асосан, хайрия маблағлари ҳисобидан ҳал этилган.

    Олтинчиси, жадид театри ва санъати, ўзбек жадид драмаси ва шеъриятига бағиш ланган илмий тадқиқотлар Токио хорижий тадқиқотлар универститети, Мичиган ва Эже университетларида олиб борилган. Театр санъати орқали халқни уйғотиш, маърифатли қилиш, муаммоларни гавдалантириш жадид боболаримиз ғоявий қарашларининг муҳим жиҳатларидан.

    Шу кунларга келиб, жадид адабиётшунослигига ёндош тарзда жадид тилшунослиги, фольклоршунослиги, таржимашунослиги, педагогикаси каби йўналишлар ҳам шаклланди. Шуниси аҳамиятлики, жадид адабиёти, бадииятига доир асосий назарий тадқиқотлар айнан Ўзбекистонда олиб борилган. Дунё илм-фани жадидчилик ҳаракатларини кўпроқ сиёсий-тарихий жараён сифатида ўрганади ва манбаларга шу нуқтаи назардан ёндашади.

    Шу тариқа жадидчилик ва жадид адабиётига доир илмий изланишлар халқаро миқёсда эришилган илмий натижаларни умумлаштириш ва қиёслаш йўлига чиқди. Халқаро фан тармоғи сифатида 2002 йилдан бери анъанавий тарзда Замонавий туркологик тадқиқотлар симпозиуми ўтказиб келинади. Зеро, мазкур даврдаги миллий адабиётга дахлдор янгиланиш омиллари ва тамойилларини тадқиқ этиш миллий адабиётнинг дунё адабиётидаги ўрни ва қиёфасини белгилаш имконини беради.

    Фитрат, Чўлпон шеърлари янги авлод тилидагина эмас, юрагида ҳам акс-садо бера бошлади. Ренессанс орзуси, балки, асрлар мобайнида қонимизда оқиб юрган миллий ғурур туйғусини мана шундай ҳаракатга келтираётгандир. Чунки жадид боболаримиз миллий истиқлол ғоясини биринчи бўлиб кўтарган эди. Улар марказлашган, ҳудуди, қўшини, иқтисоди, таълим тизими, маданиятига эга, мусулмон Ренессансидан улги олган ва айни вақтда тараққий этаётган дунёга қўшилиб кетишга қодир давлат бунёд этиш орзуси билан яшади ва шу йўлда шаҳид кетди.

    Фитрат 1917 йили Туркистон мухторияти эълон қилингандан бир ой ўтмай қуйидагиларни ёзган эди: “Кучга таянган ҳар буйруғга бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яширунтурдик, эмгакларимизға ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!” Бу ҳуррият йўли бизни янги Ренессансга олиб чиқиши керак эди. Аммо бу орзу армон бўлиб юракларимизга чўкди ва энди мустақиллик ҳавосида шу армон ушалишни истайди.

    Улар орзулаган тамаддун эшигини очмагунимизча шаҳидлар қони бизни ҳаракатга ундайверади. Жадид адабиёти ўта кескин ижтимоий-сиёсий жараёнларда туғилди. Адабиётимизнинг бугуни ва эртаси айнан ўша давр акс-садосидир. Аммо ўзбек адабиёти учун муҳим бўлган бу даврнинг холис тадқиқи мустақилликка қадар чекланди. Уларни илмий-назарий баҳолашда изчиллик билан иш тутилмади.

    Шу маънода, давр адабиёти, тарихига оид ўзига хосликлар ва уларнинг юзага келиш омилларини илмий-назарий жиҳатдан тўғри баҳолаш муҳим вазифалардан бири эди. Истиқлол шарофати билан ХХ аср бошларида ўзбек адабиёти, тарихини ҳар жиҳатдан изчил ўрганиш учун кенг имконият вужудга келди. Истиқлол муҳитида фикри етилган янги авлод тадқиқотчилари энди бу борада ўз сўзини айтиши керак. Адабий даврлар чегарасини белгилаш, адабий авлодлар занжирини яхлит тасаввур қилиш, янги манбаларни ўрганиш, ўрганилган манбаларни қайта баҳолаш ва уларнинг барчасини истиқлол муҳитида қайта идрок этиш шулар жумласидандир.

    Фақат энди бир ишга улгуриш керак. Устозлар бошлаган шарафли йўлни оғишмай, кечикмай давом эттириш, миллий уйғониш даври манбаларини сақлаб қолиш зарур. ХХ аср бошларида жадид боболаримиз жасорати билан чоп этилган газета-журналлар, қўлёзма, тошбосма китоблардан яқин 5-10 йилда ҳеч нарса қолмаслиги мумкин. Улар шиддатли вақт бўронларида йўқолиб бормоқда.

    Ҳали кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти асосий фондида сақланаётган “Сабзазор” (1914), Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи нодир қўлёзма, тошбосма ва босма асарлар фондида сақланаётган “Миллий ашъори Таржимон” (1910), “Миллий шеърлар мажмуаси ёхуд адаби дин” (1912), “Янги адабиёт” (1915), Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг нодир китоблар бўлимида сақланаётган “Ўзбек ёш шоирлари” (1922) баёз, мажмуа, шеър тўпламини изоҳ ва тадқиқи билан қайтадан мукаммал нашр этишга улгуриш лозим.

    Уларнинг сақланиш ҳолати тўлиқ халқаро талаблар даражасида деб бўлмайди. Янги, сифатли қоғозларга нусхалари кўчирилмаган, электрон вариантлар ҳам тиниқ ва сифатли бўлмай, фойдаланувчилар учун ёпиқ ҳолатда. Германия, Туркия, Россия, ҳатто Нидерландия фонд ва архивларида Чўлпон, Фитратнинг бизга номаълум асарлари, тарихий ҳужжатлари бизни кутаётгани эҳтимолдан холи эмас. Бундай кенг кўламли ишларни бажариш, хориждаги материалларни аниқлаш, йиғиш, олиб келиш, аввало, уларни белгиланган тартибда талаб қилиш учун аниқ ҳуқуқий асосларга ва ҳаракат доирасига эга бўлиш зарур.

    Халқаро талабларга жавоб берадиган шароитда сақлаш, манбалардан фойдаланишда очиқликка эришиш, барча илмий натижаларни бир нуқтада жамлаш ва уларни миллий ғурур тимсоли сифатида ўрганиш учун халқаро жадидчилик илмий-тадқиқот маркази, унинг ўз ҳаракат дастури зарур. Янги уйғониш нуқтаси айнан биздан бошланиши керак. Чунки бу борада бизда 90 ёш остонасида турган устозимиз, академик Наим Каримов ҳамда кўплаб олимларимизнинг билим ва тажрибаси мужассам. Ўтюрак шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги кунларида шу орзуни амалга оширсак, бир миллий армонимиз ариган, Ренессансга янада яқинлашган бўлар эдик.